00:10 / 03.11.2020
1 171

Трампнинг ташқи сиёсати мусулмонларга қандай таъсир қилди?

Трампнинг ташқи сиёсати мусулмонларга қандай таъсир қилди?
3 ноябрь куни АҚШда президент сайлови бўлиб ўтади. Амалдаги президент Дональд Трамп яна бир бор мамлакатни бошқариш ниятида. Айтиш мумкинки, Трамп шу пайтгача олиб борган ташқи сиёсат бутун дунёга, хусусан, мусулмонларга таъсир қилди.

У 2016 йилда президентликка даъво қилар экан, қандай ташқи сиёсат юртишини уч сўз билан ифодалаган эди: “Биринчи навбатда – Америка”. Президент вазифасини адо этишга киришиши билан эса халқаро ҳамкорликни издан чиқаришга тушди. Трамп Оқ уйга келгандан кейин учинчи куниёқ АҚШнинг Осиё ва Тинч океани минтақаси савдо битими – Транстинч океани ҳамкорлигидан чиқиши ҳақидаги фармоннни имзолади.

Кейинчалик Вашингтон бир қатор халқаро ташкилотлар ва битимлардан, жумладан, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши ва Иқлим ўзгариши бўйича Париж келишувидан чиқди. Трамп ҳали президент бўлиб сайланмасидан олдиноқ иқлим ўзгаришини Хитой тарқатаётган ёлғон деб масxаралаган, Париж келишувини эса Америка фаровонлиги учун тўсиқ деб атаган эди. Экспертларнинг фикрича, Трампнинг бундай қарорлари АҚШнинг дунёдаги позициясининг сусайишига олиб келди.

Қолаверса, Трампнинг президентлиги вақтида АҚШ бир қатор муҳим сиёсий қарорларни бир томонлама ва халқаро муросага зид равишда қабул қилди. Шулардан бири – Қуддусни Исроил пойтахти деб тан олиш ва Америка элчихонасини у ерга кўчириш.

Трамп БМТ конвенцияларига зид равишда 2017 йилнинг 6 декабрида Қуддусни Исроил пойтахти деб расман тан олди ва Давлат департаментига АҚШ элчихонасини Қуддусга кўчириш учун тайёргарлик бошлашга кўрсатма берди. БМТ Хавфсизлик Кенгашининг бу қарорни қоралаб чиқиши ҳам, фаластинликлар бошлаган норозилик намойишларида кўплаб қурбонларнинг бўлиши ҳам ҳеч нарсани ўзгартирмади.

“Исроил – пойтахти қаерда бўлишини ўзи белгилай оладиган суверен давлат”, – деди Трамп қарорини изоҳлар экан. Бу шаҳарда фаластинликларнинг ҳам ҳаққи борлиги ҳақида эса миқ этмади. Танқидлар ва қоралашларга қарамай, Трамп сайловолди кампанияси чоғида берган ваъдасини бажарди ва АҚШнинг Исроилдаги элчихонаси 2018 йилнинг 14 майида Тель-Авивдан расман Қуддусга кўчирилди.

Дональд Трамп президентлик даврида Исроилни қанчалик қўллаб-қувватлаган бўлса, Фаластинга шунчалик босим ўтказишга ҳаракат қилди. У БМТнинг Фаластинлик қочқинларга ёрдам кўрсатиш агентлиги фаолиятини молиялаштиришни буткул тўхтатди, “Фаластин озодлик ташкилоти”нинг Вашингтондаги ваколатхонасини ёпди. Бундан ташқари, Фаластин манфаатларига зид равишда ва Исроил билан тил бириктирган ҳолда “Аср келишуви” деган режани ишлаб чиқди, Исроилнинг Фаластин ерларини аннексия қилишини қўллаб-қувватлади.

Шунингдек, у араб давлатларини Исроил билан дипломатик алоқа ўрнатишга ундаяпти (ёки мажбурлаяпти): Трампнинг бу борадаги чақириғига ижобий жавоб қайтарганлар сафида ҳозирча БАА, Баҳрайн ва Судан бор. Энди дунё мусулмонлари наздида мусулмон давлатлар иккига айрилди: Фаластинни қўллаб-қувватлашда давом этаётганлар ва Фаластин даъвосидан воз кечганлар.

Трамп президент курсисига ўтирганидан кўп ўтмай – 2017 йилнинг 27 январида етти мамлакат фуқароларининг АҚШга киришини чекловчи фармонни имзолаган эди. Қора рўйхатга кирганлар орасида Венесуэла ва Шимолий Кореядан ташқари қолганлари мусулмон мамлакатлар бўлди: Эрон, Ироқ, Сурия, Судан, Яман, Ливия ва Сомали. Президент маъмурияти айнан шу давлатларнинг фуқаролари АҚШ миллий хавфсизлигига кўпроқ таҳдид туғдираётганини иддао қилиб, уларнинг АҚШ ҳудудига кириши буткул тақиқланиши кераклигини таъкидлади.

АҚШ оммавий ахборот воситаларида “Мусулмонларга тақиқ” (“Muslim ban”) номини олган ушбу ҳужжат федерал судлар томонидан бир неча бор қаршиликка учради, бироқ пировардида Олий суд уни қўллаб-қувватлади. Ҳужжатга баъзи ўзгартиришлар киритилди, Ироқ ва Судан қора рўйхатдан олиб ташланди.

АҚШнинг яна бир мусулмон мамлакат – Туркия билан алоқалари Дональд Трамп даврида зиддиятлар ва тарангликларга бой бўлди. Вашингтоннинг Сурияда курд жангариларини қўллаб-қувватлаши Анқарани ранжитди. Туркиянинг Россиядан С-400 ҳаво мудофаа тизимини сотиб олиши эса АҚШнинг қаттиқ қаршилигига учради, охир-оқибат Анқара F-35 қирувчи самолётлар дастуридан чиқариб юборилди.

Туркиядаги давлат тўнтаришида алоқадорликда гумон қилиниб қамоққа олинган америкалик роҳиб Эндро Брансон икки давлат ўртасидаги янги можарога сабаб бўлди. АҚШнинг унинг қайтарилиши талаб қилди ва Туркияга иқтисодий санкциялар жорий этди. Анқара 2018 йилнинг октябрида Брансонни озодликка чиқаришга мажбур бўлди ва роҳиб ватанига қайтиб кетди.

Дональд Трамп манфаатлар йўлида жиноятларга кўз юмиши мумкинлиги ҳам кўрсатди, журналист Жамол Қошиқчининг ўлдирилиши бунинг ёрқин мисолидир. Саудия Арабистони подшоҳи оиласининг ушбу жиноятга алоқадорлиги борасида жиддий гумонлар борлигига қарамай, Трамп Саудия ҳукуматини қўллаб-қувватлашни тўхтатмади.

Убайдуллоҳ Адҳамов
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)