00:02 / 04.05.2021
5 851

Саудия Арабистонидаги ўзбеклар Туркияга кўчмоқчи


Саудия Арабистонининг Мадина шаҳрида туғилиб ўсган Иброҳим Атиқуллоҳ ўзбек тилида равон сўзлайди. Унинг гапларида Наманган шевасига хос сўзларни учратиш мумкинлигидан ота-боболари наманганлик эканлигини пайқаш қийин эмас.

Аждодларимиз 1930-йилларда Намангандан Афғонистонга боришган. У ерга Совет қўшинлари бостириб киргач, оиламиз Саудия Арабистонига кўчган. Отам амакимлардан сал кейинроқ, 1980-йилларнинг бошида кўчганлар. Ўшанда 18 ёшда бўлганлар. Оилада ўзбекча гаплашамиз, маҳаллада қариндош-уруғларнинг болалари билан катта бўлганман, араб тилини эса мактабга борганда ўрганганман”, – дея ҳикоя қилади у.

Иброҳим айни пайт Туркиянинг Измир шаҳридаги университетда ўқийди. Унинг айтишича, Саудия Арабистонидаги баъзи ўзбеклар Туркияга кўча бошлаган, чунки подшоҳлик қонун-қоидалари уларнинг яшашини қийинлаштиряпти.

Биз ҳали ҳам Афғонистон фуқаросимиз, анча йиллар олдин борган ўзбеклар Саудия Арабистони фуқаролигини олишга муваффақ бўлган. Лекин Саудия Арабистонида нефт қазиб олиш кучайгач, ҳукумат чет элликларга фуқаролик берилишини қийинлаштириб қўйган, бойликларимиз фақат ўзимизга қолсин деб ўйлашган бўлса керак-да. Масалан, менинг отамда ишлаш рухсатномаси бор, бизнинг оила ана шу рухсатномага асосан яшайди. Бу рухсатномани олиш ҳам осон эмас, Саудия Арабистони фуқароларидан бири сизга кафил бўлиши керак. 2015 йилда кучга кирган тартибга биноан отам ҳар бир оила аъзомиз учун ойига 400 риёлдан тўлашлари зарур, бу қарийб 100 АҚШ доллари дегани.

Хуллас, отам ҳар ой қарийб 700 доллар тўлаяптилар. Аввалига тўлов миқдори 100 риёл эди, мана, йилдан-йилга ошиб 400 риёлга чиқди. Шу сабабли амакиларим, қариндошларимиз Саудия Арабистонидан аста-секин чиқиб кетишяпти. Афғонистонга қайтганлар ҳам бор, Туркияга келганлар ҳам бор. Айримлар Афғонистонда турмуш кечириш арзонроқ деб у ерни танлаяпти. Отам эса кетмоқчи эмаслар, имконим борича Мадинада яшайман деяптилар, чунки Мадинани яхши кўрадилар”, – дейди у.

Саудия Арабистонида туғилиб ўсганларнинг бирор жойга кўчиши осон эмас, лекин у ерда яшаш ҳам қийинлашяпти, дея тушунтиради Иброҳим Атиқуллоҳ. Унинг фикрича, Саудия Арабистонига янги бораётганларга жуда қийин бўлмайди, чунки улар шарт-шароитни олдиндан билиб боради, яъни ўзини одиндан тайёрлайди.

Ўзбек муҳожирлари Саудия Арабистонидан ташқари Туркия, АҚШ ва Европа мамлакатларида ҳам яшашади. Истанбул маданият университетида тарих йўналишида илмий изланиш олиб бораётган Файзуллахон Отахоновга кўра, муҳожирларнинг дастлабки йирик тўлқини Марказий Осиёда совет ҳукумати ўрнатила бошлагандан кейин кузатилган.

Туркистон заминида 1865 йилдан 1917 йилдаги инқилобгача чор Россияси ҳукмронлик қилди. Ҳокимиятга болшевиклар келгач, улар худосиз жамият барпо этишга киришди, бундан норози бўлган туркистонликлар “динимизни сақлаб қоламиз, ҳижрат қиламиз”, дейишди. Анча-мунча одам кўчди, албатта, имконияти борлар. Бундан ташқари, Совет ҳукумати маҳаллий бойларнинг бойликларини тортиб ола бошлади, ёппасига коллективлаштириш сиёсати юргазилди, булар ҳам муҳожирликнинг сабабларидан. Муҳожирлар асосан Афғонистонга кетишган. Кейинчалик Ҳиндистонга, Туркияга боришган, – дейди тадқиқотчи.

 – Яна бир гап: биласиз, 1917 йилнинг ноябрида Қўқонда Туркистон мухторияти ташкил топган, 1918-йилнинг февралида эса Қизил армия ва дашноқ арманлар томонидан мухторият тор-мор қилинди, катта қатлиом ўтказилди. Ана шу ҳодисадан кейин ҳам кўпчилик хорижга чиқиб кетган”.

ХХ аср бошларида хориж мамлакатларига кетиб қолган ўзбекларнинг аниқ сони ҳақида маълумот топиш қийин. 1992 йилда Тошкентдаги “Фан” нашриётида чоп этилган “Хориждаги ўзбеклар” номли китобда биргина Саудия Арабистонида 300 минг ўзбек яшаши қайд этилган, улар “Туркистоний” ёки “Бухорий” деб аталади.

Яқинда Саудия Арабистонида яшайдиган бир гуруҳ ўзбек муҳожирлари Туркиянинг Истанбул шаҳридаги Туркистонликлар маданий-ижтимоий кўмак жамиятига мурожаат қилиб, Туркия фуқаролигини олишга ёрдам беришни сўради.

Жамият раиси Акбар Ясса муҳожирларнинг мурожаати турк ҳукуматига йўлланганини маълум қилди. Ўзбек муҳожирлари Туркия ҳукуматидан осонлаштирилган тартибда фуқаролик беришини сўрамоқда. Туркия ҳам бизнинг ватанимиз, у ерда боқиманда бўлмаймиз, юрт ривожига қўлдан келганча ҳисса қўшамиз, демоқда улар.

“Ватандошларимиз Саудия Арабистонида қийналишяпти, ҳатто чақалоқ учун ҳам солиқ тўлашади. Бундан ташқари тил, миллий урф-одатлар масаласи ҳам бор. Туркияга кўчмоқчи бўлганларнинг рўйхатини тузишибди, 6 мингча киши киритилган. Мурожаатларини тегишли идораларга етказганмиз, ҳали жавоб келгани йўқ, ҳозир коронавирус эпидемияси, шароит ҳаммага маълум, кутяпмиз, – дейди Акбар Ясса. 

– Қаерда бўлишмасин, улар ҳам бизнинг ватандошларимиз, ёрдам беришга ҳаракат қиляпмиз. Билишимча, улар Ўзбекистонга мурожаат қилмаган. Агар Ўзбекистон қабул қилса, у ерга ҳам боришни истайдиганлар топилади, албатта”.

Манба: “Америка овози”


arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Саудия Арабистонидаги ўзбеклар Туркияга кўчмоқчи