date

Николя Саркози қамоқхонадаги оғир ва шовқинли кунлари ҳақида китоб ёзди

Николя Саркози қамоқхонадаги оғир ва шовқинли кунлари ҳақида китоб ёзди

Франциянинг собиқ раҳбари, айни дамда 70 ёшни қарши олган Николя Саркози панжара ортида ўтказган 20 кунлик ҳаётига бағишланган янги асари нашр этилишини эълон қилди.

«Фаяр» нашриёти тарқатган хабарга кўра, китобда сиёсатчининг ҳибсдаги руҳий кечинмалари очиқ-ойдин баён этилган. Саркози машҳур «Ла-Санта» қамоқхонасидаги муҳитни тасвирлар экан, у ердаги доимий шовқинни алоҳида таъкидлайди.

«Қамоқхонада шуғулланадиган иш ёки чалғийдиган нарсанинг ўзи йўқ. Турли овозлар ва ғала-ғовур тинмайдиган «Ла-Санта»да мен сукунат ва тинчлик нима эканлигини бутунлай унутдим», — дейилади китобдан келтирилган парчада.

Муаллифнинг ёзишича, камерадаги шовқин ҳеч қачон тўхтамайди. У қамоқдаги ҳаётни кимсасиз «саҳро»га қиёслаб, бу ерда яшаб қолиш учун ҳақиқий руҳий кураш кечишини қайд этган.

«Маҳкумнинг кундалиги»

Янги асар «Николя Саркози: Маҳкумнинг кундалиги» деб номланган бўлиб, у жорий йилнинг 10 декабридан бошлаб китоб дўконлари пештахталарига чиқади. Эътиборли жиҳати, китоб 216 саҳифадан иборат. Бу дегани, Саркози қамоқда ўтган бор-йўғи 20 кунлик ҳаётининг ҳар бир кунини тасвирлаш учун ўртача 11 саҳифадан жой ажратган.

Маълумот ўрнида

2025 йилнинг 10 ноябрь куни Париж апелляция суди Саркозининг адвокатлари томонидан келтирилган далилларни инобатга олиб, уни озод қилиш ҳақидаги илтимосномани қондирди. Жорий йилнинг 21 октябридан бери ҳибсда сақланган собиқ президент эндиликда озодликда, аммо суд назорати остида бўлади. Франция бош прокуратураси суднинг ушбу қарорига қаршилик билдирмаган.

Мавзуга доир

Дунё сиёсатчилари орасида қамалишлар тўлқини давом этмоқда. Эслатиб ўтамиз, Бразилиянинг собиқ президенти — 70 ёшли Жаир Болсонару ҳам бугун мамлакат федерал полицияси томонидан ҳибсга олинди. Олий суд ҳукмига кўра, у 27 йил ва 3 ой муддатга озодликдан маҳрум этилган.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Дунё » Николя Саркози қамоқхонадаги оғир ва шовқинли кунлари ҳақида китоб ёзди