Иркутскдан Тошкент йўналишига парвоз қилаётган “Ural Airlines” компанияси самолёти кутилмаган ҳолатга дуч келди. Шарқий Сибир транспорт прокуратураси матбуот хизмати хабар беришича, ҳаво кемаси учиш пайтида қушлар тўдаси билан тўқнашиб, фавқулодда вазият юзага келган.
Департамент маълумотларига кўра, мазкур ҳодиса Иркутск аэропортида маҳаллий вақт билан соат 07:40 да самолёт учиш-қўниш йўлагига чиқиш пайтида рўй берган. Самолётнинг двигателларидан бирига қушлардан бири кириб қолиши оқибатида экипаж хавфсизликни таъминлаш мақсадида аэропортга қайтишга мажбур бўлган.
Самолёт бортида олти нафар экипаж аъзоси ва 91 нафар йўловчи бўлган. Маълумотларгаа кўра, ҳодиса натижасида ҳеч ким жароҳат олмаган ва барча хавфсизлик қоидалари тўлиқ сақланган.
Мазкур ҳодиса авиация соҳасида қушлар билан тўқнашиш муаммосининг қайта учрашига мисол бўлиб хизмат қилмоқда. Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Мадриддан Парижга парвоз қилган Ибериа самолёти ҳам калхатлар билан тўқнашиб, фавқулодда ҳолатда аэропортга шошилинч қайтгани хабар қилинганди.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!