12:27 / 10.10.2020
2 365

Александр Лукашенко Беларусь ва Қирғизистондаги воқеалар таққосланаётганига муносабат билдирди

Александр Лукашенко Беларусь ва Қирғизистондаги воқеалар таққосланаётганига муносабат билдирди
Фото: «БелТА»
Беларусь президенти Александр Лукашенко Беларусь ва Қирғизистонда юз бераётган воқеаларни таққосламасликка чақирди. Бу ҳақда Tengrinews хабар берди.

Лукашенко Тоғли Қорабоғдаги ҳарбий тўқнашувлар ва Қирғизистондаги навбатдаги ички сиёсий инқироз ҳақида гапирган. Унинг сўзларига кўра, бу ҳодисаларнинг барчасида Беларусдаги сценарий каби ташқи бошқарув белгилари кўриниб турибди.

«Сўнгги пайтларда Беларусдаги воқеалар ва Қирғизистондаги ‘муваффақиятли’ давлат тўнтариши таққосланмоқда. Айтишим керакки, бу умуман нопрофессионал таққослов, биз бу ерда параллел чизиқларни чизишимиз керак эмас», —дея таъкидлаган Лукашенко.

«Бизни бу каби воқеалардан нима тўхтатиб қолди? Рақибларимиз томонидан қаттиқ танқид қилинадиган ҳукумат вертикали. У ерда бундай вертикал йўқ. Бу Беларусдаги баъзи сиёсатчилар интилаётган нарса. Улар мамлакатни партия белгилари бўйича бўлишни хоҳлайди. Мана, марҳамат, у ерда президент деярли ҳеч қандай ваколатга эга эмас. Шунинг учун уни бу вазият учун қоралаш керак эмас. Улардаги вазият, тахминан, Беларусда 1990 йиллар ўртасида бўлган вазиятга ўхшайди. Бу кечаги сиёсий рақибларимиз чақираётган нарса: 1994 йилги конституцияни қайтариш. У ерда эса учинчи инқилоб», — дея маълум қилди Беларусь раҳбари.

Унинг сўзларига кўра, Қирғизистонда ҳукуматнинг кучсиз вертикалига бошқа муаммолар қўшилган: қабилалар кураши, олигархлик, ўлчови йўқ коррупция. «Бунинг ҳаммаси ҳукумат йўқлигининг натижаси. Ҳукумат бўлмаса, эртага қабилалар, олигархлар пайдо бўлади ва мамлакатни бўлиб олади. Энг хавфлиси шундаки, бундай оқибатларни ҳеч бир давлат истисно қила олмайди, шу жумладан биз ҳам. Ҳокимиятни эгаллаб олиш — нафақат давлат, балки хусусий мулкнинг дарҳол бўлиб олиниши. Ҳеч бир давлат бунга йўл қўймаслиги керак», — дея қўшимча қилди Лукашенко.

Унинг айтишича, Беларусда Қирғизистондаги каби воқеаларнинг юз бермаслигига яна бир сабаб классик инқилобий кайфият учун омилларнинг мавжуд эмаслиги ҳисобланади.

Эслатиб ўтамиз, Беларусда 9 август куни президентлик сайлови бўлиб ўтди. Марказий сайлов комиссияси маълумотларига кўра, мухолифат вакили Светлана Тихановская 10,1 фоиз овоз тўплаган. Александр Лукашенко эса 80 фоиз овоз олган. Сайловларни сохталаштириш ҳақидаги маълумотлар фонида Беларусда оммавий норозилик намойишлари бошланди ва ҳалигача давом этмоқда. Тихановскаянинг ўзи эса мағлубиятини тан олмади ва ўзини «Беларусь халқи томонидан сайланган ягона етакчи» деб атади.

Ҳозирги пайтда Тихановская Европада бўлиб турибди. У сайловдан бир неча кун ўтгач, Беларусдан чиқиб кетишга мажбур бўлган. Бунга мамлакат расмийларининг ундан сайлов натижаларини тан олишни талаб қилиб ўтказган босими ва таҳдидлари сабаб бўлгани маълум қилинган.

Қирғизистонда 4 октябрь куни парламент сайлови бўлиб ўтди. Марказий сайлов комиссиясининг дастлабки маълумотларга кўра, парламентда депутатлик ўрнига эга бўлиш учун зарур бўлган етти фоизлик довондан тўртта партия ўта олди. Бунда парламентдаги ўринларнинг ярмини умумий ҳисобда «Биримдик» ва «Мекеним Қирғизистон» партиялари эгаллади. Қайд этилишича, «Биримдик» партияси президент Сўронбой Жээнбеков оиласи билан яқин алоқаларга эга, иккинчи партия эса Қирғизистондаги энг нуфузли кишилардан ҳисобланадиган ака-ука Матраимовлар билан боғлиқ.

Сайлов натижаларидан норози бўлган минглаб кишилар 5 октябрь куни намойишга чиқди. Намойишлар тартибсизликка айланиб кетди, тартибсизликларда бир неча юз киши жароҳат олди, бир киши вафот этди. Намойишчилар мамлакат парламенти ва президент администрацияси жойлашган бинони эгаллаб олди, шунингдек, мамлакатнинг собиқ президенти Алмазбек Атамбаев ва собиқ бош вазир Сапар Исаковни қамоқдан озод қилди.

Қирғизистон Марказий сайлов комиссияси 6 октябрь куни парламент сайлови натижаларини ҳақиқий эмас деб топди.

Норозилик намойишлари фонида Бишкек шаҳрига намойишчилар томонидан янги мэр тайинланди. Аммо шаҳарнинг расмий раҳбари Азиз Суракматов истеъфо ҳақида ариза ёзмади. Президенти Сўронбай Жээнбеков содир бўлган воқеаларни ҳукуматни ноқонуний эгаллашга уриниш деб атади. Шунингдек, давлатнинг яхлитлиги, халқнинг бирлиги ва жамиятнинг хотиржамлигини бирламчи деб атаб, муайян шароитларда лавозимдан кетишга тайёрлигини билдирди.

9 октябрь куни Қирғизистон президенти ҳукумат ва бош вазирни истеъфога чиқарди. Бишекда 9 октябрь соат 20:00 дан бошлаб фавқулодда ҳолат режими эълон қилинди, шаҳарга ҳарбий бўлинмалар ва ҳарбий техника киритилди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Александр Лукашенко Беларусь ва Қирғизистондаги воқеалар таққосланаётганига муносабат билдирди