
Элит Осиё Чемпионлар лигаси 3-турида “Шабаб Ал Аҳли” ўз майдонида Қаршининг “Насаф” жамоасини 4:1 ҳисобида мағлуб этди. Учрашувдан сўнг португалиялик бош мураббий Паулу Соуза матбуот анжуманида жамоа ўйини ҳақида фикр билдирди.
“Шогирдларимнинг бугунги ўйинидан жуда мамнунман. Биз рақиб дарвозасига 20 дан ортиқ зарба йўлладик ва тўртта гол урдик. Бу натижа жамоамиз меҳнати ва интизомининг ифодаси. Ҳар бир футболчим билан, клуб ва мухлислар билан фахрланаман. Жамоамдаги жанговар руҳ ва бирдамлик мен учун катта қийматга эга”, — деди Соуза.
Унинг таъкидлашича, бугунги ғалаба шунчаки тўртта гол уриш билан эмас, балки ўйин услуби ва тактик ёндашув орқали мақсадга етишни англатади. “Биз фақат натижа орқали эмас, балки ҳар бир эпизодда тўғри қарор топиш орқали ютуққа эришдик. Ҳар доим ўйинчиларни уларнинг имкониятлари ва рақиб кучига қараб позицияларга жойлаштиришни ёқтираман. Бу жамоа ўйинини янада жонли ва мувозанатли қилади”, — деди у.
Португалиялик мутахассиснинг фикрича, “Шабаб Ал Аҳли” тўғри йўлдан бормоқда ва жамоа ичида ҳамжиҳатлик тобора мустаҳкамланмоқда. “Ҳар бир ўйинчи бир-бирини ҳис этаётгани ва майдонда ягона мақсад йўлида курашаётгани мен учун энг катта ютуқ. Бу ғалаба фақат натижа эмас — бу жамоа характери ва руҳининг ғалабаси”, — дея сўзини якунлади Соуза.
Шу тариқа, “Шабаб Ал Аҳли” гуруҳда муҳим очколарни қўлга киритди ва мусобақадаги имкониятларини кучайтирди. “Насаф” эса кейинги турда ўз майдонида "Ал-Ваҳда"га қарши ўйинда очко олиш имконига эга бўлади.