Албанияда давлат харидлари тизимида инқилобий янгилик рўй берди. Мамлакат ҳукумати давлат харидлари жараёнларини автоматлаштириш ва самарадорликни ошириш мақсадида сунъий интеллект асосидаги махсус модел – “Diella”ни жорий қилди. Бу янги тизим мамлакат Бош вазирлигида биринчи марта жисмонан мавжуд бўлмаган, бироқ қарор қабул қилиш жараёнида фаол иштирок этувчи “рақамли аъзосини” эътироф этди.
Бош вазир Эди Рама ўз баёнотида таъкидладики, янги сунъий интеллект тизимининг жорий этилиши давлат харидлари жараёнида “100 фоиз коррупциясиз” муҳитни таъминлашга хизмат қилади. Эндиликда давлат тендерлари ва контрактлар бўйича қарорлар автоматик равишда Diella модели томонидан кўриб чиқилади ва тасдиқланади, бу эса шаффофликни мустаҳкамлайди.
“Diella” модели илгари “e-Albaniya” рақамли платформаси доирасида фаолият кўрсатиб, аҳолига турли давлат хизматларидан тез ва қулай фойдаланиш имконини яратган эди. Энди эса у давлат бошқаруви жараёнига тўлиқ киритилди, бу Албанияда рақамли технологиялардан фойдаланиш тарихида янги босқич ҳисобланади.
Муттахассислар фикрича, сунъий интеллект билан қўллаб-қувватланган давлат бошқаруви коррупция хавфини сезиларли даражада пасайтириши, тендерлар ва харид жараёнларида инсон омиллари таъсирини камайтириши мумкин. Шунингдек, Diella тизими давлат қарорлари самарадорлиги ва тезкорлигини ошириши, ҳамда давлат ресурсларини тежашда катта ҳисса қўшиши мумкин.
Ҳукуматнинг бу ташаббуси нафақат Албанияда, балки Европа ҳамжамиятида ҳам катта қизиқиш уйғотди. Тадқиқотчилар ва иқтисодчилар фикрича, рақамли бош вазир моделлари келажакда бошқа давлатларда ҳам давлат харидлари ва бошқарув жараёнларини такомиллаштириш учун қўлланилиши мумкин.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!