date

Лувр музейидан ўғирланган тақинчоқларнинг қиймати маълум қилинди

Лувр музейидан ўғирланган тақинчоқларнинг қиймати маълум қилинди

Франция пойтахти Париждаги дунёдаги энг машҳур музейлардан бири — Луврда содир бўлган ўғирлик бутун мамлакатни ҳушидан кетказди. New York Times ёзишича, прокуратура ва маданият вазирлиги ушбу ҳодисани “фақат моддий эмас, балки тарихий талафот” деб баҳоламоқда.

Прокурор Лор Бекконинг таъкидлашича, ўғирланган буюмлар қиймати тахминан 88 миллион еврони ташкил этади. “Бу, албатта, улкан маблағ. Аммо тарихий йўқотишни пул билан ўлчаб бўлмайди”, — деган у журналистлар билан суҳбатда.

Маълумотларга кўра, ҳодиса 19 октябрь куни эрталаб содир бўлган. Ўғрилар механик нарвон ёрдамида Луврнинг иккинчи қаватига чиқиб, деразани очган ва Аполлон галереясига кирган. Бир неча дақиқа ичида улар 8 та ноёб асарни олиб чиқиб кетишган.

Лувр музейидан ўғирланган тақинчоқлар

Ўғирланган буюмлар орасида қироллик сафир маржони, зумрад тош билан безатилган сирғалар ҳамда Наполеон III нинг рафиқаси — императрица Евгения тақиб юрган диадема ҳам бор эди.

Айни пайтда жиноятчилар ҳали қўлга олинмаган. Тергов ишлари уюшган жиноий гуруҳ изидан олиб борилмоқда. Прокуратура тергов гуруҳини 60 нафардан 100 нафаргача кенгайтирганини ҳам маълум қилди.

Махсус экспертлар таъкидлашича, бундай ўғирликлар кўпинча асарнинг маданий ёки эстетик қиймати учун эмас, балки уларни майдалаб ёки эритиб сотиш мақсадида амалга оширилади. Прокурор Бекко ҳам шу фикрни тасдиқлаб, “агар буюмлар ёқиб юборилса ёки қисмларга ажратилса, уларнинг ҳақиқий қийматини қайта тиклаб бўлмайди”, деган.

Шу билан бирга, тергов маълумотларига кўра, ўғрилар юк машинасига ўрнатилган электр нарвонни “кўчириш мақсадида” деган баҳона билан олиб, текширувга келган шахсни таҳдид остида четга сурган. Қизиғи, бу нарвонни ижарага берган шахс кейинчалик Париждан 35 км узоқликда жойлашган полиция бўлимига ариза билан мурожаат қилган.

Франция маданият вазирлиги маълумотларига кўра, ўғирланган буюмлар суғурталанмаган бўлган. Бу давлат коллекциялари учун одатий ҳол — чунки суғурта нархи жуда юқори ҳисобланади. Вазирлик вакиллари таъкидлашича, “давлатнинг ўзи суғуртачи вазифасини бажаради, чунки бундай асарларга зарар етиши ҳолатлари жуда кам кузатилади”.

Ҳозирда Париж полицияси ушбу жиноятни мамлакатнинг сўнгги ўн йилликдаги энг йирик маданий талафоти сифатида баҳоламоқда. Лувр раҳбарияти эса ўғирланган асарларни вайрон қилмаслик ва уларни эҳтимолий тарзда қайта топиш умидини йўқотмаётганини маълум қилди.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Лувр музейидан ўғирланган тақинчоқларнинг қиймати маълум қилинди