Япониядаги аэропорт ходимлари 30 йил ичида биронта ҳам йўловчининг юкини йўқотишмагани билан рекорд ўрнатишди, деб Daily Mail хабар берди. Бу натижа билан улар юксак ишонч ва масъулият намунасини кўрсатишди.
Осака кўрфазидаги сунъий оролда жойлашган Кансай халқаро аэропорти ҳар куни миллионлаб йўловчиларга ва уларнинг багажларига хизмат кўрсатади. 2023 йилда аэропорт орқали 10 миллиондан зиёд юк ташилган ва биттаси ҳам йўқолмаган. Шу сабабли Кансай саккиз марта «Жаҳоннинг энг яхши багаж етказиб бериш аэропорти» деб тан олинган.
Мукаммалликка эришишдаги асосий омил — японча расмиятчилик ва масъулият ҳисси ҳисобланади. Ҳар бир сумка камида уч марта текширилади, нозик буюмлар алоҳида эҳтиётлик билан ташилади, намлик борлиги пайқалса, ходимлар жомадонни артиб қуритишади.
Бироқ, аэропорт салоҳиятига қарамай, у йилдан-йилга чўкиб бормоқда. Иккита сунъий орол устида қурилган, 14 миллиард долларлик иншоот 11,5 метрга пасайган. Бу муҳандислар томонидан 50 йил учун қилинган прогноздан кўпроқдир.
Бетон устунлар юмшоқ денгиз тубига ботиб боряпти. Учиш-қўниш йўлакларини денгиз суви хавф остига қўймоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!