
56 мамлакат вакиллари йиғилган йирик конгрессда халқаро бокс олами учун жуда муҳим қарорлар қабул қилинди. Ҳар йилги анжуман спорт сиёсати, олимпия тизимидаги ўзгаришлар ва ташкилотнинг келгуси йўналишларини белгилаб берувчи асосий майдон сифатида танилади. Бу сафар ҳам воқеалар шиддат билан ривожланди: қатнашчи мамлакатлар ташкилотни янада кучайтириш, унинг нуфузини ошириш ва келажак режаларни мустаҳкамлаш мақсадида бир қатор масалаларни муҳокама қилди.
Кун тартибининг энг муҳим қисми — World Boxing раҳбарлиги учун сайлов бўлди. Натижада бокс оламининг эътироф этилган қаҳрамони, ўз вақтида рингдаги маҳорат билан миллионлаб мухлисларни забт этган Геннадий Головкиннинг номзоди бир овоздан қўллаб-қувватланди. Йиғинда қатнашган барча мамлакат вакиллари унинг номзодига қарши эмас, балки якдил тарафдорлик билдирди. Бу эса Головкиннинг нафақат спортчи, балки раҳбар сифатида ҳам юқори ишончга эга эканини кўрсатди.
Маълумки, World Boxing — 2023 йил апрелидан бери фаолият юритиб келаётган, ўзини мустақил ва шаффоф ташкилот сифатида намоён қилаётган халқаро бокс структураси. Унинг асосий мақсади олимпия боксини сақлаб қолиш, ривожлантириш ва уни сиёсий таъсирлардан ҳоли ҳолда бошқаришдир. Головкин эса ушбу ташкилотда аввал Олимпия қўмитаси раиси сифатида ишлаб, унинг ички тизими, вазифалари ва муаммолари билан бевосита таниш бўлган.
Эндиликда у янада юқори лавозим — World Boxing раҳбарлигига киришмоқда. Муттахассислар фикрича, Головкиннинг бу босқичдаги иштироки ташкилот нуфузини кучайтириши, янги ҳамкорликлар пайдо бўлиши ва олимпия боксини янада барқарор ривожлантиришга катта туртки бериши мумкин.
Конгрессда иштирокчилар унинг профессионал тажрибаси, нуфузи ва халқаро майдондаги обрўси бокс спортига янги имкониятлар очишини таъкидлади. Кўпчиликнинг фикрига кўра, Головкиннинг раҳбар сифатида сайланиши бугунги бокс олами учун энг тўғри қадамлардан бири бўлди.
Янги раҳбарнинг олдида катта мақсадлар, жиддий ўзгаришлар ва кучли жамоалар билан ҳамкорлик қилиш вазифаси турибди. Бокс олами янги бу даврдан катта умид қилмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.