date

Туркияда ўзга аёл фотосуратига лайк босиш никоҳга таҳдид сифатида баҳоланди

Туркияда ўзга аёл фотосуратига лайк босиш никоҳга таҳдид сифатида баҳоланди

Туркияда ажрашиш амалиётида янги бир “рақамли давр” бошланди, десак муболаға бўлмайди. Фуқаролик ишлари бўйича суднинг апелляция палатаси бир неча кун аввал чиқарган қарор мамлакатда катта муҳокамага сабаб бўлди. Энди ижтимоий тармоқларда бошқа аёллар фотосуратлари остига «лайк» босиш ҳам никоҳ барқарорлигига путур етказувчи омил сифатида баҳоланиши мумкинлиги расман тасдиқланди. Habertürk ёзганидек, бу ҳукм келгусидаги ўхшаш ишларда прецедент вазифасини бажаради.

Ҳодиса Қайсари шаҳридаги оилавий низодан бошланган. Аёл судга мурожаат қилиб, эрининг ўзга аёллар суратларига лайк босишини ҳурматсизлик, ишончни йўқотиш ва оилавий барқарорликка таҳдид сифатида эътироф этди. Шу билан бирга, у молиявий қўллов йўқлигидан ҳам шикоят қилди. Аёл 5 минг турк лираси миқдорида алимент ва ярим миллион лирадан ортиқ моддий зарар ундиришни талаб қилди.

Эри эса айбловларни инкор этиб, аксинча, хотинини отасига нисбатан ҳақорат қилишда айблади ва унинг ўта рашкчи эканини таъкидлади. У ҳам 500 минг лира миқдорида маънавий компенсация талаб қилди.

Биринчи инстанциянинг позицияси аниқ бўлди: никоҳнинг бузилишида эркак «оғир айбдор» деб топилди. Суд хотинга 40 минг лира моддий, 40 минг лира маънавий компенсация ва 750 лира алимент тўлаш мажбуриятини юклади.

Эр бу қарордан норози бўлиб, апелляцияга мурожаат қилди. Бироқ юқори инстанция ҳам аёлнинг ҳақлигини расман тасдиқлади. Фақатгина компенсация миқдори 30 минг лирага қисқартирилди, аммо алимент суммаси 1000 лирагача оширилди.

Суднинг асосий таъкидлови эса эътиборни ўзига тортди:

«Лайк босиш ўз-ўзидан хиёнат эмас, бироқ никоҳдаги ишончни издан чиқарувчи психологик таъсирга эга бўлиши мумкин».

Яъни эндиликда Туркияда судлар рақамли майдондаги хатти-ҳаракатларни — лайк, изоҳ, репост ва ҳар қандай онлайн яқин муносабатни — оилавий садоқат даражасини баҳолашда ҳисобга олади. Бу нафақат жиловсиз рашк ёки ишончсизликка асос бўлиши, балки молиявий оқибатлар — компенсация, алимент ва бошқа тўловлар билан ҳам боғлиқ бўлиши мумкин.

Юристлар фикрича, бу қарор келгусида Туркиядаги оилавий низоларнинг катта қисмга яқин қисмида онлайн хатти-ҳаракатлар асосий далил сифатида келтирилиши эҳтимолини оширади. Рақамли излар — энди фақат ижтимоий тармоқлар эмас, балки ҳуқуқий майдон учун ҳам жиддий аҳамият касб этмоқда.

Энг қизиғи, бу қарор Туркиядаги рақамли муносабат маданияти ҳақида янги баҳсларни бошлаб бериши мумкин — чегара қаерда тугайди? Ва рақамли лайк реал ҳаётдаги ишончга қандай таъсир қилади?

Бу саволлар ҳозирча очиқ…

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Дунё » Туркияда ўзга аёл фотосуратига лайк босиш никоҳга таҳдид сифатида баҳоланди