date

Россиянинг навбатдаги ҳужуми: Киев ва бир неча шаҳар зарбага учради

Россиянинг навбатдаги ҳужуми: Киев ва бир неча шаҳар зарбага учради

Россия 22 октябрга ўтар кечаси Украина ҳудудларига навбатдаги оммавий ракеталар ва дронлар орқали ҳужум уюштирди, деб хабар берди Украина ҳарбийлари. Ҳужумлар натижасида Киев, Одесса, Запорижжя ва бошқа бир қатор шаҳарларда қурбонлар ва шикастланганлар қайд этилди.

Киев шаҳридаги ҳужум оқибатида икки киши ҳалок бўлди. Улардан бири — Днипровск туманидаги кўп қаватли уйда содир бўлган ёнғин қурбони бўлди. Яна 19 киши турли даражада жароҳат олган, шулардан беш нафари болалар экани маълум қилинди. Тўққиз нафар жабрланувчи шифохонага ётқизилган, дея маълум қилди шаҳар мэри Виталий Кличко. Печерск, Деснянск, Дарницкий ва Соломенск туманларида ҳам бинолар зарарланган.

Киев вилоятининг Бровари туманида тўрт киши ҳалок бўлгани хабар қилинди. Ҳалок бўлганлар орасида 38 ёшли аёл, унинг 12 ёшли қизи ва олти ойлик чақалоғи бор. Шу билан бирга, 38 ёшли эркакнинг ҳам жон бергани тасдиқланди.

Запорижжя вилоятидаги ҳужумлар натижасида камида 13 киши жароҳатланган. Област раҳбари Иван Федоровнинг маълумотича, шикастланганлар орасида икки бола ҳам бор. Ҳужум натижасида 15 та кўп қаватли уй ва бир нечта хусусий биноларга зарар етган.

Одесса вилоятининг Измаил шаҳридаги дрон ҳужуми оқибатида порт ва энергетика инфратузилмалари зарарланган. Бир нечта ёнғин келиб чиққан бўлса-да, расмий маълумотларга кўра, жабрланганлар йўқ.

Ҳужумлардан кейин Украинада электр таъминотида жиддий узилишлар кузатилди. ДТЕК компанияси Киев ва Днипропетровск вилоятларида авариявий ўчиришларни жорий этган. Энергетика вазирлиги маълумот беришича, Россиянинг ракеталар ва дронлар орқали йўллаган зарбалари мамлакатнинг кўп ҳудудларида фавқулодда узилишларга сабаб бўлган. “Укрэнерго” маълумотига кўра, энг оғир ҳолат Суми ва Черниҳив вилоятларида кузатилмоқда.

Темирйўл инфратузилмаси ҳам зарар кўрган: “Укрзалізниця” айрим йўналишларда поездлар кечикиш билан ҳаракатланаётганини ва айрим маршрутлар ўзгартирилганини маълум қилди.

Президент Владимир Зеленский ушбу ҳужумларни “Россиянинг урушни чўзиш учун ҳали ҳам етарлича босим ҳис қилмаётганининг навбатдаги исботи” сифатида баҳолади. Унинг сўзларига кўра, Россия дипломатияси ҳақида сўз юритиш фойдасиз, токи Кремль ҳақиқий сиёсий ва иқтисодий изоляцияни ҳис этмагунча.

“Буни фақат кучли санкциялар, узоқни кўзлаган сиёсат ва ҳамкорларимиз билан мувофиқлаштирилган дипломатия орқали таъминлаш мумкин”, — деди Зеленский ўз мурожаатида.

Ҳозирги вазият Украина учун яна бир оғир кечани англатди — аммо мамлакат расмийлари таъкидлаганидек, аҳоли руҳи барқарор, мудофаа тизими эса Россиянинг оммавий ҳужумларига қарши ҳаракатни давом эттирмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Россиянинг навбатдаги ҳужуми: Киев ва бир неча шаҳар зарбага учради