20 октябрь куни Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ва АҚШ давлат котиби Марко Рубио телефон орқали суҳбатлашди, деб хабар берди mid.ru. Суҳбат давомида икки томон Украинадаги можарони тинч йўл билан ҳал этиш масаласини муҳокама қилди.
Россия Ташқи ишлар вазирлиги баёнотига кўра, мулоқот чоғида Владимир Путин ва Доналд Трампнинг 16 октябр куни бўлиб ўтган телефон суҳбатида келишилган йўналишларни амалга ошириш бўйича аниқ қадамлар муҳокама қилинган. Лавров ва Рубио бу жараённи “қўшма дипломатик ҳаракатлар орқали амалга ошириш муҳим” эканини таъкидлашган.
АҚШ Давлат департаменти маълумотига кўра, Марко Рубио суҳбат чоғида Москва ва Вашингтон ўртасидаги мулоқотни Украинадаги урушни барқарор ҳал этиш йўлида муҳим дипломатик имконият сифатида баҳолаган.
“Давлат котиби бўлажак музокаралар Россия ва АҚШ учун Украина масаласида узоқ муддатли ечим топиш бўйича ҳамкорлик қилиш имконини яратишини таъкидлади. Бу, шунингдек, президент Трампнинг қарашларига мувофиқ, тинчлик жараёнини илгари суриш имконини беради”, — дейилади АҚШ дипломатик идораси хабарида.
Эслатиб ўтамиз, 16 октябрь куни Владимир Путин ва Доналд Трамп телефон орқали суҳбатлашган эди. Томонлар Украина атрофидаги вазиятни муҳокама қилган ва дипломатик ечим йўлларини излашга келишиб олган.
Суҳбат якунларига кўра, АҚШ президенти Доналд Трамп яқин вақтларда Венгрия пойтахти Будапештда Путин билан шахсан учрашиш нияти борлигини билдирган.
Россия президенти ёрдамчиси Юрий Ушаковнинг маълум қилишича, Будапештдаги учрашув ташаббуси Трамп томонидан илгари сурилган ва Путин бу ғояни қўллаб-қувватлаган.
Маҳаллий таҳлилчилар фикрича, Лавров ва Рубио мулоқоти Москва ва Вашингтон ўртасидаги музокара жараёнида янги босқични бошлаб бериши мумкин. Бу суҳбат Украина бўйича сиёсий фаоллик янада кучайишининг белгиси сифатида баҳоланмоқда.