Япония муҳандислик ва архитектура соҳасида яна бир новаторлик ғоясини илгари сурди. Мамлакатнинг N-Ark компанияси 2023 йил ёзида “сузиб юрувчи келажак шаҳри” қуриш лойиҳасини тақдим этди. Унинг номи — Dogen City. Бу ғоя нафақат техник имкониятлар, балки инсон ҳаётининг янги формати ҳақидаги тасаввурларни ҳам тубдан ўзгартиради, деб ёзди маҳаллий нашрлар.
Dogen шаҳрининг асосий хусусиятлари
Янги лойиҳа юқоридан қаралганда 4 километрлик мукаммал доира шаклида бўлади. Бу тасодиф эмас — муҳандислар айтишича, бундай шакл кучли бўрон, цунами ёки бошқа табиий офатлар даврида барқарорликни таъминлайди. Шу тариқа шаҳар нафақат инсон учун қулай, балки табиатга қарши чидамли экотизим сифатида ҳам ишлайди.
Архитекторлар шаҳарни шартли равишда учта асосий ҳудудга бўлишни таклиф қилган:
Яшаш ҳалқаси — турар жойлар, савдо ва дам олиш масканлари жойлашган асосий қисм;
Денгиз ости маркази — маълумотларни қайта ишлаш ва илмий тадқиқот лабораториялари учун мўлжалланган бўлиб, у денгиз суви орқали табиий равишда совитилади;
Сунъий кўрфаз — ҳалқасимон иншоот ичидаги сузувчи ороллардан иборат ҳудуд бўлиб, у шаҳарнинг визуал ҳамда функционал марказини ташкил этади.
Шаҳар имкониятлари ва аҳоли эҳтиёжлари
Лойиҳа муҳандислари Dogen’да 10 минг доимий аҳоли ва йилига 30 минггача меҳмон яшаши мумкинлигини таъкидламоқда. У ерда мактаблар, офислар, шифохоналар, меҳмонхоналар, стадион, боғлар ва ҳатто ракеталарни учириш ҳамда қўндириш учун мўлжалланган майдон ҳам бўлади.
Компания ҳисоб-китобларига кўра, шаҳардаги аҳоли йилига тахминан 2 миллион литр сув истеъмол қилади, 7 минг тонна озиқ-овқат сарфлайди ва 22 миллион киловаттдан зиёд электр энергиясидан фойдаланади. Бу ресурсларни таъминлаш катта муаммо бўлиши мумкин, аммо муҳандислар энергияни қайта тикланувчи манбалар — қуёш, шамол ва денгиз тўлқинларидан олишни режалаштирмоқда.
Қурилиш қачон бошланади?
Лойиҳа амалий босқичга 2030 йилда ўтиши кутилмоқда. Ҳозирча шаҳарни қуриш учун аниқ жой танланмаган, аммо Япония ҳукумати ва хусусий сармоядорлар бу ғояни келгуси йилларда амалга оширишга қизиқиш билдирган.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!