Исроилда давлат бошқаруви ва қонун устуворлиги борасида катта сиёсий воқеа рўй берди, деб хабар берди axios.com. 4 август куни ҳукумат аъзолари бир овоздан бош прокурор Гали Баҳарав-Миаранинг истеъфосини қўллаб-қувватлашга қарор қилди. Бу — Исроил тарихида илк бор ҳукумат бош прокурорни ишдан бўшатиш таклифини маъқуллаган ҳолат сифатида қайд этилди.
Маълумки, Гали Баҳарав-Миара бугунги кунда амалдаги бош вазир Бинямин Нетаняҳунинг коррупцияга оид жиноий иши бўйича суд жараёнида иштирок этмоқда. Шунингдек, Баҳарав-Миара Нетаняҳунинг яқин маслаҳатчиларига нисбатан Қатар билан эҳтимолий алоқалар бўйича тергов олиб бормоқда. Манбага кўра, Олий суд ҳукуматни бош прокурорни истеъфога чиқариш ҳақидаги қарорни қабул қилишни “ноўрин” ҳаракат сифатида баҳолаган ва бундай ҳолда суд томонидан тақиқ эълон қилинишини уқтирган.
Бош вазир Нетаняҳунинг ўзи айбловларни рад этган ҳолда, у ҳозирда порахўрлик, фирибгарлик ва ишончни суиистеъмол қилишга оид учта йирик иш бўйича судланаётгани аниқ. Айбномада у бой бизнесменлардан қиммати 200 минг доллардан ортиқ бўлган қимматбаҳо совғалар олгани, шунингдек, оммавий ахборот воситаларда ижобий ёритилиши эвазига йирик телекоммуникация компаниясига катта имтиёзлар бергани қайд этилган. Суд жараёни аллақачон тўрт йилдан бери давом этмоқда ва бу жараён Нетаняҳунинг шахсан ишни чўзишга уринишлари билан узайган.
Ишнинг яна бир муҳим жиҳати — Адлия вазири Ярив Левин қарорнинг Нетаняҳунинг суд иши билан боғлиқлигини расман рад этди. Унинг сўзларига кўра, ҳукумат билан бош прокурор ўртасида кескин қарама-қаршилик юзага келган ва “қизил чизиқ” босиб ўтилган.
Бош прокурор Гали Баҳарав-Миара эса овоз беришдан аввал Вазирлар Маҳкамасига йўллаган мактубида бу каби мисли кўрилмаган қарор ҳар қандай бўлажак ҳукуматга бош прокурорни сиёсий сабабларга кўра ишдан бўшатиш имконини очиб беради, деб огоҳлантирган. Шунингдек, у ўз истеъфоси Нетаняҳуга қарши суд жараёни ва Вазирлар Маҳкамаси аъзоларига нисбатан бошқа жиноий терговларга таъсир қилиши мумкинлигини таъкидлади.
Ҳозирги вазиятда Исроилда давлат бошқаруви, қонун устуворлиги ва сиёсий мустақиллик масалалари янада долзарб аҳамият касб этмоқда. Воқеалар ривожи барча сиёсий ва ҳуқуқий жараёнларга ўз таъсирини ўтказиши кутилмоқда.