23:30 / 25.06.2020
2 902

Украинада йирик сув тошқини рўй берди. Олимлар бунинг сабабини иқлим ўзгаришида кўришмоқда

Украинада йирик сув тошқини рўй берди. Олимлар бунинг сабабини иқлим ўзгаришида кўришмоқда
Фото: AFP
Карпатдаги сув тошқини Украина тарихига 1998 ва 2008 йиллардаги ҳалокатли сув тошқинлари қаторида кириши мумкин.
Ивано-Франковск областида уч киши ҳодиса қурбони бўлган. Бу ҳудудда сув тошқини 200дан ортиқ аҳоли пунктига таъсир қилган, шундан 29таси ташқи дунёдан узилиб қолган.

Табиий офат оқибатларига қарши кураш учун ҳукумат бир ярим мингдан ортиқ полициячилар, қутқарувчилар ва миллий гвардиячиларни жалб этган.

Тоғли ҳудуддаги Криворовня қишлоғида Чорний Черемош дарёсидан ўтган кўприк вайрон бўлган.
Ивано-Франковск ҳудудида 5 мингга яқин уй ва қурилишлар сув остида қолиб, 800 киши эвакуация қилинган, шу жумладан, Галич шаҳридаги шифохона беморлари ҳам. Бу шифохонада Covid-19 беморлари даволанади.

Украина фавқулодда вазиятлар бўйича давлат хизмати маълумотига кўра, сув тошқинидан 110 км узунликдаги автомобил йўллари, 1850 метр узунликдаги қирғоқ муҳофаза иншооти ва 90 кўприк зарарланган. Галичда Днестр устидан ўтувчи кўприкда ҳаракат тўхтатиб қўйилган.

Бош вазир Денис Шмигал инқирозли вазият ҳақида гапирди. «Амалда, сув тошқини кўлами 2008 йилдагидан йирикроқ», деган у.

Жабрланган ҳудудларга гуманитар юклар олиб борилмоқда, хусусан, нон, озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори-дармонлар етказилиши ташкиллаштирилган.

AFP
Экспертлар ва экологлар ҳалокатли сув тошқинига ўрмон хўжалиги фаолияти ва дарахтлар кесилиши сабаб бўлгани эҳтимоли ҳақида савол беришмоқда.
Карпат Миллий фанлар академияси Карпат экология институтининг етакчи илмий ходими Оксана Марискевичнинг сўзларига кўра, ўрмон - сув тошқини сабабларидан бири, аммо асосийси эмас.

«Сув тошқинининг олдини олиб бўлмасди, аммо унинг оқибатлари камроқ бўлишига эришиш мумкин эди. Масалан, агар аввалги йирик сув тошқинлари, 2008 йилдаги сув тошқинидан кейин қабул қилинган, дарё ҳавзаларида сув тошқинига қарши ҳимоя ўрнатиш бўйича давлат дастурлари ижро қилинганида», деган у BBC’нинг Украина хизматига берган интервьюсида.

«Қоидага кўра, ҳалокатли сув тошқинларининг бир неча сабаби бўлади, бунга фақатгина ўрмон хўжалигидаги аҳволни сабаб қилиш керак эмас», дейди «Дунай-Карпат дастури» ташкилоти экологи Анатолий Павелко.

Унинг сўзларига кўра, биринчи омил - иқлим ўзгаришидир.
«Сўнгги уч йилда жуда қурғоқчилик бўлди. Бу йил эса қиш узоқ давом этди ва баҳор эрта бошланди. Кейин эса Карпатда бир неча кун ичида бир ойлик ёмғир нормаси ёғиб улгурди», дейди у.

Миллий ўрмончилик университетининг ўрмон маданияти ва ўрмон селекцияси кафедраси профессори Юрий Дебринюк ҳам унга қўшилади.
«Асосий сабаб - қисқа вақт ичида ҳаддан ташқари кўп ёғингарчилик бўлганидир. Сўнгги вақтларда ёғингарчилик тақсимоти бузилди - бир ойда бир йиллик ёғин ёғиб қўйиши мумкин, кейинги ойларда эса қурғоқчилик. Сўнгги йилларда сув тошқинлари бўлмаётганди, чунки кўп ёмғир ёғмаганди. Аммо бу ой икки ҳафта ёмғир ёғди ва сув тошқини юзага келди», дейди у.

Манба: Kun.uz

Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Украинада йирик сув тошқини рўй берди. Олимлар бунинг сабабини иқлим ўзгаришида кўришмоқда