18:15 / 07.08.2021
4 552

16 йиллик қочоқ Асқар Акаев Москвадан келтирилди. Навбат Қурманбек Бакиевгами?

16 йиллик қочоқ Асқар Акаев Москвадан келтирилди. Навбат Қурманбек Бакиевгами?

Акаев ва Бакиев – бири Москвадан, иккинчиси Минскдан паноҳ топди.
Фото: РИА Новости

Қирғизистоннинг биринчи президенти (1990-2005), “Лола инқилоби”дан кейин Москвага қочиб кетган Асқар Акаев жорий йил 2 август куни кутилмаганда Бишкекка қайтгани маълум бўлди. У ўша заҳоти Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси томонидан ушланди ва терговга жалб этилди.

Ватанида жиноий жавобгарликка тортилиши аниқ бўлган, Москвада эса физика-математика фанлари доктори, Россия фанлар академияси аъзоси сифатида тинчгина илмий фаолият билан шуғулланиб келган собиқ президент нега Қирғизистонга қайтди? У, Қирғизистон ҳуқуқ идоралари даъво қилаётгандек, мажбуран келтирилдими ёки ўз ихтиёри билан қайтдими?

Миллий хавфсизлик давлат қўмитасига кўра, халқаро қидирувда бўлган А.Акаев “фаол тергов ҳаракатлари натижасида” Бишкекка келтирилди. Аммо экспертлар собиқ президентнинг ватанига қайтиши Россия раҳбарияти розилиги билан амалга оширилганини таъкидламоқдалар.

“Менимча, Бишкек Москвага А.Акаевнинг хавфсизлиги борасида кафолат берган. Собиқ президент киндик қони тўкилган заминга қайтиш имконига эга бўлмоқда. 76 ёшни қоралаган инсон учун бу жуда муҳим. Айни чоқда, бу орқали унинг сиёсий обрўси ҳам маълум маънода тикланади. Ўз навбатида, Қирғизистон ҳукуматига Акаевнинг Қумтор кони бўйича кўрсатмалари сув билан ҳаводек зарур”, – дейди қирғизистонлик сиёсатшунос Денис Бердаков.

Таҳлилчи Аждар Куртов эса Акаевнинг қайтиши билан Қирғизистонда кейинги чорак асрда илдиз отган президентларни қамоққа ташлаш ёки қувиш анъанаси йўққа чиқмоқда деб ҳисоблайди.

“Қирғизистонда собиқ етакчилар ё қамоққа ташланади, ё қувғинга учрайди. Афтидан, Бишкек бу анъанага барҳам беришга қарор қилган. Эҳтимол, шу орқали сармоядорларни ҳам жалб этиш ёки Россия билан алоқаларни яхшилаш кўзлангандир. Москва Қирғизистон собиқ етакчиларининг таъқиб этилишини ёқламайди. Бу галги қадам эса ижобий баҳоланиши мумкин”, – дейди А.Куртов.

2005-2007 йилларда Қирғизистон бош вазири лавозимида фаолият юритган Феликс Кулов ҳам Акаев ўз ихтиёри билан қайтган деган фикрда.

“Акаев кексайиб қолди. Қолаверса, унга очилган жиноий ишнинг жавобгарлик муддати ўтиб бўлди, демак, уни маҳкамага тортиб бўлмайди. У ўз номини ҳимоя қилиш ва терговга кўмак бериш мақсадида ўз ихтиёри билан келди”, – дейди Ф.Кулов.

Таъкидлаш жоизки, Акаев расман қамоққа олингани йўқ, терговга жалб этилган, холос. У терговчиларнинг Қумтор кони бўйича саволларига жавоб бергач, ўзи туғилиб ўсган Чуй вилоятига йўл олган. Собиқ президент Миллий хавфсизлик давлат қўмитасидаги савол-жавобдан кейин берган интервьюсида ҳам Қирғизистонга бир ҳафта муддатга келганини ишонч билан қайд этди.

Бу эса Акаев чиндан ҳам расмий Москванинг розилиги ва расмий Бишкекнинг кафолати билан келгани ҳақидаги фикрларни тасдиқлайди.

Собиқ президент Қумтор олтин конини ўзлаштириш лойиҳасидаги коррупция иши бўйича терговга жалб этилган. Марказий Осиёда йирик олтин захирасига эга Қумтор кони тасарруфи айнан Акаев бошқаруви даврида, 1992 йилда Канада компаниясига топширилган. Қирғизистон тергов идораларига кўра, конни тасарруф этиш бўйича лойиҳа ғолиблиги тендерсиз ажнабий фирмага бериб юборилган. 2003 йилги қўшимча битим билан Қирғизистоннинг қўшма корхонадаги улуши 67 фоиздан 26 фоизга камайтирилган. Ҳуқуқ идоралари бу ҳолатни миллий манфаатларнинг бузилиши ва коррупция деб малакаламоқда.

Амалдаги президент Садир Жапаров эса ҳали депутат бўлган пайтларданоқ олтин конини давлат тасарруфига ўтказишни талаб қилгани маълум. Пандемия шароитида, бюджет тақчиллиги ошиб бораётган вақтда олтин кони можароси чандон аҳамиятли масала саналади. Зотан, 700 тонна олтин захирасига эга Қумтор кони Қирғизистон иқтисодиётининг, таъбир жоиз бўлса, юраги саналади. Мамлакат ЯИМнинг 12,5 фоизи, саноат ишлаб чиқаришининг 23 фоизи ва экспортнинг 30 фоизи мазкур кон ҳиссасига тўғри келади. Маълумотларга қараганда, Қирғизистон 2020 йилга қадар олтин конидан 13 миллиард доллар миқдорида фойда кўрган.
Қирғизистон ҳуқуқ идоралари Қумтор олтин кони коррупционер амалдорлар томонидан арзонгаровга сотилган деб ҳисоблайди. Фото: dpa
Қумтор кони бўйича очилган жиноят иши доирасида мамлакатнинг бир қатор таниқли сиёсатдонлари қамоққа олинган. Улар орасида собиқ бош вазирлар Омурбек Бабанов, Темир Сариев, собиқ парламент раиси Асилбек Жээнбеков, вазиру вузаролар бор.

Айни кунларда Қирғизистонда иккинчи президент (2005-2010) Қурманбек Бакиевнинг ҳам ватанга қайтарилиши ҳақида тахминлар янграмоқда. Инқилоб йўли билан ҳокимиятга келган Бакиев ҳам навбатдаги инқилобдан кейин Минскка қочган ва Беларусдан сиёсий бошпана олган эди.

Қирғизистонлик таҳлилчи Асилбек Эгамбердиевга кўра, Қурманбек Бакиев ватанига қайтиб, тергов билан ҳамкорлик қилса, унга нисбатан қамоқ жазоси қўлланмайди. Чунки амалдаги президент салафлари учун осойишта ҳаёт ваъда қилган.

Аммо аксар таҳлилчилар Қ.Бакиевнинг ҳолати А.Акаевникидан кескин фарқ қилиши, шу сабаб у Қирғизистонга қайтгудек бўлса қамоққа ташланишини айтмоқдалар. Икки сиёсатчининг “номаи аъмоли”даги фарқ шундаки, 2005 йилги инқилоб чоғи Акаев намойишчиларга ўқ узилишига йўл қўймаган; 2010 йилги инқилоб пайти эса норозилик намойиши қатнашчилари ўққа тутилган, оқибатда 90 киши ҳалок бўлган, 300 дан зиёд фуқаро жароҳатланган. Иқтисодий жиноятлардан фарқли ўлароқ, хунрезлик ва қотиллик осонгина кечириб юборилмаслиги турган гап.

Айни пайтда Беларусь раҳбари Александр Лукашенконинг сояи давлатида Минскда умргузаронлик қилаётган Қ.Бакиевга нисбатан 2016 йил 29 июлги суд ҳукми билан 30 йил озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланган. Бундан ташқари, унинг ўғиллари Марат, Максим ҳамда укаси Жанишга нисбатан сиртдан суд ҳукми эълон қилинган. Қирғизистон бош прокуратураси баёнотида ҳам Қ.Бакиев ватанга қайтиши билан қамоққа олиниши таъкидланган.

Қирғизистон Республикасининг 30 йиллик тарихида мобайнида президентлар инқилоб йўли билан алмашиб келмоқда. Биринчи ва иккинчи президентлар А.Акаев ҳамда Қ.Бакиевларнинг сиёсий карьераси чет элга қочиш билан хотима топгани юқорида қайд этилди. 2011-2017 йилларда Қирғизистонни идора этган Алмазбек Атамбаев давлат раҳбари лавозимидан кетгач, Жиноят кодексининг бир қатор моддаларида айбланиб қамоққа олинди. Атамбаевнинг вориси Сооронбай Жээнбеков 2017 йил 24 ноябрдан Қирғизистон етакчиси сифатида иш бошлади. Аммо унга президентлик ваколатини охирига етказиш насиб этмади: оммавий норозилик намойишларидан кейин 2020 йил 16 октябрь куни истеъфо беришга мажбур бўлди.
Атамбаев қамоққа олинди, Жээнбековга эса президентлик ваколатини охирига етказиш насиб этмади. Фото: Reuters
Мамлакатнинг амалдаги президенти Садир Жапаров эса давлат раҳбари лавозимига киришгунга қадар озодликдан маҳрум этиш муассасасида жазо ўтаган. 2017 йили гаровга олишда айбланган С.Жапаров 10 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган. 2020 йил октябрь намойишлари пайти тарафдорлар томонидан озод қилинган Жапаров пировардида президентлик сайловида ғолиб чиқди.

С.Салим


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)
Мавзуга оид янгиликлар


Янгиликлар » Дунё » 16 йиллик қочоқ Асқар Акаев Москвадан келтирилди. Навбат Қурманбек Бакиевгами?
[/banner_pushhouse