
Саудия Арабистонида фаолият олиб бораётган юлдузлар сони йил сайин кўпайиб бормоқда. Улар орасида “Ал-Иттиҳод” ҳужумчиси Карим Бензема ҳам бор. Яқинда у собиқ жамоадоши, ҳозир “Ан-Наср” сафида ўйнаётган Криштиану Роналду билан муносабати ҳақида фикр билдириб ўтди. Уларнинг йўллари Мадриднинг “Реал” клубида узоқ йиллар кесишган ва катта ютуқлар айнан биргаликда келганди.
Бенземанинг айтишича, Саудия футболи европалик юлдузларнинг тажрибасига муҳтож. Шу боис, Роналду каби катта ўйинчиларнинг лигада бўлиши маҳаллий ёшларга янги эшик очади, уларга катта футболга қандай етиб бориш мумкинлигини кўрсатади. Ҳужумчи мамлакатдаги муҳит уни ҳайратга солаётганини ҳам яширмади — одамлар ҳурмат билан муносабатда бўлишади, футболга қизиқиш эса кун сайин ортиб бормоқда.
Яқинда “Ан-Наср” ва “Ал-Иттиҳод” тўқнашувида Роналду ҳамда Бенземанинг майдондаги саломлашуви совуқ кўрингани журналистлар орасида катта муҳокама бўлди. Аммо Карим бу вазиятни содда ва тушунарли изоҳлади:
— Журналистларнинг нима қилишини биласиз. Биз ўйин олдидан минбар остидаги хонада учрашдик, гаплашдик, ҳатто қучоқлашдик. Майдонга чиққанимизда яна такрорлаш шарт эмас. Нима учун бир хил нарсани икки марта қилишимиз керак? Биз бир-биримизни ҳурмат қиламиз, ҳақиқий муносабат шу ерда. Камера олдида рол ўйнаб юришимиз керак эмас. Майдонга чиққанимизда эса ҳар биримиз ўз ишимизга эътибор қаратамиз.
Унинг таъкидлашича, Роналду билан муносабат мустаҳкам ва самимийлигича қолган. Улар биргаликда бизнинг даврнинг энг кучли ҳужум чизиғини ташкил қилган ва бугунгача бир-биридан кўп нарса ўрганишда давом этишади.
Зоҳирдаги совуқлик ортида воқелик бутунлай бошқача экани Бенземанинг камтарона, лекин чуқур маъноли изоҳи билан яна бир бор тасдиқланди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.