date

Украина ва Ғарб фронт чизиғида урушни тўхтатишни муҳокама қилмоқда

Украина ва Ғарб фронт чизиғида урушни тўхтатишни муҳокама қилмоқда

Европа давлатлари ва Украина урушни жорий фронт чизиғи бўйича тўхтатиш учун янги 12 банддан иборат тинчлик режасини ишлаб чиқмоқда, деб хабар берди Bloomberg агентлиги. Маълумотларга кўра, режа Киев ва Ғарб давлатлари ўртасидаги музокараларнинг янги босқичига айланиши мумкин.

Манба таъкидлашича, ҳужжат Украина ва Россия ўртасидаги ҳарбий ҳаракатларни амалдаги позициялар асосида тўхтатишни назарда тутади. Режа ижросини назорат қилиш мақсадида АҚШ президенти Доналд Трамп раислигида махсус Тинчлик Кенгаши ташкил этиш таклифи ҳам илгари сурилган.

Ушбу тузилма тинчлик келишувининг бажарилишини таъминлаш, тарафлар ўртасидаги келишмовчиликларни бартараф этиш ва хавфсизлик кафолатларини амалга ошириш билан шуғулланиши кутилмоқда.

Bloomberg маълумотларига кўра, режага мувофиқ Украина хавфсизлик кафолатларига эга бўлади, Европа Иттифоқига тезкор қўшилиш имкониятига эга бўлади ҳамда тикланиш дастурлари доирасида катта миқдордаги молиявий ёрдам олади.

Айни вақтда ҳужжат расман эълон қилинмаган, аммо манбаларнинг таъкидлашича, Европа ва Украина делегациялари уни яқин ҳафталарда муҳокама қилишни режалаштирган.

Мутахассислар бу ташаббусни урушни дипломатик йўл билан барқарор тўхтатиш сари муҳим қадам деб баҳоламоқда, бироқ Россиянинг муносабати ҳозирча номаълумлигича қолмоқда.

Шу билан бирга, таҳлилчилар Трампнинг эҳтимолий иштироки Вашингтоннинг янги ташқи сиёсий позициясини англатиши ва Европа хавфсизлик тизимини қайта шакллантиришга таъсир кўрсатиши мумкинлигини таъкидламоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Украина ва Ғарб фронт чизиғида урушни тўхтатишни муҳокама қилмоқда