date

Валерий Кечинов: Каннаваро Ўзбекистонга янги руҳ ва тартиб беради

Валерий Кечинов: Каннаваро Ўзбекистонга янги руҳ ва тартиб беради

«Пахтакор» ва «Спартак» афсонавий ҳужумчиси, Ўзбекистон ҳамда Россия терма жамоалари собиқ футболчиси Валерий Кечинов Фабио Каннаваронинг «оқ бўрилар» бош мураббийи этиб тайинланишига муносабат билдирди.

Кечиновнинг айтишича, у Каннаваронинг мураббийлик фаолиятини яқиндан кузатмагани учун унинг услуби ва натижаларига баҳо бериш қийин. Шунга қарамай, у Фабио футболчи сифатида жуда юқори даражада бўлгани, шу тажриба ва шахсий нуфуз миллий жамоага фойда келтиришини таъкидлади. «Менимча, бу Ўзбекистон учун жуда муҳим қадам. Мураббий алмашиши бекордан эмас — бунга жиддий сабаблар бўлган», — деди Кечинов championat.com мухбири билан суҳбатда.

Мутахассис фикрича, Каннаваро жамоага биринчи навбатда интизом, ихчам тактик тартиб ва ҳимояда ишончли ўйинни олиб киради. Шу билан бирга, у жамоа айни пайтда мундиалга тайёргарлик жараёнида экани, шундай паллада раҳбариятнинг кучли шахсга суяниши мантиқий эканини қўшиб қўйди.

Кечинов, шунингдек, янги штаб маҳаллий мутахассислар билан ҳамкорликда ишласа, ўйинчилар менталитети ва ички муҳитни тезроқ ҳис қила олишини таъкидлади. Унингча, бу омиллар тез муддатда майдондаги натижага айланиши мумкин.

Хулоса ўрнида Кечинов Каннаварога омад тилаб, «оқ бўрилар»нинг янги бобини умид билан кузатишини айтди: «Фабио — катта футболда кўпни кўрган шахс. Ўзбекистон терма жамоасига янги руҳ ва ишонч олиб киришига ишонаман».

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Валерий Кечинов: Каннаваро Ўзбекистонга янги руҳ ва тартиб беради