
Фото: Getty Images
Жонс Ҳопкинс университети статистикасига кўра, бутун дунёда Covid-19’дан зарарланиш ҳолатлари сони 8,2 миллионга етди. Ўлимлар сони 444 мингдан ошган.
Зарарланиш ҳолатлари сони бўйича ҳамон АҚШ етакчилик қилмоқда, бу давлатда вирус юқтириш ҳолатлари сони 2,1 миллионни ташкил этмоқда, бу дунёдаги жами ҳолатларнинг тўртдан бир қисми демакдир.
Штатлардан кейин энг кўп ҳолатлар Лотин Америкасида қайд этилмоқда, минтақада энг кўп ҳолат Бразилияда қайд этилган - жами ҳолатларнинг қарийб ярми. Ҳозирда Европа касалланишларнинг олдини олиш ва назорат қилиш бўйича маркази маълумотига кўра, Жанубий Америкада 1,6 миллиондан ортиқ киши вирус юқтириб олган.
Бу вақтда Пекин расмийлари Covid-19’нинг иккинчи тўлқини олдини олишга ҳаракат қилишмоқда. Шаҳар айни вақтда ташқи дунёдан деярли тўлиқ узилган: коронавирусга тест топширмасдан шаҳарни тарк этиш тақиқланади. Чоршанба куни Пекин аэропорти мингдан ортиқ авиарейсларни бекор қилди. BBC коронавирус пандемияси билан боғлиқ сўнгги маълумотларни келтирди.
Швеция: 5000 ўлим
Швеция ҳукумати мамлакатда Covid-19 пандемияси қурбонлари сони 5 мингдан ошганини маълум қилди. Бу қўшни давлатлардагидан сезиларли даражада кўпдир.
Швеция ҳукумати пандемия бошида қатъий карантин жорий этмасликка қарор қилганди. Бунинг учун масъул бўлган мамлакат бош эпидемиологи Андерс Тегнелл июнь ойи бошида берган интервьюсида бошқачароқ йўл тутиш ҳам мумкин бўлгани ҳақида гапирди.
«Агар яна шундай касалликка дуч келсак, ҳозирда тўпланган тажрибага эга бўлган ҳолда коронавирусга қарши Швеция танлаган йўлни эмас, қолган дунё мамлакатлари йўлини танлаган бўлардик», деганди у.
Янги Зеландия: карантин назорати учун ҳарбийлар масъул

Бир ҳафта олдин бош вазир Жасинда Ардерн коронавирус устидан ғалаба ҳақида эълон қилганди
Бироз вақт муқаддам коронавирус устидан ғалаба ҳақида эълон қилган Янги Зеландия ҳукумати карантинга риоя этилишини назорат қилишни ҳарбийларга топширди. Бу ҳақда мамлакат бош вазири Жасинда Ардерн маълум қилган. У буни шу кунларда мамлакатда яна коронавирус пайдо бўлгани билан изоҳлади. Маълум бўлишича, вирус мамлакатга икки нафар британиялик томонидан олиб кирилган.
Улар Британиядан Австралия орқали келишган ва маълум вақтни карантинда ўтказишган, аммо улар муддат тугашини кутмасдан, қариндошларининг дафн маросимига боришган.
Карантиндан чиққанидан кейин аёлларни тест қилишмаган. Ардерн бу ҳолатни «тизимнинг тоқат қилиб бўлмас хатоси» деб атади.
Мамлакатда карантин назоратига Мудофаа вазири ўринбосари Дигби Уэбб раҳбарлик қилади. Ардерн хонимнинг қўшимча қилишича, у зарур бўлганда вазирликнинг барча ресурсларидан фойдаланиши мумкин бўлади.
АҚШнинг учта штатида кунлик касалланишлар сони бўйича рекорд қайд этилди
Аризона, Флорида ва Техас штатлари губернаторлари сўнгги бир кунда қайд этилган ҳолатлар рекорд бўлганини маълум қилишди - бу штатларнинг ҳар бирида 2500дан ошиқ ҳолатлар аниқланган.
Флорида губернатори Рон Де Сантис матбуот анжуманида касалланиш ҳолатлари сони ўсишини штатда яқинда карантин режими юмшатилгани билан боғламаслигини айтди.
«Биз қайта ёпилиб олмаймиз. Жамият ҳаётини давом эттириши керак», деган у.
Чоршанба куни Американинг 7та авиакомпанияси тиббий ниқобсиз йўловчиларни ташимаслигини эълон қилди.
Бу компаниялар Airlines for America гуруҳи таркибида бўлиб, мамлакат ичкарисида ташувларни амалга оширади.
Бу авиалинияларнинг ҳар бири тиббий ниқоб тақмасдан бортга чиққан йўловчиларни қандай жазолашни алоҳида ҳал қилади.
Бразилия: кунига қарийб 35 минг зарарланиш ҳолати

Ҳафта охиригача Бразилияда касалланиш ҳолатлари сони миллионга етади
Бразилияда Covid-19’дан кунлик зарарланиш ҳолати бўйича навбатдаги рекорд қайд этилди - сўнгги бир кунда шифохоналарга яна 35 минг янги беморлар келтирилган.
Лотин Америкаси пандемия марказига айланмоқда. Бразилияда ҳозирда зарарланиш ҳолатлари сони 923 мингдан ошиқ (фақат АҚШда кўпроқ - 2,1 миллиондан ортиқ), ҳафта охирига бориб мамлакатда касалланганлар сони миллионга етади. Аҳоли ёппасига тест қилинмагани, умуман, жуда кам одам тест қилингани ҳисобга олинса, ҳақиқий рақамлар янада кўпроқ бўлиши мумкин.
Ўлим ҳолатлари сони ҳам ўсмоқда, нафақат Бразилияда, минтақанинг бошқа давлатларида ҳам. Қурбонлар сони Бразилия, Мексика ва Перуда ҳар икки-уч ҳафтада икки баробарга ошмоқда.
Экспертлар минтақа ҳали касаллик авж олишининг энг юқори нуқтасидан ўтмаганини айтишмоқда. ЖССТнинг Америка бўлими раҳбари Кларисса Этьеннинг айтишича, Лотин Америкасининг айрим ҳудудларида касалланиш ҳолатлари сони экспонента бўйича ўсмоқда.
Манба: Kun.uz «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар