16:57 / 22.11.2020
908

Таҳлилчилар фикрича олтин нархи чўққига чиқиб бўлган ва энди фақат пастлайди

Таҳлилчилар фикрича олтин нархи чўққига чиқиб бўлган ва энди фақат пастлайди
Фото: «Дарё»
Олтин нархи август ойидаги унцияси учун 2000 АҚШ долларидан, яъни рекорддан кейин энди фақат пастлайди, деб ёзмоқда Financial Times.
Forbes’нинг қайд этишича, оғир дамларда ортиб кетадиган қимматбаҳо металлга бўлган қизиқишни коронавирусга қарши вакцина муваффақиятлари ҳақидаги хабарлар пасайтирмоқда ва шу тариқа жаҳон иқтисодиёт аста-секин оёққа турмоқда.

Macquarie инвестиция банкининг хом ашё бозоридаги стратегия бўлими раҳбари Маркус Гарви 2021 йилда жаҳон иқтисодиётининг ўсиш кўрсаткичлари нисбатан яхшироқ бўлишини тахмин қилган. Унинг сўзларига кўра, шу сабабли ҳам айни вақтда олтин нархи ўзининг чўққисига кўтарилган деб ҳисоблаш мумкин. Банк таҳлилчилари келаси йили нархлар унцияси учун 1550 долларгача тушишини ва бу ҳозирги даражадан 17 фоизга пастлигини қайд этган.

Morgan Stanley банкининг таҳлилчиси Сюзан Бейц COVID-19’га қарши вакцинанинг дунёда тарқатила бошланиши олтинга бўлган қизиқишни пасайтириши ва бу ўз навбатида жаҳон иқтисодиётининг кўтарилишини таъминлаши ҳақида фикр билдирган.

Қимматбаҳо металл нархининг пасайиши шартли экани ва олтин билан таъминланган биржа фондларининг фаолиятига боғлиқ бўлиши мумкин. Мазкур фондларга қизиқишнинг ошгани 2020 йилнинг биринчи ярмида олтин нархининг кўтарилишида муҳим омил бўлиб хизмат қилди.
Октябрь ўрталаридаги энг баланд нархдан кейин фондларнинг жисмоний захиралари унцияси учун 1,9 миллион долларгача пастлади, 109 миллион унциягача камайди, дея ёзган Bloomberg. ETF ҳамда SPDR Gold Shares катта фонд биржаларига тикилган маблағлар шу ҳафтада жорий йилнинг июль ойидаги минимумига тушиб қолди.

Аксарият инвесторлар ўз маблағларини ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган бошқа қимматбаҳо металларга тикишни бошлаган, якунда иқтисодиётнинг тикланиши уларга даромад келтириши мумкин. Қуёш батареяларида фойдаланиладиган кумуш нархи иккинчи ойдирки кўтарилмоқда, каталитик нейтрализаторлар ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган платина нархи шу ҳафтада сентябрдан бери энг юқори чўққисига етди.

Олтин нархларининг ўзгариши Ўзбекистонга қандай таъсир қилади?
Август ойида олтин нархининг рекорд даражага кўтарилгани Ўзбекистонга қўл келди, давлат бюджетига тушадиган даромадлар ушбу металл нархининг 26 фоизга ошгани туфайли сезиларли даражада кўпайди.

Ўзбекистон 2020 йилнинг III чораги якунларига кўра олтин сотиш бўйича етакчи ўринни эгаллаган. Марказий банк 35 тонна олтин сотишга муваффақ бўлган. Сентябрда мамлакат умумий экспортидаги олтин савдосининг улуши 50 фоизни ташкил қилган. Саккиз ой давомида мамлакат сотган олтиннинг қиймати 5,8 миллиард долларни ташкил этган, бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 47,2 фоизга кўп, ўртадаги фарқ суммаси 1,8 миллиард доллар.

Сентябрда Ўзбекистон олтин нархининг туша бошлаши туфайли уни сотишни тўхтатган. Шу сабабли олтиннинг умумий экспортдаги улуши 50 дан 46,5 фоизга тушиб қолди. Шунга қарамай ўсиш суръатлари 2019 йилдаги кўрсаткичларни 45,7 фоизга ортда қолдирмоқда.

Олтин нархининг ўсиши экспортнинг бир нечта манбалари тушиб кетаётган бир паллада, инқироз вазиятида Ўзбекистон иқтисодиётига ижобий таъсир кўрсатди, дея ҳолатга изоҳ берган RB Asia инвестиция-консалтинг компанияси бош директори Дониёр Исломов.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)