date

Жеки Чан «Худо зирҳи» фильмининг янги қисмини Қозоғистонда суратга олади

Жеки Чан «Худо зирҳи» фильмининг янги қисмини Қозоғистонда суратга олади

Голливуд юлдузи Жеки Чан яна бир афсонавий фильмининг давомини суратга олишга тайёрланмоқда. Қозоғистоннинг Salem Entertainment студияси маълум қилишича, машҳур актёр “Худо зирҳи” (“Armor of God”) франшизасининг тўртинчи қисмини айнан Қозоғистонда суратга олади.

Студиянинг маълумот беришича, сентябрь ойи охирида Жеки Чаннинг Олмаотага ташрифи янги фильм — “Худо зирҳи: Ультиматум” учун жой танлаш ишлари билан боғлиқ бўлган.

“Биз Жеки Чаннинг Олмаотадаги нуфузли ташрифи ҳақида расман маълум қиламиз. Миллионлаб мухлислар севган культ фильмнинг янги қисми Қозоғистонда суратга олинади”, — дейилади студия баёнотида.

Маълум қилинишича, фильмнинг асосий суратга олиш ишлари Қозоғистон ҳудудида ўтказилади. Ҳозирча сценарий ва ишлаб чиқариш ҳақидаги бошқа маълумотлар ошкор этилмаган.

Эслатиб ўтамиз, франшизанинг илк қисми 1986 йилда, иккинчиси 1991 йилда, учинчи қисми эса 2012 йилда (“Armor of God 3: Zodiac”) экранга чиққан. Ушбу барча лойиҳаларда Жеки Чан режиссёр ва бош қаҳрамон сифатида иштирок этган.

Жорий йилнинг баҳорида актёр “Rush Hour” (“Ошқин соат”) комедиясининг давом фильмида ҳам қатнашиш эҳтимолини маълум қилган эди.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » Жеки Чан «Худо зирҳи» фильмининг янги қисмини Қозоғистонда суратга олади