17:07 / 03.02.2021
2 861

“Грин-кард”га ҳавас қилганларга иккинчи маслаҳат

“Грин-кард”га ҳавас қилганларга иккинчи маслаҳат
2007 мелодий, 1428 ҳижрий йил 9 Зулҳижжа куни эди. Бруклиннинг Атлантик авенюсида жойлашган офисимизда раҳбарларга икки мусулмон мурожат қилиб бўлиб: “Бизнинг эртага байрамимиз, бизга ўз ҳисобимиздан таътил берсангиз” – дедик.

Раҳбаримиз аввалига эътироз билдиргандай бўлиб бизга қаради. Чунки биз жамоанинг асосий бўлаги эдик. Ишлар бизсиз оқсаши аниқ эди...
Биз бир оз тушунча берган бўлдик. Раҳбаримиз бу байрам биз учун қанчалик муҳим эканини тушуниб, таклифимизга қаршилик кўрсатмади. Биз кўнглимиз тўлиб уйга қайтдик...

Ўша вақтда ўғлим Умар биринчи синфга борар эди. Мактабига ҳам хабар бериб, бир кунлик таътил олдик. Ўғлимга эртага қурбон ҳайити бўлади, деганимда у хурсанд бўлиб кетди.

Эрталаб бозорга бориб қўй сотиб олиш ва кейин уни қурбонлик қилишга келишиб олдик. Ўғлим “отажон, мен ҳам бораманми, менга ҳайитлик берасизми?” - дея менга қаради.

Мен унга: “Албатта борасан, албатта ҳайитлик ҳам берамиз. Аввал Бруклинда уйимизга яқин бўлган масжидда ҳайит намозига чиқамиз сўнг кушхонага борамиз”, - деб у билан келишиб олдик.

Арафа куни кечқурун уйда ош қилиб яҳудий қўшнимиз Мойша амакиникига ўғлим Умар бир косада ош олиб чиқиб берган эди. Улар косани бўш қайтармай ичига ҳар хил ширинликлар солиб беришибди.

Зулҳижжанинг ўнинчи куни тонг саҳарда уйғондик. Ғусл олиб янги либосларни кийиб Умар билан масжидга бордик. Масжидда намозларни адо этиб чиқдик. Турли миллатга мансуб биродарларимиз бир-бирларимизни байрам билан табрикладик.

Кўзларимга ёш келиб Ватанни, ўзимизни масжидлардаги ҳолатни эслаб турган эдим, Умар: “Отажон қўйни қаердан топамиз?!” – деб қолди.
Аввалдан суриштириб қўйган жойим бор эди.

Бирга метрога тушдик. Атрофга қарасам вагоннинг бир бурчагида хитойлик икки одам ўтирган жойида бутун вагонга жирканч хид таратиб овқат ер, вагоннинг нариги томонидан яна бир қоравой қулоғига қулоқчин тақиб олиб бақириб қўшиқ куйлар, вагон марказида эса тўпланган "тинейджерлар" (ўсмирлар) қулоқчин ва иштонлари орқасидан тизза тепасигача туширилган ички кийимларини мақтаниб бақир-чақир қилиб суҳбатлашарди.

Бошим айланиб, бир бекатда тўхтадик. Бекатда иккита “қоравой” кириб келиб, “рэп” рақсига тушиб кетди. Кийимлари бир аҳвол...
Хуллас, аҳвол ачинарли эди. Шу ўринда менда бир савол туғилди. Умар бу жамиятда катта бўлса, 10 йилдан қандай хулқли бўлар экан?!

Кушхонага бориб бир қора қўйни танладик. Қўй 130 доллар атрофида эди. Умар ёнимда телефонда суратга оларди, мен қурбонликни “Бисмиллаҳи Аллоҳу Акбар” дея бўғизладим. Қолган ишларини покистонлик кушхона ишчиси бажарди. Гўштларни бўлакларга тақсимлаб, иккита елим халтага жойлаб берди. Қурбонлик гўштларини олиб метрода уйга қайтдик. Метрога кириб бўш ўринга ўтирдик. Негадир вагонда секин-секин йўловчи камайиб деярли икки уч киши қолди. Бир оз ҳайрон бўлдим. Қўлимдаги пакетларни оғирлигидан уни ерга қўйган эдим. Вагонда қолган икки уч киши бир-бирига шивир-шивир қилиб пакетимни кўрсатар ва мендан ҳайиқиб турарди. Умар: “Отажон пакетимиз тешилиб қон оқяпти” деб қолди.

Дарров энгашиб қарасам, суяклардан бири пакетни тешиб қон томчилаётган экан. Кўзим йўловчилардан бирига тушди. Унинг қўлида телефон, кимгадир хабар беряпти. Манзилимизга етишимизга бир бекат қолган эди.

Умар, юр тушамиз!” – дедим-да, вагондан тушиб ортимизга қарамай қочдик. Бир бекат пиёда тез юриб, уйга етгач, чуқур нафас олдик.
Ўғлим: “Отажон нега бундай қилдик?” – дейди.

Мен ичимда; “Кейинги бекатда полиция кутиб олиб, суриштириб вақтни оларди-да” – деб, унга “шундай қилмасак бўлмас эди” - дедим.
Уйга келиб гўштни учга бўлиб бир бўлагини яқинларга, танишларга мўлжал қилиб ажратдик.

Бир бўлагини яҳудий қўшни Мойша амакига олиб чиқиб, унинг сабабини тушунтиришни бошлашим билан мени уй ичига таклиф қилди. Эр-хотин кўзида ёш билан: “Мен аввал Ўзбекистонда, Бухорода яшаганман. Биз сиз мусулмонлар билан бирга еб-ичиб яшаганмиз, ўша даврларимни хотирлатдингиз. Сабабини биламан, байрамингиз муборак бўлсин!” – деб бизни табриклаган бўлди.

Шу кундан қўшнимизнинг бизга ҳурмати яна ҳам ошди.

Ватанимга қайтаётганимда рози-ризочилик сўраган бўлдим ва сабабларини тушунтирдим. Қўшним биз билан маъюс хайрлашар экан, қароримни маъқуллади...

Шерзод Сами

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » “Грин-кард”га ҳавас қилганларга иккинчи маслаҳат