Қозоғистоннинг Олмаота шаҳридаги чегара хизмати бўлинмасида бир ҳафта олдин муддатли ҳарбий хизматга чақирилган аскар Нурасил Ануар тўсатдан вафот этди. Бу ҳақда “Tengrinews” хабар берди.
Унинг оиласи 5 октябрь куни эрталаб ўлим ҳақида хабар олган. Оиланинг маълум қилишича, Нурасил 2025 йил 27 сентябрда “Қорасой” чегара бўлинмасида хизматга кирган ва бир ҳафтадан кейин оламдан ўтган.
Ўлимнинг дастлабки сабаби қариндошлар сўзларига кўра, менингит деб кўрсатилган, аммо оилада шубҳа бор: бир ҳафта олдин Нурасил бутунлай соғлом эди ва касаллик ҳақида хабар берилмаган.
“Бугун эрталабдан бери жасадни кўра олмаяпмиз. Уни бошқа жойга юборишяпти”, деди боланинг холаси журналистга. Қариндошлар барча ҳолатлар холис ва тўлиқ текширилиб, зарур чоралар кўрилишини сўрамоқда.
Оила аъзолари Нурасилни меҳрибон, самимий ва ростгўй, ҳаётни севар одам сифатида таърифлаб, унинг вафоти улар учун ўрнини тўлдириб бўлмайдиган йўқотиш эканини таъкидлашди.
Бундан аввал Манғистау вилоятида эгизак акаси ортидан ҳарбий хизматга борган Динмуҳаммад исмли аскар ҳам ҳалок бўлган эди. Улар аввал бир қисмда хизмат қилган, кейин бири бошқасига кўчирилган. 17 сентябрь куни оиласига унинг вафоти ҳақида хабар берилган, дастлабки маълумотларга кўра, аскар ўз жонига қасд қилган, аммо қариндошлари бу ҳолатга ишонмаган.
Кейинроқ Мудофаа вазири ўринбосари Серик Борамбаев Динмуҳаммаднинг ўлимига изоҳ бериб, ака-ука бир-биридан ажралмаганини таъкидлади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Олмаотадаги Миллий гвардия ҳарбий хизматчиси ҳам ўз хизмат қилаётган ҳарбий қисмдаги бинонинг учинчи қаватидан ўзини пастга ташлаган.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!