Россия атом флоти тарихида мутлақо янги ва символик воқеа содир бўлди. Илк бор аёл кишига атом музёрар кемаси капитани лавозими ишониб топширилди. “РБК” тарқатган маълумотга кўра, бу шарафли ва масъулиятли вазифага Марина Старовойтова тайинланган. Энди у дунёдаги энг йирик музёрар кемалардан бири саналган — “Ямал” атом кeмасини бошқаради.
“Ямал” ҳақиқатан ҳам ноёб кема ҳисобланади. Иккита ядровий реактор билан жиҳозланган бу улкан лайнернинг қуввати 75 минг от кучига тенг. У 1992 йилда Санкт-Петербургдаги Балтика заводида қурилган бўлиб, “Арктика” лойиҳаси доирасида амалга оширилган. Техник хусусиятлари ҳам ҳайратланарли: 23 минг тонна сув сиғими, 147 метр узунлик ва қарийб 30 метр кенглик. Шунингдек, 48 миллиметрли махсус пўлат корпуси сабабли “Ямал” энг қаттиқ ва қaлин муз қатламларини ҳам бемалол ёриб ўта олади. Унинг асосий вазифаси — Шимолий денгиз йўлида навигацияни таъминлаш ҳамда Арктика шароитида узлуксиз иш олиб бориш.
Марина Старовойтованинг шахсий йўли эса алоҳида эътиборга лойиқ. У 2005 йилда флот таркибида иш бошлаган ва дастлаб атом контейнер ташувчи “Севморпуть” кeмасида тажриба тўплаган. Аслида у ўз меҳнат фаолиятини мутлақо бошқа соҳада — рус тили ва адабиёти ўқитувчиси сифатида йўлга қўйган эди. Бироқ кейин денгизчилик дунёсига қадам қўйди ва амалий иш билан бир қаторда ўқишни ҳам давом эттирди. 2014 йилда эса судоводител дипломини қўлга киритди.
Шу йиллар давомида у матросликдан то савдо флоти таркибида катта ёрдамчи капитан лавозимигача босқичма-босқич кўтарилди. Энди эса Марина Старовойтова тарихда атом музёрар кема капитанига айланган биринчи аёл сифатида муносиб ўрин эгаллади.
Мутаҳассислар бу воқеани нафақат шахсий ютуқ, балки бутун денгизчилик соҳаси учун муҳим қадам сифатида баҳоламоқда. Айниқса, аёлларнинг анъанавий равишда эркаклар ҳукмрон бўлган соҳаларда ҳам юқори марраларни эгаллаши ижтимоий жиҳатдан катта аҳамият касб этмоқда.
Шубҳасиз, Марина Старовойтова номи энди нафақат Россия флоти, балки жаҳон денгизчилик тарихида ҳам алоҳида ёзилади.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Мавзуга оид янгиликлар