10:27 / 02.09.2021
2 421

Афғонистон ичкариси ва атрофидаги янги кучлар мувозанати ҳақида

Афғонистон ичкариси ва атрофидаги янги кучлар мувозанати ҳақида
«Толибон» Кобулни эгаллаб, бутун Афғонистон устидан назорат ўрнатганини эълон қилганидан буён ўтган ярим ой президент Ашраф Ғанининг мамлакатдан қочиши, Ғарб давлатларининг ўз фуқаролари ва баъзи афғонларни эвакуация қилиши, Панжшердаги қаршилик ва Кобулдаги теракт билан эсда қолмоқда. Шунингдек, 31 август куни АҚШ Афғонистондан тўлиқ чиқиб кетганини эълон қилди. Бироқ умумий вазият ва энди ким қандай ролга эга бўлиши ноаниқлигича қолмоқда. «Дарё» колумнисти Сарвар Жалолов «Толибон» ишғолидан кейин Афғонистон ичкарисида ва атрофида юзага келаётган кучлар мувозанати ҳақида фикр юритади.

«Толибон» мамлакатни қандай бошқаряпти?
Афғонистонда давлатнинг бунчалик тез ва осон қулашини нафақат халқаро ҳамжамият, балки «Толибон» учун ҳам кутилмаган ҳол бўлганини таъкидлаш лозим. Кобул эгаллангач ҳаракат вакиллари нима қилишни билмай юрганини намойиш этаётган кадрлар «Толибон» мамлакатни бошқариш бўйича билим ва кўникмаларга эга бўлмаслик билан бирга, қандайдир бошқарув концепцияси ҳам мавжуд эмаслигини кўрсатмоқда.

Шариат асосида бошқариш ҳақидаги баёнотлар уни «Толибон» 1990 йилларда жорий қилган ва пуштун анъаналарига кўра талқинда амалга ошириш толибларнинг ҳозирги истакларини инобатга оладиган реалликда имконсизлиги билан тўқнашади. Зеро, ҳаракатнинг сиёсий бюроси даъво қилаётганидек аёллар ҳуқуқлари ва ОАВ эркинлигини таъминлай олиш учун ўн минглаб аъзоларини ҳам бунга ўргатишига тўғри келади.

Эски ва «янги», «хушмуомалароқ» «Толибон» The Washington Post карикатуристи Майкл де Аддер нигоҳида
Бундан ташқари, узоқ вақт пуштун миллий ҳаракати сифатида фаолият кўрсатган бўлса ҳам, охирги йилларда Афғонистоннинг бошқа этник гуруҳлари — тожиклар, туркманлар ва ўзбекларни фаол равишда ўз сафига қўшиб олган «Толибон» кўпмиллатли давлат бошқарувида ҳам барча йирик миллатлар вакиллари бўлишини маълум қилмоқда. «Толибон»нинг ичидаги кучлар мувозанати ва ким кимлиги ҳақида халқаро нашрларда кўп ёзилмоқда. Ҳаракат эса бошқарувни нафақат ўз кучлари орасида, балки «Толибон»дан ташқаридаги кучлар билан бўлиша олишини маълум қилмоқда.

Жумладан, Панжшерда бош кўтарган тожиклар етакчиси Аҳмад Маъсуд ҳам мамлакатни бошқариши кутилаётган 12 кишилик кенгашга таклиф қилинган. АҚШ янги ҳукуматга эски сиёсатчилардан Ҳамид Карзай ва Абдулла Абдуллани ҳам қўшиш лозимлигини «Толибон» вакилларига етказган. Al Jazeera ёзишича, «Толибон» мамлакатни бошқариш учун амир-ул мўминин лавозимини жорий қилиш мақсадида эканлигини маълум қилган.

«Толибон» ҳаттоки аввалги бошқаруви даврида энг даҳшатли сиқувга учраган шиа мазҳабига эътиқод қилувчи ҳазараларга ҳам ҳозир яхши муносабатда бўляпти — Кобулда шиалар томонидан Ашуро куни нишонланишига қўйиб берилган ва унга «Толибон» вакиллари ҳам ташриф буюрган, ҳазара оқсоқоллари билан учрашган. Бу ҳам халқаро ҳамжамият кўзи учун қилиняпти, деган тахмин албатта дарҳол биринчи ўринга чиқади. Жумладан, «эски Толибон»нинг энг катта душманларидан деб эълон қилинган Эрон билан «янги Толибон» ўрнатган муносабатларни сақлаб қолиш зарурати туфайли.

Бир тарафдан «Толибон» Афғонистонни жангсиз эгаллаш орқали маҳаллий ва этник етакчилар билан келиша олишини ва компромисга бориши мумкинлигини кўрсатганди. Бироқ бошқа тарафдан «Толибон» ўз ваъдаларини бажармаган тақдирда турли қабила бошлиқлари ҳам келишувдан воз кечиб қаршилик ҳаракатига қўшилмаслигига кафолат йўқ. Яъни Афғонистонни эгаллашдан бошқариш қийин бўлган реалликка «Толибон» ҳам дуч келади.

Карзай, Абдулла, Маъсуд – Афғонистондаги бошқа кучлар
«Толибон» Кобулни қўлга олгач мамлакатни тарк этмаган ва ҳаттоки бемалол юрган Афғонистон давлат арбобларидан энг кучлилари – собиқ президент Ҳамид Карзай ва Миллий ярашув кенгаши раҳбари, Ашраф Ғанининг президентлик сайловларидаги ғалабасини икки марта ҳам тан олмай ўз ғалабасини даъво қилган Абдулла Абдулла бор.

Ҳамид Карзай 1990 йилларда «Толибон» билан маълум алоқаларда бўлган. Дастлаб «Толибон» унга элчи бўлишни таклиф қилган ва Карзай рад этган бўлса, кейин Карзай улар тузган Афғонистон Ислом Амирлигини БМТда тақдим қилиш таклифи билан ҳам чиққан, бироқ «Толибон» ишонч билдирмаган. 1999 йилда Карзайнинг отаси «Толибон» томонидан ўлдирилгач у Аҳмад Шоҳ Маъсуд бошчилигидаги Шимолий Альянсга яқиндан ёрдам беришни бошлаган. АҚШ бошчилигидаги коалиция қўшинлари Афғонистонга кирган пайтда попалзай қабиласи сардори сифатида Қандаҳор атрофидаги қабилаларнинг «Толибон»га қарши курашига бошчилик қилаётган эди.

Президентлик даврида «Толибон»ни бир неча бор «биродарларимиз» деб атаган Карзай президентликдан кетганидан кейин ҳам ҳар икки тарафда муносабатларини сақлагани туфайли маълум таъсирга ва ҳурматга эга фигура сифатида қолди. Бу «Толибон» Кобулни эгаллагач унга қўл келмоқда. Афғонистон Миллий ярашув кенгаши раҳбари Абдулла Абдулла (Абдулланинг роли ҳақида аввалги мақолада фикр юритган эдик) билан бирга Карзай «Толибон» билан алоқаларини сақлаган ҳолда турли қабилалар раҳбарлари билан учрашувлар ўтказиб, янги ҳукумат тузиш бўйича ҳаракатларда фаол қатнашмоқда. Жумладан, Карзай ва Абдулла «Толибон»га бўйсунмаган сўнгги вилоят — Панжшер оқсоқолллари билан ҳам музокаралар ўтказган. 1990 йиллардаги сиёсатчилардан Гулбиддин Ҳикматёр ҳам Карзай—Абдулла жуфтлиги билан музокараларда қатнашиб, анча фаоллашиб қолган.

«Толибон» Афғонистонни қанчалик тезлик билан «тўлиқ» эгаллаганига қарамай, унга қаршилик ҳаракати бундан ҳам тез тузилди. 1980 йилларда Совет қўшинларига, 1990 йилларда «Толибон»га муваффақиятли қаршилик кўрсатган ва 2001 йилда 11 сентябрь воқеаларидан икки ҳафта олдин «Ал Қоида» вакиллари томонидан ўлдирилган «Панжшер шери» Аҳмад Шоҳ Маъсуднинг улғайиб қолган ўғли Аҳмад Маъсуд бошчилигида.

Қаршилик ҳаракати Панжшерда, Аҳмад Маъсуд билан бошланиши унга дарҳол катта рамзий куч бериши табиий; ўзи айнан шу икки омил — душман кириши қийин бўлган водий ва у ердан қаршилик кўрсатган қаҳрамон хотираси ҳозирча уларнинг энг катта устунлиги бўлиб турибди. Шу туфайли ҳам мамлакатда «Толибон»га қарши курашишни истаган бошқа кучлар, жумладан, Афғонистон армиясининг собиқ офицерлари ва аскарлари ва ҳаттоки вице-президент Амир Солиҳ Панжшердаги ҳаракатга қўшилган.

«Толибон»нинг Панжшерни бўйсундиришга уринишлари самарасиз якунлангани қаршилик ҳаракатининг салоҳияти ростан юқори деган таассурот ҳам уйғотиши мумкин. Бироқ 1990 йилларда «Толибон»га қаршилик кўрсатган Аҳмад Шоҳ Маъсуд Панжшерни шимолда Тожикистон билан боғловчи ҳудудлар ва йўлларни ҳам назорат қилар, шу туфайли қурол-яроқ ва озиқ-овқат масаласида муаммо йўқ эди. Ҳозир эса «Толибон» ишни шимолни эгаллашдан бошлаган ва Панжшер қуршаб олинган.

Аҳмад Маъсуд вакиллари 10 минглаб аскарлар, анча қурол-аслаҳа борлигини маълум қилган, бироқ қаршилик кўрсатиш учун яна ёрдам зарурлигини, ҳозирча ёрдам сўралган кучларнинг бирортаси ижобий жавоб бермаганини айтган: «Америка, Европа, Россия, Хитой — ҳаммаси сукутда». Улар очиқ жанглардан эмас, совет қўшинларига қарши қўлланилган яширин ҳужумлардан фойдаланиши кутилмоқда. Бироқ барибир ҳаракатнинг бутун мамлакатга кенгайишини кутиш қийин.

Аҳмад Маъсуд «Толибон» мамлакатдаги барча этник ва сиёсий кучларни ўз ичига олувчи инклюзив ҳукумат тузишга рози бўлсагина музокараларга тайёрлигини, акс ҳолда жанг қилишини маълум қилган. Лекин бу қаршилик ҳаракати бутун мамлакат бошқаруви учун курашишини англатмайди — улар ўз ҳудудларида қандайдир автономияга умид қилишлари мумкин. Аслида айнан шу — детцентрализация Афғонистонда барқарорликка эришиш учун асосий ечим бўлиши кўплаб экспертлар томонидан эътироф этилган ва этилмоқда. Аммо «Толибон» Афғонистоннинг аввалги ҳукуматлари сингари ўта марказлашган бошқарувдан бошқа вариант кўрмаяпти.

АҚШ ва Европа
АҚШнинг халқаро сиёсатдаги бундай мағлубияти мисли кўрилмаган бўлса ҳам, Вашингтон Афғонистонни тўлиқ тарк этгач ҳам ушбу мамлакатда катта таъсирга эга бўлиб қолаверади. Энг қизиқ ва парадоксал ҳолат шундаки, АҚШ шу пайтгача Афғонистон ҳукуматига нисбатан эга бўлган таъсир ричагларининг айнан ўзи «Толибон»га нисбатан ҳам ишлайди — бу халқаро иқтисодий ва гуманитар ёрдам. Халқаро ташкилотлар кўрсатадиган ёрдамнинг катта қисми Вашингтонга боғлиқлиги бунга сабабдир. Бундан ташқари АҚШ янги ҳукумат билан ҳам ислоҳотга иқтисодий ёрдам кўринишида муносабатда бўлиши мумкин. Бу борада фақат Хитой кўпроқ иқтисодий ёрдам ёки инвестициялар таклиф қилиши мумкин.

Ҳарбий жиҳатдан эса Кобул аэропортида ИШИДга алоқадор гуруҳлар томонидан уюштирилган терактлардан кейин Вашингтон ҳаводан зарбалар уюштириб исталган пайтда шундай қилиши мумкинлигини кўрсатиб қўйди. Бироқ АҚШ доимий равишда ҳаво ҳужумлари уюштириб туришини кутиш қийин — айниқса халқаро ҳамжамиятга ёқишни истаётган ва Доҳа келишувларига амал қилишини кўрсатмоқчи бўлаётган «Толибон» бошқа террорчилик ташкилотлари билан ҳамкорликни тикламаган тақдирда.

АҚШдан фарқли равишда Европа давлатлари учун Афғонистондаги вазият кўҳна қитъага пиёда етиб олиши мумкин бўлган юз минглаб қочқинлар оқими эҳтимоли билан ҳам аҳамиятли. Европа Иттифоқи ва алоҳида давлатлари раҳбарлари ёз давомида масалани айнан шу жиҳатдан муҳокама қилиб келаётган эди ва муҳожирларни қабул қилишни истамгани учун танқидларга ҳам учрашга улгурган.

«Толибон» Кобулни эгаллагач эса Европа давлатлари ҳам Марказий Осиё билан алоқаларини интенсивлаштирди. Польша президенти Андже Дуда Шавкат Мирзиёев билан Афғонистон масаласида гаплашган — Польша ҳам эвакуация учун Ўзбекистон аэропортларидан фойдаланган. Европа Кенгаши президенти Шарл Мишел Марказий Осиёнинг 5 давлати президентлари билан телефон орқали Афғонистон ҳақида суҳбатлашган. Айниқса унинг Гурбангули Бердимуҳаммедов билан суҳбати Европада танқидларга ҳам сабаб бўлмай қолмади.

Европа давлатларидан эвакуация билан энг фаол шуғулланган ва бунинг учун Тошкент аэропортидан фойдаланган Германия ташқи ишлар вазири Хайко Маас Тожикистон, Ўзбекистон ва Покистонга ташриф билан келди, шунингдек Туркия ва Қатарга ҳам ўтган. Франция президенти Эммануел Макрон тожикистонлик ҳамкасби билан Афғонистондаги вазиятни муҳокама қилган, Раҳмон октябрда Парижга ташриф билан боради. Париж Панжшердаги қаршилик ҳаракатини қўллаб-қувватлаши кутилган бўлса-да ҳозирча ҳеч қандай амалий ҳаракат бўлмаган.

Россия ва Хитой
Афғонистон ҳукуматининг бунчалик тез қулаши Москва учун ҳам сюрприз бўлганига қарамай, Кремль бу вазиятда ташқи кучлар ичида ўзини энг хотиржам тутгани бўлди. Тўғри ҳам-да, Россиянинг Кобулдаги элчихонасини қўриқлашни «Толибон» ўз зиммасига олган бўлса. Бунинг устига, ушбу ваколатхона президент Ашраф Ғани пул билан тўлдирилган машиналарда қочганини маълум қилган бўлса, Путиннинг Афғонистон бўйича махсус вакили Замир Кабулов Ғани ҳукуматидан кўра «Толибон» билан гаплашиш осонлигини айтди.

Россия учун энг мақбул вариантлардан бири — Москвада ўтказиб келинган музокараларда иштирок этган Афғонистоннинг барча кучлари иштирокидаги муваққат ҳукумат тузилишидир. Бу Москвага ўзи террористик ташкилот деб эълон қилган «Толибон»ни тўғридан-тўғри тан олмаслик, бир пайтнинг ўзида улар билан алоқани узмаслик, шунингдек, Кремлнинг дипломатик воситачилигининг самарадорлигини кўрсатар эди.

Россия ўзини қанчалик хотиржам тутаётганига қарамай минтақада хавфсизлик билан боғлиқ вазият ёмонлашуви Москва учун ортиқча бош оғриғи бўлади. Ҳукуматнинг мамлакат ичидаги рейтинги тобора тушаётган бир пайтда аввалги муваффақиятсизлик хотираси бўлган ҳудудда катта харажатли ҳарбий ҳозирликни таъминлашга Кремлнинг истаги ҳам, манфаати ҳам йўқ. Марказий Осиёда юзага келиши мумкин бўлган куч бўшлиғини эгаллаш учунгина бундай қилиш эса ҳар тарафлама қимматга тушиши мумкин.

«Толибон» Хитойни «қудратли ва мустаҳкам» давлат сифатида кўришини ва Афғонистонга нисбатан ижобий сиёсатидан ва гуманитар ёрдам кўрсатишидан миннатдорлигини маълум қилган. Шунингдек, Пекин улардан «Шарқий Туркистон исломий ҳаракати» билан алоқа қилмаслик бўйича баёнотларни ҳам олмоқда, гарчи Шинжонда ундан ҳам қаттиқ методлар орқали ўзи уйғурлар ва бошқа халқларни «қайта тарбиялаш лагерларига» тиқиб қўйган бўлса ҳам.

Таҳлилчилар Хитойни янги Афғонистондаги энг йирик инвесторлардан бўлишини кутмоқда. Дональд Трампнинг масхараомуз қабул қилинган «Хитой Афғонистоннинг минерал ресурсларини олади» деган гаплари ҳақиқатга айланиши эҳтимоли юқори. Пекин Афғонистоннинг инфратузилмасига ҳам пул тикиб, ўзининг охирги йилларда долзарблигини йўқотиб қўяётган йирик халқаро транспорт лойиҳаларига қўшиши ҳам мумкин.

Покистон, Туркия, Ҳиндистон, Эрон ва араб давлатлари
«Толибон»ни легитимлаштирадиган ҳукумат тузилиши Афғонистон атрофидаги минтақавий ва минтақалараро муносабатларда биринчи навбатда Покистоннинг ролини ошириб юборади. Ҳозиргача энг кўп афғонистонлик қочқинларни қабул қилган Покистон ташқи ишлар вазири Шоҳ Маҳмуд Қуреши ўтган ҳафтада Тожикистон, Ўзбекистон, Туркманистон, шунингдек Эрон президентлари билан учрашиб Афғонистон масаласини муҳокама қилиб чиққани буни яна бир бор исботлайди.

Покистон махсус хизматлари 1990 йилларда «Толибон»ни қўллаб-қувватлаш орқали кўзлаган юқори мавқеъга эришиши мақсадларига энди етиши имконияти анча баланд. Зеро, орадаги 20 йил давомида қанчалик парадоксал туюлмасин Афғонистон ҳукумати Покистон билан деярли душман сифатида гаплашди (бунга ҳаққи ҳам бор эди), ҳаттоки икки мамлакат ўртасидаги чегара — британияликлар томонидан ўрнатилган Дюранд чизиғини тан олмай келди. Энди эса Покистон ўзига осиб олган «ноҳақ жабрдийда» мақомидан чиқишига ва етакчи рол ўйнашига имкон бўлади.

Афғонистондан йирик қочқинлар оқими билан Покистондан кейин Туркия тўқнашди ва кутилмаганда бунга қарши кураш учун Эрон билан чегарасида тўсиқ қуришни бошлади. Туркияга қочаётган афғонлар, умуман мамлакатни тарк этаётган бошқа ватандошлари сингари, кўпчилиги ўқимишли, айниқса ёшлари турк, инглиз ва бошқа хориж тилларини билувчи инсонлар эканлиги эътиборга молик. «Толибон» эса Кобул аэропортини қўриқлаш Анқарага топширилганида «мусулмон мамлакати бўлишига қарамай Туркия ҳам қўшинларини олиб чиқиб кетиши керак»лигини маълум қилганига қарамай, энди Кобул аэропортини бошқаришни туркларга беришни истаётгани ҳам аён бўлмоқда. Шу жиҳатдан Туркия Афғонистонда камида аввалги мавқейини сақлаб қолишини кутиш мумкин.

Ҳиндистон учун «Толибон»нинг ҳокимиятга келиши юмшоқ айтганда зарарли бўлди. Бу «Толибон»нинг таянчи бўлган Покистон билан стратегик рақобат фонида айниқса сезиларли. Бироқ Деҳли ҳам Доҳа жараёнларида иштирок этган томонлардан ҳисобланади ва «Толибон» Ҳиндистоннинг «афғон халқи учун қилган яхшиликларини» эътироф этиши иқтисодий манфаатлар ушбу «душман» билан ҳам дўстлашишга ундашини кутиш мумкин. Эрон билан муносабатларда ҳам аввалги паст-баландларга қарамай яхши муносабат ўрнатилишига, савдони ривожлантиришга ва Чабаҳар портига чиқишда давом этишга умид қилишини маълум қилган.

«Толибон» ва Афғонистон ҳукумати, шунингдек, халқаро кучлар ўртасидаги музокараларни ташкиллаштиришда жуда муҳим рол ўйнаган ва «Толибон» сиёсий бюросига ўз ҳудудидан жой берган Қатар араб давлатлари ичида энг фаоли бўлиб келаётганди ва янги ҳукумат билан жуда яхши муносабатда бўлиши табиий. Мамлакатдан қочган собиқ президент Ашраф Ғани БААда пайдо бўлиши 1990 йилларда «Толибон» ҳукуматини тан олган бу давлатнинг ҳам Афғонистон билан мураккаб муносабатлари бўлишини кутиш мумкин. «Толибон» ва «Ал Қоида»нинг эски ҳамкорларидан бўлган Саудия Арабистонининг ролини эса баҳолаш қийин. Зеро, аввалгидан фарқли равишда «Толибон»нинг таянчи бўлган Покистоннинг таянчи ҳам Ар-Риёддан Пекин томонга ўзгарган.

Марказий Осиё учун эски-янги реаллик
2001 йилда АҚШ ва НАТО қўшинлари Афғонистонга киришни бошлаган пайтда бўлгани каби 20 йилдан кейин улар чиқиб кетаётган вақтда ҳам Марказий Осиё мамлакатларининг аҳамияти ошган. Бироқ ҳозир иккала тараф ҳам бир-биридан нима кутишни яхши билади ва иллюзияларга берилмайди — минтақа мамлакатлари ҳам, Ғарб давлатлари ҳам прагматик муносабатларга ўтган.

Марказий Осиёнинг аҳамияти ошиши Байден апрель ойи охирида АҚШ қўшинлари Афғонистондан чиқиб кетиши учун 11 сентябрни дедлайн сифатида белгилагандаёқ бошланганди. Ўшанда АҚШ Давлат департаменти ва Пентагон Афғонистоннинг бевосита яқинида ҳарбий база жойлаштириш учун энг асосий вариантлар сифатида Ўзбекистон ва Тожикистон кўрилаётгани маълум бўлганди. Бироқ бу минтақа давлатлари томонидан аниқ тасдиқланмаган, шунингдек, Россиянинг ҳам норозилигига учраган эди.

«Толибон» Кобулни эгаллаб, Ғарб давлатлари фаол эвакуацияни бошлагач Марказий Осиё давлатлари қисқа муддатга бўлса ҳам халқаро сиёсат объектидан субъектига айланмоқда. Дастлаб Тожикистон ва Ўзбекистон «Толибон»дан қочган афғонларни, кам сонда бўлса ҳам қабул қилган эди. Аввалроқ Тожикистон ҳаттоки 100 минггача қочқинларни қабул қилишга тайёргарлик кўраётганини маълум қилган.

Термиз аэропортига Ўзбекистон чегарасини кесиб ўтган Афғонистон ҳаво кучларининг 585 нафар ҳарбийлари ва уларнинг оилалари бортида бўлган 22 та самолёти ва 24 та вертолёти қўндирилгани ҳақидаги хабарлар кейинчалик Тошкент томонидан рад этилган эди. The Wall Street Journal ёзишича, «Толибон» Ўзбекистондан учувчилар ва учоқларни қайтаришни сўраётгани туфайли Тошкент АҚШдан учувчиларни тезроқ учинчи давлатга олиб чиқиб кетишни сўраган. Таҳлилчилар босим давом этса, улар Афғонистонга қайтарилиши мумкинлигидан хавотирда. Бундан олдин Ҳайратон кўпригидан ўтган юзлаб афғонлар «Толибон» уларга зарар етказмасликка ваъда бергач ортга қайтарилган эди.

Ўзбекистон президенти Тошкент Афғонистондаги вазият бўйича «Толибон» билан ишлаётганини, чунки «Толибон» ўз ваъдаларини бажараётганини айтган. «Толибон» Ўзбекистон ТИВга ўзбек тили Афғонистоннинг расмий тилларидан бири сифатида қолишини ҳам айтган. «Толибон» баёнотларида ҳам Ўзбекистон билан яхши муносабатлар қурмоқчи эканлигини ва Тошкентнинг Афғонистонни тиклашдаги роли эътироф этилишини кўриш мумкин. Туркманистон ва «Толибон» муносабатлари ҳам бир маромда давом этмоқда, «Толибон» ҳаттоки ТАПИ газ қувури қурилиши тарафдори эканлигини таъкидлаган. Қозоғистон ва Қирғизистон эса кўпроқ кутувчи позицияда.

Энг мураккаб позицияни Тожикистон танлаган — Душанбе этник тожиклар манфаатлари инобатга олинмаса «Толибон» ҳукуматини тан олмаслигини энг юқори даражада маълум қилган. Афғонистон билан 1357 километрлик чегарага эга Тожикистоннинг бутун аҳолисидан қўшни мамлакатдаги тожиклар сони кўплигига ва 1990 йиллардаги фуқаролар уруши билан боғлиқ хотираларига қаралса бундай позицияни тушуниш мумкин. «Толибон» эса Тожикистон билан ҳам яхши қўшничилик қилмоқчи эканлигини, «бир-бирининг ички ишларига аралашмаслик» лозимлигини маълум қилган. Панжшердаги қаршилик ҳаракати асосини тожиклар ташкил этиши инобатга олинса Душанбе ҳозирда ҳақиқатан ҳам мураккаб вазиятда.

Хулоса: «Янги Толибон» ва эски бошқарув
Янги «Толибон» Афғонистоннинг аксарият қисмини жангсиз эгаллаш жараёнида намоён бўлган келишувчанлик қобилияти ҳозирча уни 1990 йиллардаги вариантидан ажратиб турган энг асосий жиҳат бўлиб қолмоқда. «Толибон» хориж давлатлари билан ҳам ишлашда анча фаол ва турли ён беришлар орқали келишишга мойил ҳаракатланмоқда. Хориж ҳақида гапирганда биринчи навбатда қўшни давлатлар, шунингдек, яқинда жойлашган Ҳиндистон, Туркия ва Россия каби давлатлар эсланаётгани ҳозирги жараёнларда минтақавий кучлар биринчи ўринга чиққанини англатади.

Бироқ таҳлилчилар «Толибон» ҳам Афғонистоннинг аввалги ҳукуматлари қилган катта хатони қайтаришни бошлаганини эътироф этмоқда — халқаро ҳамжамият ишончига кириш ва иқтисодий-гуманитар ёрдам олиш учун турли миллат ва кучлар вакиллари ҳукуматга киритилмоқда. Халқаро легитимликка эътибор қаратган «Толибон» миллий ва маҳаллий легитимлик ҳақида ўйламаяпти — худди аввалги ҳукуматлар сингари. Бироқ олинажак халқаро ёрдам «Толибон»га мамлакатни бошқаришгагина ёрдам беради, иқтисодий ўсишга эмас. Чунки иқтисодий муаммолар ҳозирданоқ бошланган — банкларда нақд пул қолмагани узундан узоқ навбатларни юзага келтирган.

«Толибон» бошқарувда, айниқса, давлатнинг бюрократик машинасини юритишда керакли тажрибага ва кўникмаларга эга кадрлари мавжуд эмаслигини ўзи ҳам яхши билади. Шу сабабли ҳам давлат идораларида ишлаб келган хизматчиларга ўз ишларига қайтиб вазифаларини давом эттириш бўйича чақириқ қилинган. Ушбу омилларнинг барчасини инобатга олиб, кўпчилик экспертлар эътироф этаётган ечим — детцентрализация ҳам ички, ҳам ташқи кучларни қониқтириши ва давлатни самарали бошқаришга ёрдам бериши мумкин. Бироқ афсуски «Толибон» бундай ўйламайди.

ИШИД экстремистик гуруҳи жаҳоннинг бир қатор мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар томонидан «террорчилик ташкилоти» деб топилган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Афғонистон ичкариси ва атрофидаги янги кучлар мувозанати ҳақида