date

Ҳиндистонда автобус ёнғинида 20 йўловчи ҳалок бўлди

Ҳиндистонда автобус ёнғинида 20 йўловчи ҳалок бўлди

Ҳиндистон ғарбидаги Ражастан штатида дахшатли йўл фожиаси содир бўлди. Джайсалмер–Джодхпур трассасида ҳаракатланаётган йўловчи автобус тўсатдан ёниб кетди. NDTV телеканали маълумотига кўра, ҳодиса оқибатида камида 20 киши ҳалок бўлди, яна 10 дан ортиқ киши жароҳат олди.

Маълумотларга кўра, автобус ичида жами 57 йўловчи бўлган. Гувоҳларнинг айтишича, аввал транспорт орқасидан тутун чиққанини кўришган. Ҳайдовчи вазиятни баҳолаш учун йўл четида тўхтаган, аммо бир неча дақиқа ичида бутун автобусни олов қамраб олган.

Ёнғин шиддат билан тарқалгани сабабли кўплаб йўловчилар чиқишга улгурмаган. Қутқарувчилар ва ёнғин ўчирувчилар ҳодиса жойига етиб келганда автобус деярли тўлиқ ёнган ҳолатда бўлган.

Жароҳатланганлар яқин атрофдаги шифохоналарга етказилган. Шифокорлар маълум қилишича, уларнинг айримлари оғир аҳволда, кўпчилиги қаттиқ куйиш жароҳатлари олган. Ҳозирда қурбонлар сони кўпайиши мумкинлиги айтилмоқда.

Расмий маълумотга кўра, ёнғинга эҳтимолан қисқа электр туташуви сабаб бўлган. Аммо полиция ва мутахассислар аниқ сабабни белгилаш учун тергов ишларини бошлаган.

Ражастан ҳукумати ҳалок бўлганлар оилаларига моддий ёрдам кўрсатилишини маълум қилди. Ҳиндистон оммавий ахборот воситалари бу ҳодисани мамлакатдаги сўнгги йилларда содир бўлган энг оғир транспорт фожиаларидан бири сифатида таърифламоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Ҳиндистонда автобус ёнғинида 20 йўловчи ҳалок бўлди