date

Лондон қирғиз крипто-тармоқларига зарба берди: Британия санкциялари кучайтирилди

Лондон қирғиз крипто-тармоқларига зарба берди: Британия санкциялари кучайтирилди
Буюк Британия ҳукумати Россиянинг Украинадаги ҳарбий ҳаракатларига қарши босим чораларини янада кучайтирди. Лондон расмийлари Москванинг Ғарб санкцияларини айланиб ўтишда ёрдам бераётгани айтилган қирғиз криптовалюта тармоқларига нисбатан жиддий чекловлар жорий этди. Бу ҳақда dw.com хабар тарқатди.
20 август куни қабул қилинган қарорга кўра, Британия ҳукумати уч нафар шахс ва бешта компанияни қора рўйхатга киритди. Улар орасида Қирғизистондаги йирик криптовалюта платформалари — Grinex ва Meer Crypto Exchange’ни бошқарувчи Tengricoin компанияси, рублга боғланган A7A5 криптовалюта тизимини ишлаб чиққан Old Vector компанияси ҳамда Люксембургда жойлашган Altair Holding ҳам борлиги маълум қилинди.
Маълумотларга қараганда, охирги тўрт ой ичида A7A5 орқали Россия учун 9,3 миллиард доллардан ортиқ транзакциялар амалга оширилган. Британия бундай йирик операцияларни Москванинг санкцияларни четлаб ўтиш учун ишлатилган схема сифатида баҳоламоқда.
Шунингдек, санкциялар доирасида Қирғизистоннинг “Марказий Осиё капитал банки” ва унинг раҳбари Кантемир Чалбоев, шу билан бирга савдо компанияси бошлиғи Жанишбек Уулу Назарбек ҳам қора рўйхатдан жой олди.
Буюк Британия ташқи ишлар вазири ўринбосари Стивен Даути ушбу қарорга изоҳ бериб:
“Агар Кремль турли шубҳали криптовалюта тармоқлари орқали Ғарб санкцияларининг таъсирини камайтиришга уринса, бу уринишлар мутлақо самарасиз бўлади”, — дея таъкидлади.
Мутахассислар фикрича, Лондоннинг бу чоралари Москва учун янги молиявий босим бўлиб, криптовалюта орқали яширин операцияларга ҳам чек қўйиши мумкин. Айниқса, санкциялар криптовалюта бозоридаги шаффофлик масаласини янада долзарб қилиб қўйиши айтилаяпти.
Эътиборлиси шундаки, мазкур қарор АҚШ президенти Доналд Трамп, Украина раҳбари Владимир Зеленский ҳамда Европа етакчилари, жумладан Британия бош вазири Кей Стармер иштирок этган Вашингтондаги муҳим учрашувлардан сўнг қабул қилинди. Бу эса Ғарб мамлакатлари Россияга қарши ягона фронтда ҳаракат қилаётганини яна бир бор тасдиқлади.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Лондон қирғиз крипто-тармоқларига зарба берди: Британия санкциялари кучайтирилди