date

Глобал исиш шиддати ортиб, денгизлар соҳилларни йутмоқда

Глобал исиш шиддати ортиб, денгизлар соҳилларни йутмоқда

Дунё харитаси гўё секин-аста ўзгармоқда. Олимлар таъкидлашича, денгиз сатҳи сўнгги 4 минг йил ичида илк бор бундай тезликда кўтарилмоқда. Бу — табиатнинг инсонга жиддий огоҳлантируви.

Глобал исиш, музликларнинг тез эриши ва океан сувининг кенгайиши сайёра миқёсидаги сув балансига таъсир қилмоқда. Илмий маълумотларга кўра, бу жараён жаҳон бўйлаб миллионлаб одамларни сув тошқини хавфи остида қолдириши мумкин.

Илм одамлари огоҳлантирмоқда

Рутгерс университети олимлари ўтказган катта тадқиқот натижалари “Nature” журналида эълон қилинди. Улар минг йиллик геологик қатламларни — маржон рифлари, мангро дарахтлари ва қум тузилмаларини таҳлил қилиб, денгиз сатҳининг тарихий динамикасини ўрганишди.

Маълум бўлишича, 1900-йилдан буён сув сатҳи ҳар йили ўртача 1,5 миллиметрга кўтарилган. Бу — инсоният тарихидаги энг юқори кўрсаткич.

Тадқиқот раҳбари Ючен Лин таъкидлайди:

“Биз кузатаётган бу тезлик охирги бир неча минг йил ичидаги энг кескин ўсишдир. Бу — глобал исишнинг реал оқибати.”

Нега сув кўтариляпти?

Олимлар бу жараённинг икки асосий сабабини кўрсатмоқда:

Ҳароратнинг ўсиши. Ҳар йили атмосфера иссиқликни кўпроқ ушлаб қолмоқда. Шу сабаб океанлар кенгаймоқда ва сув ҳажми кўпаймоқда.

Музликларнинг эрий бошлаши. Айниқса, Арктика ва Антарктидадаги муз қатламлари мисли кўрилмаган тезликда еримоқда.

Фақат 2023 йил сентябридан 2024 йил августгача бўлган даврда Гренландия муз қатлами 80 миллиард тонна сувни йўқотган.

Агар бу жараён шундай давом этса, олимлар фикрича, Гренландия музликлари бутунлай эриса, глобал денгиз сатҳи 7,4 метргача кўтарилиши мумкин. Бу эса миллионлаб аҳоли яшайдиган соҳил шаҳарларини сув остида қолдиради.

Соҳилбўйи шаҳарлар ва иқтисодиёт хавф остида

Ҳозирча энг катта хавф Хитой соҳилларида. Олимлар бу давлатда денгиз кўтарилиши оқибатлари бошқаларга нисбатан икки баробар кўпроқ бўлиши мумкинлигини айтишмоқда.

Бироқ бу фақат Хитой муаммоси эмас — Нью-Йорк, Манила, Жакарта, Мумбай каби шаҳарлар ҳам хавф доирасида.

Денгизга яқин ҳудудлар одатда қишлоқ хўжалиги, портлар ва саноат марказлари жойлашган минтақалар ҳисобланади. Шу сабаб ҳатто сувнинг бир неча сантиметрга кўтарилиши ҳам иқтисодий ҳалокатга олиб келиши мумкин.

Чора кўриш учун ҳозирдан ҳаракат зарур

Олимлар таъкидламоқда — бу жараённи тўхтатиш ёки секинлаштириш учун жиддий сиёсий ирода ва илмий ҳамкорлик керак.

Карбон чиқиндиларини қисқартириш, қайта тикланувчи энергияга ўтиш ва соҳил ҳимояси тизимларини кучайтириш каби чоралар инсоният учун сўнгги имконият бўлиши мумкин.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Глобал исиш шиддати ортиб, денгизлар соҳилларни йутмоқда