09:36 / 28.05.2020
2 700

Дунёдаги вазият: Лотин Америкасида вазият оғирлашмоқда, Британияда сиёсий можаро

Дунёдаги вазият: Лотин Америкасида вазият оғирлашмоқда, Британияда сиёсий можаро
Жонс Ҳопкинс Университети маълумотига кўра, дунёда коронавирусдан зарарланиш билан боғлиқ ҳолатлар сони 5,7 миллиондан ортди, 354 мингдан ортиқ киши ҳалок бўлди. Тиббиётчиларни сўнгги вақтларда Лотин Америкасида юзага келган вазият ташвишга солмоқда. Ушбу қитъада коронавирусдан касалланиш ҳолатлари сони кескин ўсди ва Панамерика соғлиқни сақлаш ташкилотининг тасдиқлашича, пандемия ўчоғи айнан шу минтақага кўчиб ўтган.

Бразилияда илк ҳолат 26 февраль куни қайд этилганди / Getty Images
Бразилияда касалланиш ҳолатлари сони 400 мингга яқинлашган, мамлакат касалланиш даражаси бўйича жаҳонда иккинчи ўринда бормоқда. Мекиска, Чили ва Перуда ҳам Covid-19’дан зарарланиш ҳолатлари юқори тезликда ўсмоқда.

Минтақада илк ҳолат 26 февраль куни Бразилияда қайд этилганди ва тез орада касаллик бутун қитъага ёйилди. Айни вақтга келиб Лотин Америкада касалланиш ҳолатлари сони 750 мингдан ошган, 40 мингдан ортиқ бемор вафот этган.

Ҳозирча касалликдан ўлим даражаси Европа ва АҚШдагидан кўра пастроқ, аммо экспертлар бу ҳудудларда аҳолини тест қилиш даражаси паст бўлгани туфайли барча ўлим ҳолатлари қайд этилмаётганини айтишмоқда.

Энг юқори ўлим даражаси аҳоли нисбатан энг зич бўлган ҳудудларда - Мексика (8 мингдан ортиқ) ва Бразилияда (24 мингдан ортиқ) қайд этилмоқда.

Шу билан биргаликда, айни вақтда АҚШ ва Европа давлатларида кунлик ўлимлар сони пасаймоқда, Лотин Америкасида эса кунлик ўлимлар сони кундан кунга ортмоқда.

Доктор Карисса Этьеннинг сўзларига кўра, Лотин Америкаси эпидемиянинг янги ўчоғига айланганига ҳеч қандай шубҳа йўқ
Бразилия, Мексика ва Перуда ҳар икки-уч ҳафтада ўлимлар сони икки баробарга кўпаймоқда.
Панамерика соғлиқни сақлаш ташкилоти раҳбари Карисса Этьен «бу минтақа пандемия марказига айланганига ҳеч қандай шубҳа қолмагани» ҳақида гапирди.

Экспертлар Лотин Америкасида эпидемия ўз чўққисидан ҳали ўтмаганини қайд этишмоқда.
Бу вақтда Еврокомиссия Европа Иттифоқининг пандемиядан катта зарар кўрган давлатлари учун 750 млрд евро ажратишга қарор қилди.

Пандемия туфайли келиб чиққан иқтисодий инқироз ЕИнинг барча 27 аъзо-давлатига таъсир қилди, аммо айрим давлатларда эпидемиягача ҳам ишлар яхши эмасди ва уларнинг ташқи қарзлари сезиларли даражада ўсиб кетди.

Асосий ёрдам пакетлари пандемия туфайли энг кўп жабр кўрган Италия ва Испанияга ажратилади.
Италия 170 млрд евро, Испания 140 млрд евро олиши кутилмоқда. Ёрдам пакетининг қарийб ярми заёмлар кўринишида тақдим этилади.

Франция 8 млрд евро миқдоридаги ўз ёрдам пакетини тақдим этди, бу маблағларнинг асосий қисми автомобилсозлик саноати учун мўлжалланган - карантин вақтида кўплаб ишлаб чиқариш корхоналари фаолияти бутунлай тўхтаб қолди.

Француз ҳукумати автомобилсозларни қўллашга қарор қилди / Getty Images
Франция ҳукумати шифокорларга гидроксихлорохиндан коронавирусни даволашда фойдаланишни тақиқлади, безгакка қарши дори воситаси бўлган ушбу препарат салбий таъсир кўрсатиш хусусиятига эга ҳисобланади.

Аввалроқ Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг экспертлар гуруҳи гидроксихлорохин ва хлорохинни Covid-19 касаллигини даволашда қўллашни вақтинча тўхтатгани ҳақида хабар берилган эди. Бунга ушбу дорилар туфайли ўлим ҳолатининг ошгани сабаб бўлган. Олинган маълумотлар асосида мазкур дори воситаларининг самарадорлиги қайта баҳоланади.

26 май куни Франция Соғлиқни сақлаш олий кенгаши шифохоналарда оғир аҳволда ётган беморларга гидроксихлорохин қўлламасликни тавсия қилган.

ЖССТ иккинчи тўлқин ҳақида огоҳлантирди
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти яна бир бор карантин чораларини барвақт бекор қилиш иккинчи тўлқинга олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантирди. Женевада ўтган брифингда ташкилотнинг соҳадаги фавқулодда вазиятлар дастури бўйича директор Майкл Райан дунё ҳозирда коронавируснинг биринчи тўлқини ўртасида тургани ҳақида гапирган.

«Кўплаб мамлакатларда касалланган кишиларнинг реал сони камаймоқда. Классик тушунчада касалликнинг иккинчи тўлқини ҳақида гапирганда биринчи тўлқин камайгани, сўнгра бир неча ойдан кейин иккинчи тўлқин бошланиши таъкидланади.

Бироқ биз касаллик кутилмаганда яна авжига чиқиши мумкинлигини унутмаслигимиз зарур. Агар коронавирус инфекциясига чалинишлар сони камайса, биз иккинчи тўлқинга тайёргарлик кўришимиз лозим. Бу бошқа пандемияларда ҳам кузатилган, 1919 йилда «испан гриппи» билан боғлиқ вазиятда ҳам шундай бўлган. Шу сабабли биз иккинчи тўлқинни эмас, балки биринчисининг иккинчи чўққисини кузатамиз
», деган у.

Унинг фикрича, коронавирус пандемиясининг иккинчи тўлқини пайдо бўлиши грипп мавсуми билан боғлиқ ва бу воқеа 2020 йил охирида кузатилиши мумкин.

Сўнгги ҳафталарда Ғарбдаги кўплаб давлатлар, Европа давлатлари карантин чораларини юмшатишни бошлади. АҚШнинг айрим штатлари ҳам локдаундан чиқмоқда. Испания эса 1 июлдан сайёҳларни қабул қилишга тайёр.

Британияда шов-шувли истеъфо

Борис Жонсон ва Доминик Каммингс / Getty Images
Британияда Борис Жонсоннинг бош маслаҳатчиси, ўзини иҳоталаш тартибини бузган Доминик Каммингс атрофидаги можаро давом этмоқда.
Каммингсни Борис Жонсоннинг энг ишонган одами ва «Брексит меъмори» деб аташади.

Сешанба куни Британиядаги газеталарнинг биринчи саҳифалари Каммингсга бағишланди, у душанба кунги матбуот анжуманида ўз ҳаракатларидан афсусда эмаслиги ва истеъфога чиқмаслигини маълум қилди, ҳолбуки у ўз ихтиёри билан истеъфога кетишини нафақат мухолифатдагилар, балки Консерватив партия вакиллари ҳам сўрашмоқда.

Журналистлар бир неча марта Каммингсни ўзининг ташаббуси билан жорий этилган тотал карантин тартибини бузгани ҳақида ёзиб чиқишди. У қатъий карантин вақтида Лондондан 400 км масофада жойлашган Дарем шаҳрига ота-онасини кўргани боргани маълум бўлди. Ҳолбуки у коронавирус аломатлари пайдо бўлгани учун ўзини ўзи изоляция қилиши керак бўлган.

Каммингснинг ўзи Дарэмга борганини 4 ёшли ўғлини ота-онасига қолдириш мақсади билан изоҳламоқда. У ва рафиқасида касаллик аломатлари пайдо бўлгач, улар шифохонага ётқизилса, бола қаровсиз қолиб кетиши мумкин бўлган.

Сешанба куни Каммингснинг ҳаракатларидан норозилик белгиси сифатида Консерваторлар партиясининг Шотландиядаги филиали бўлмиш Консерваторлар ва юнионистлар партияси аъзоси, Шотландия масалалари бўйича вазир ўринбосари Дуглас Росс истеъфога чиқди.

У твиттердаги саҳифасида эълон қилган баёнотида бу лавозимда қола олмаслиги, чунки бу карантин туфайли ўз яқинларини кўришга бора олмаётган кўплаб сайловчиларга ҳурматсизлик эканини айтиб ўтган.

«Уларга уларнинг барчаси хато қилгани, фақат ҳукумат маслаҳатчиси тўғри иш қилгани ҳақида гапиришга виждоним йўл қўймайди», деган Росс.

Британиядаги коронавирус билан боғлиқ вазият Каммингснинг бошлиғи, Британия бош вазири Борис Жонсоннинг сиёсий фаолиятига таъсир кўрсатиши мумкин. Бош вазир бир неча марта ўз маслаҳатчисининг ёнини олиб чиқди.

Борис Жонсон бугун парламент махсус қўмитасида чиқиш қилди. Парламентнинг 37 аъзоси иштирокидаги йиғилишда кўрилган масалалардан бири бош вазир маслаҳатчиси иши бўлди.

Жонсон ўз маслаҳатчиси билан боғлиқ воқеа ўзининг обрўсига путур етказгани ҳақидаги гапларни рад этди ва Каммингсни ишдан бўшатишдан бош тортди.

Бу вақтда Британия карантин тартибларини босқичма-босқич юмшатишда давом этмоқда. Бош вазир шу кунларда 1 июндан бозорлар ва автосалонлар очилиши, 15 июндан барча дўконлар фаолиятига рухсат берилиши ҳақида гапирганди.

Британия Миллий бюро статистикаси сешанба куни касаллик қурбонлари бўйича янги ҳисоб-китоб натижаларини эълон қилди. Унга кўра, мамлакатда касаллик авж олишни бошлаганидан буён 47 мингдан ортиқ киши вафот этган. Бу эса расмий статистикадагидан 10 мингга кўп.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Дунёдаги вазият: Лотин Америкасида вазият оғирлашмоқда, Британияда сиёсий можаро