«Ташаббусли бюджет» жараёнининг жорий йилги иккинчи мавсуми якунларига кўра, дастлаб ғолиб бўлмаган 35 та лойиҳа учун қўшимча имконият яратилди. Мазкур ташаббус маҳаллий кенгашлар томонидан кўрилган чоралар ва ажратилган маблағлар орқали амалга оширилди.
Хусусан, халқ депутатлари туман ва шаҳар кенгашлари қарорларига асосан маҳаллий бюджетнинг қўшимча маблағлари ҳисобидан 47 миллиард 657 миллион сўм ажратилди. Бу маблағ эса ғолиб бўлмаган лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш имконини берди. Натижада яна 35 та лойиҳа қўшимча равишда ғолиб деб топилди ва уларни амалга ошириш учун молия ажратилди.
Қайд этилишича, амалдаги тартибга мувофиқ, халқ депутатлари кенгашларига маҳаллий бюджетдаги қўшимча маблағларнинг бир қисмини айнан шундай йўналишга сарфлаш, яъни ғолиб бўлмаган, аммо аҳоли учун аҳамиятли бўлган лойиҳаларни молиялаштириш ваколати берилган.
Бу эса «Ташаббусли бюджет» жараёнининг самарадорлигини ошириш билан бирга, аҳоли таклифларига кўпроқ эътибор қаратиш имкониятини яратади. Шунингдек, мазкур тартиб орқали кўпчиликнинг овозини олган, аммо дастлаб маблағ етарли бўлмаган лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилади.
Эслатиб ўтамиз, «Ташаббусли бюджет» жараёнининг 2025 йилги иккинчи мавсумида жами 11 миллиондан зиёд овоз тўпланган. Унинг натижаларига кўра, умумий қиймати 3,2 триллион сўмдан ортиқ бўлган 2 332 та лойиҳа ғолиб деб топилган эди.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!