date

Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё янги ҳамкорлик йўналишини белгилади

Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё янги ҳамкорлик йўналишини белгилади

20 октябрь куни Люксембург шаҳрида Европа Иттифоқи комиссарлари, Қора денгиз, Жанубий Кавказ ва Марказий Осиё давлатлари ташқи ишлар вазирлари иштирокида муҳим минтақалараро машварат бўлиб ўтди, деб хабар берди ec.europa.eu. Учрашувнинг асосий мавзуси — хавфсизлик, иқтисодий ҳамкорлик ва стратегик боғлиқликни мустаҳкамлаш бўлди.

Бу йиғилиш Брюсселнинг Қора денгиз минтақасига оид янги стратегик ёндашуви ва Европа Иттифоқи – Марказий Осиё саммитининг мантиқий давоми сифатида баҳоланмоқда. Унда Арманистон, Озарбайжон, Молдова, Туркия, Украина, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон вакиллари иштирок этди. Европа Иттифоқи номидан Ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакил Кая Каллас, кенгайиш масалалари бўйича комиссар Марта Кос ва халқаро ҳамкорлик бўйича комиссар Йозеф Сикела қатнашди.

Учрашувда томонлар минтақалар ўртасидаги барқарор алоқаларни ривожлантириш, инфратузилмани мустаҳкамлаш ва хавфсиз ҳамда фаровон ҳамкорлик муҳитини яратиш бўйича келишувга келди.

Асосий эътибор тўрт стратегик йўналишга қаратилди:
транспорт — Транс-Каспий йўлагини ривожлантириш ва логистик алоқаларни кенгайтириш;
рақамли технологиялар — юқори тезликдаги интернет ва рақамли савдо инфратузилмасини кучайтириш;
энергетика — қайта тикланувчи манбаларни жорий этиш ва энергия хавфсизлигини ошириш;
савдо — божхона жараёнларини рақамлаштириш орқали минтақавий интеграцияни чуқурлаштириш.

Кая Каллас Қора денгиз минтақасини Европа хавфсизлиги учун стратегик нуқта деб атади. Унинг сўзларига кўра, Россиянинг Украинадаги уруши минтақа бўйлаб жиддий хавф туғдираётгани, шу сабаб ЕИ савдо ва энергия алоқаларини диверсификация қилишга интилмоқда.

Марта Кос эса “Европадан Хитой чегараларигача чўзилган барча давлатлар илк бор Люксембургда йиғилди. Биз ягона йўлларга боғлиқликдан қутулиб, янги инфратузилма орқали мустақил савдо ва энергия имкониятларини яратамиз”, дея таъкидлади.

Йозеф Сикела Марказий Осиёни “ёш ва салоҳиятли минтақа” сифатида баҳолаб, унинг Европага стратегик шерик сифатида аҳамияти ошиб бораётганини қайд этди.

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов ҳам йиғилишда сўзга чиқиб, мамлакат халқаро транспорт йўлларини кенгайтириш, инновация ва технологиялар алмашинувини рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратаётганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, “минтақалараро боғлиқлик фақат инфратузилма эмас, балки ишонч ва халқлар фаровонлиги учун заминдир”.

Маълумот учун, 21 октябрь куни Люксембургда Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ҳамкорлик кенгашининг 18-йиғилиши ҳам бўлиб ўтди. Саидов бу учрашув икки томонлама муносабатларни янада мустаҳкамлаш ва умумий қадриятларга асосланган янги шериклик босқичига йўл очишини таъкидлади.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё янги ҳамкорлик йўналишини белгилади