08:40 / 23.10.2020
1 896

Обама: Ўсмирлигимда музқаймоқ дўконида ишлаб, Трампдан кўпроқ солиқ тўлаганман

Обама: Ўсмирлигимда музқаймоқ дўконида ишлаб, Трампдан кўпроқ солиқ тўлаганман
АҚШ собиқ президенти Барак Обама ўсмирлик чоғида музқаймоқ дўконида ишлаётган пайтида, эҳтимол, Трампдан кўра кўпроқ солиқ тўлаганлигини маълум қилди, деб ёзади «РБК».

Бу ҳақда у сайловолди кампанияси чоғида биринчи марта Демократик партиядан номзод Жо Байденни шахсан қўллаб-қувватлаб, Филаделфиядаги митингда сўзлаган нутқида айтиб ўтди.

«Мен Пенсильванияга келишни яхши кўраман. Сизлар мени икки марта қўллаб-қувватладингиз, бугун эса мен сиздан Оқ уй Жон Байден ва Камала Ҳаррисга ўтишида ёрдам беришингизни сўраш учун қайтиб келдим», — деди Обама.

Обаманинг сўзларига кўра, Трамп президент лавозимига «эътиборни тортишда ёрдам бериши мумкин бўлган реалити-шоу»дек қараган. Собиқ президентнинг қўшимча қилишича, Трампнинг айби билан «АҚШнинг дунёдаги обрўси поймол қилинган» ва АҚШда коронавирус инфекциясига қарши самарали чоралар кўрилмаган.

Шунингдек, Обама ўсмирлик чоғида музқаймоқ дўконида ишлаб, Трампдан кўпроқ солиқ тўлаган бўлиши мумкинлигини айтди. Бу билан у The New York Times’нинг Трамп 2016 ва 2017 йилларда бор-йўғи 1,5 минг доллар даромад солиғи тўлагани ҳақидаги мақоласига ишора қилиб ўтди.

NYT маълумотларига кўра, АҚШ президенти Дональд Трамп 10 йилдан бери федерал даромад солиғини тўламай келмоқда. Трамп 2016 йилда фақатгина 750 доллар даромад солиғини тўлаган. 2017 йилда ҳам у тўлаган солиқ миқдори айни шунчани ташкил этган. Нашрнинг таъкидлашича, 2018 йилда президент «Ўқувчи» реалити-шоусидаги улушидан ва ўз исмидан фойдаланиш ҳуқуқи учун қарийб 427 миллион доллар ишлаб олган. Шу билан бирга, иккита офис биносига муваффақиятли сармоя киритгани сабаб 176,5 миллион доллар даромад қилган. Фақатгина ушбу даромадлар учун Трамп 100 миллион доллардан кўпроқ солиқ тўлаши керак эди, деб қайд этади The New York Times.

Трамп NYT нашридаги маълумотларни ёлғон деб атади. «Буларнинг барчаси сохта хабарлар. Аслида, мен солиқ тўлайман», – деди президент. Трампнинг таъкидлашича, ҳозирда унинг солиқ декларациялари қайта кўриб чиқилмоқда.

Кейинроқ АҚШ президенти Дональд Трамп сайловолди дебатлар пайтида сўнгги йилларда у миллионлаб доллар даромад солиғини тўлаганини ва бундан қочмаганини айтди.

Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Обама: Ўсмирлигимда музқаймоқ дўконида ишлаб, Трампдан кўпроқ солиқ тўлаганман