Замонавий технологиялар даврида болаларнинг электрон қурилмаларга қизиқиши тобора ортиб бормоқда. Аммо бу ҳолат кўз саломатлиги ва умумий соғлом ривожланиш учун жиддий хавф туғдириши мумкин. Шу муносабат билан Санэпидқўмита болалар ва ўсмирлар учун гаджетдан фойдаланишнинг аниқ қоидаларини белгилади.
Мутахассислар таъкидлашича, планшет ёки монитор билан ишлаганда камида 70 сантиметр масофа сақланиши керак. Бундан ташқари, ўқиш ва ўйин жойлари табиий ёруғлик билан етарлича таъминланган бўлиши лозим. Ёруғликнинг тўғри тақсимланиши кўз чарчоғини камайтиради ва диққатни яхшилайди.
Кўз соғлигини сақлашда фақат вақт эмас, балки фаол танаффус ҳам муҳим аҳамиятга эга. Шу боис болаларга мунтазам равишда кўз гимнастикаси бажариш тавсия этилмоқда. Бу кўриш қобилиятини мустаҳкамлайди ва экранга қарашдан келадиган чарчоқни енгиллаштиради.
Санэпидқўмита тавсияларига кўра, ёшга мос фойдаланиш вақти қуйидагича белгиланган:
– 5 ёшгача бўлган болалар учун электрон қурилмалардан фойдаланиш умуман тавсия этилмайди;
– 1–4-синф ўқувчилари дарс пайтида 10–20 дақиқа мобил ёки планшетдан фойдаланиши мумкин;
– 5–11-синф ўқувчилари учун бу вақт 15–35 дақиқагача чекланган;
– Уй ва мактабдаги умумий фойдаланиш вақти синф даражасига қараб 80–170 дақиқа оралиғида бўлиши лозим.
Мазкур талаблар болаларда электрон қурилмаларга боғлиқликнинг олдини олиш, кўз чарчоғини камайтириш ва соғлом фойдаланиш маданиятини шакллантиришни кўзлайди.
Муттахассислар ота-оналарни болалар экран олдида ўтказаётган вақтни назорат қилишга ва уларни ҳаракатли фаолият, табиатда сайр ҳамда китоб ўқишга рағбатлантиришга чақирди.
Шу орқали, Санэпидқўмита таъкидлаганидек, болаларнинг кўз саломатлигини ҳимоя қилиш ва технологиядан фойдаланишда соғлом мувозанатни сақлаш мумкин бўлади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!