13:38 / 01.05.2020
2 654

Коронавирус ва фитна назариялари. Одамлар нега конспирацияга ишонади?

Коронавирус ва фитна назариялари. Одамлар нега конспирацияга ишонади?
Фото: REUTERS/Aly Song
Коронавирус бутун дунёга ёйилиши ортидан у ҳақидаги фитна назариялари, пропаганда ва мисинформация ҳам тезлик билан урчий бошлади.
Ватандошларимиз ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида бу турдаги назариялар ҳақида ёзаётганига тез-тез дуч келяпмиз. Айримлар: «Бу вирус – Эрон ва Хитойни кучсизлантириш учун АҚШ ўйлаб топган қурол» деб тахмин қилишса, бошқалар: «Йўқ, вирус бу Хитойнинг ўсиб бораётган аҳоли сонини кескин камайтириш борасидаги чораси бўлса керак», дейишмоқда.

Яна бошқа скептиклар эса: «Шубҳасиз, бу – Россиянинг ўз халқини сайловлардан чалғитиш воситаси», дейиш билан овора.
«Нега шунақа экан-а? — Карантин пайтида уйда ўтирган хонадошларимга савол ташладим. — Нега ҳар доим қандайдир мусибатли ҳодиса содир бўлса, хаёлимизга дастлаб буни қандай тушунишимиз мумкин, деган эмас, балки буни аниқ кимдир қилган деган савол келар экан-а?»

Фитна назариялари нега тез тарқалади?
Инсон табиатан атрофидаги унга таъсир ўтказадиган воқеа-ҳодисаларни билишга жуда иштиёқманд. Биз атрофимиздаги воқеалар содир бўлиш сабабини турли кузатиш, ишончли маълумот тўплаш ва уларни илмий таҳлил қилиш орқали тушунтириб келамиз. Лекин баъзан маълум воқеа-ҳодисалар табиатан ноаниқ, тушунтирилиши мураккаб ва у ҳақида илм ҳосил қилиш бироз вақт талаб қилади. Айнан шундай ноаниқ вазиятлар фитна назариялари вужудга келиши учун дастлабки заминни тайёрлайди.

Тадқиқотларнинг кўрсатишича, бундай назариялар 2 хил ҳолатда тез тарқалади: воқеа-ҳодиса жамиятда инқирозли вазият ва инсонларда маълум қўрқув ҳосил қилганида (масалан террорчилик хуружлари ёки тезкор сиёсий ўзгаришлар) ва юзага келган мураккаб вазият ҳақида аниқ маълумот етишмасдан ноаниқлик пайдо бўлганида.

Баъзида давлатлар маълумотни халқдан яшириши ноаниқ вазиятни янада чигаллаштириб, инсонлардаги шубҳа кайфиятини янада кучаяди (шунинг учун ҳам фитна назариялари одатда маълумотлар нисбатан ёпиқ давлатларда вужудга келади).

Ва ниҳоят, бундай ноаниқ ва таҳдидли вазиятда аниқ маълумот етишмаслигидан шубҳада турган одамлар онги маълум бир сиёсий-иқтисодий агендага хизмат қиладиган фикр билан манипуляция қилиниши орқали фитна назариясига айланади. Турли-туман «далиллар» билан «қадоқланган» бу назариялар энди оддий халқ истеъмоли учун ахборот ўта тезлик билан тарқаладиган медиа-маконга чиқарилади.

Инсон фикрлашининг психологик тузилмаси бу каби назариялар истеъмолининг кенгайишига ёрдам беради. Мураккаб ҳодисаларга оддий изоҳ қидирадиган инсон психологияси учун бу каби назариялар жуда қўл келади.

«Бу воқеалар ривожини кимдир бошқаряпти», деган назария қўрқувда қолган инсон миясига «ҳаммасининг ортида биз билмайдиган ва бошқара олмайдиган ноаниқлик ва тартибсизлик турибди» деган қарашга нисбатан кўпроқ таскин беради.

Баъзида эса, бу назарияларга мойиллик ҳис қилиб, уларни тарқатишимиз орқали худди ҳеч нимани билмайдиган бошқалар қаршисида ўзимизни ақлли ҳис этамиз, бу – эго ҳиссимизни озиқлантиради.

Лекин қалбимизга таскин берувчи бу назарий изоҳлари алдови натижасида, афсуски, асл ҳақиқатни кўра олмаётганлигимизни ҳис қилмаймиз.
Ўзимизники деб ўйлаган бу қарашлар аслида бизга тегишли эмаслигини, балки биз чиройли қадоқ остида бошқа нарсалар яширилган пропагандага хизмат қилаётганимизни тушуниб етмаймиз.

Фикрларимизни манипуляция қилаётган бу назариялар бизга «ҳеч нарса ўз ўзидан содир бўлмайди, бунинг ортида нимадир бор» деган хато хулосани сингдириб қўйганини англамаймиз.

Бундай назариялар тарқалиши, албатта, кимларнингдир сиёсий, иқтисодий ва бошқа мақсадларига хизмат қилиши тайин. Агар вирус тарқалишидан олдинги АҚШ ва Хитой билан боғлиқ таранг геосиёсий вазият эътиборга олинса, вирус билан боғлиқ назариялар маълум мақсадни кўзлашига унчалик шубҳа ҳам қолмайди. Хўш, булар нималар бўлиши мумкин?

Баъзида бу фикрларнинг тарқалиши айрим ҳокимият масъулларига одамларни асл муаммодан чалғитиб, танқиддан қочиш учун қўл келса, бошқа пайтларда ҳамма айбни душманга ағдариш ва жамиятда турли фирқаланиш яратиш орқали уларни руҳий кучсизлантиришга ҳизмат қилади.

Бу каби инсон фикрини манипуляция қилувчи мисоллар вирус ўчоғига айланган Хитой, АҚШ ва Эрон каби баъзи давлатларда аллақачон кузатила бошлади.

Мисол сифатида, Эрон вирус тарқалишини АҚШнинг давлатни кучсизлантиришга қаратилган қуроли деган бўлса, Хитой инсонларни асл муаммодан чалғитиш учун мамлакатда миллатчилик руҳини уйғотиб, айбни АҚШга тўнкаб қўйди.

Россиядаги троллар эса пайдо бўлган ноаниқ вазиятни информацион кураш муҳитига айлантириб юборди. Россиянинг ҳукуматпараст айрим нашрлари АҚШ бу вирусни Хитой иқтисодиётини чўктириш учун ўйлаб топган, деган фикрни илгари сурган.

Бу фикрга Венесуэла президенти Николас Мадуро қўшилади: унинг фикрича, коронавирус – Американинг Хитойга қарши қўллаган биологик қуроли.

Конспирациядан илмий қарашга
Хўш, унда воқеанинг ортида ҳақиқатан ҳам фитна назарияси турибдими ёки ҳақиқат бошқа жойдами, қаердан биламиз? Балки ростдан ҳам вирусни қайсидир давлат атайдан тарқатгандир?
Маълум бир воқеа ҳақида аниқ илм ҳосил қилиш учун ишни энг аввало миш-миш билан аниқ илмий изоҳ фарқини тушунишдан бошлашимиз керак.

Фитна назарияси билан илмий изоҳнинг асосий фарқи – бу муаммога қарашдаги нуқтайи назарнинг турличалигида. Асл илмий таҳлил муаммо ҳақида қайта текширилиши мумкин бўлган гипотезадан бошланса, фитначилар бу муаммо моҳиятини ўзгармас ҳақиқат деб қарашади.

Фитначилар ҳақиқат деб қабул қиладиган қарашни бошқа бир далил хатога чиқариши мумкинлигини ўйлаб ҳам кўришмайди. Демак, ҳақиқатни билиш учун ишни энг аввало муаммога бетараф нуқтадан, яъни «бундан ким манфаат олади» деган саволдан эмас, балки «бу воқеани қандай изоҳлаш мумкин» деган саволдан бошлаш керак.

Ундан кейинги босқич эса оддий – ҳодиса ҳақидаги изоҳларни даставвал мантиқ, кейин эса эмпирик таҳлил тарозисида тортиш керак.

Аслида, ақл таскини учун энг яхши ёндашув кўз билан кузатиш. Лекин воқеаларни кузатиш имкониятимиз чеклангани боис, одатда мантиқий тафаккурни ишлатамиз. Бу ерда фитна назарияларнинг мантиқийлигини англаш учун «бу ҳодиса содир бўлишини ким ҳоҳлади», деган савол эмас, балки «нега бу ҳодиса уни қилиши мумкин бўлган инсонлар хоҳлаганидек бўлмади» деган саволни ўзимизга беришимиз керак.

Чунки олдиндан пухта ўйланган ва бир нечта инсонлар иштирокини тақозо қиладиган ишлар ҳеч қачон режадагидек ишламайди. Бошқача айтганга, агар вирусни АҚШ ўйлаб топган, деган назария бор бўлса, «унда АҚШнинг ўзи вирус таъсиридан энг кам зарар кўриши керак эди, нима учун ундай бўлмади?» деган саволни ўзимизга беришимиз керак.

Лекин баъзида мураккаб ҳодисалар борасида мантиқий усул ишламаслиги мумкин. Бундан ҳолатда, иккинчи усулни, яъни ҳодиса ҳақида илмий далил излашни бошлашимиз керак. Бунинг учун, албатта, қабул қилинадиган манбаларнинг аниқлиги текширилиши ва иддаолар тасдиқланган бўлиши керак.

Мисол сифатида, агар бир нечта ишончли илмий таҳлиллар вируснинг биологик структураси уни инсон муҳандислиги эмас, балки табиий вужудга келганини кўрсатса, бу илмий далил сифатида қабул қилинади ва бутун фитна назариялар чиппакга чиқади (бугунги кунда деярли барча олимлар вируснинг табиий равишда тарқалгани ҳақида бир фикрда)

Агарда илмий далил топишнинг иложи бўлмаса-чи? Бундай пайтда бошланғич нуқтамиз – мавжуд назарияларга, фитналар билан бирга, хато эмас, балки исботланмаган тахмин сифатида қарашимиз керак. Масалан, вирус Хитойнинг Уҳандаги вирусология лабораториясидан инсон хатоси натижасида тарқаган бўлиши мумкин, токи бу фикрга қарши далил топилгунга қадар.

Лекин шуни ҳам унутмаслик керакки, қачон ўзимиз маълум тахминларга далил қидиришга киришсак, «тасдиқлашда оғиш»га (confirmation bias) тушиб қолмаслик керак. Яъни олдиндан шу тўғри бўлиши мумкин, деган гипотезага мослаб, далил йиғмаслик керак. Масалан, Хитой қилган бўлиши мумкин, деган тахмин тўғрилигини исботлаш учун Уҳанда катта биологик институт борлигини далил келтирмаслигимиз керак.

Нега конспирацияларга ишонмаслигимиз керак
Юқоридагилардан хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, баъзи нотўғри ва зарарли назарияларнинг таъсир доирасига тушиб қолиш нафақат индивидуал шахсларнинг ҳаётларига, балки жамиятларнинг келажаги учун ҳам салбий натижалар олиб келади.

Тадқиқотларга кўра, бундай назарияларга ишонадиган шахсларнинг манипулятив ўйинлар қурбони бўлиши осонлашади ва бу уларда экспертлар фикрига нисбатан ишончсизлик кайфиятини уйғотади.

Жамият сифатида эса, мураккаб ҳодисаларни бундай асоссиз фикрлар орқали изоҳлашга ўтиш бизни нафақат ҳақиқатга илмий ёндашиш ва ундан керакли хулосалар чиқаришдан тўсиб қўяди, балки келажагимизни тадбирсиз аҳволга келтиради.

Катта муаммоларга ечимни осон изоҳлардан излаган жамиятларнинг илмий юксалиши албатта қийин бўлади. Ва ниҳоят, бундай ассосиз фикрлар баъзи масъул кишиларнинг улар олдидаги масъулиятларидан қочиши ва айбни осонликча бошқаларга юклаб қўйишга йўл очади.

Бекзод Зокиров
Токио университети докторанти

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Коронавирус ва фитна назариялари. Одамлар нега конспирацияга ишонади?