14:53 / 12.09.2021
2 868

Европанинг биринчи рақамли шаҳри эълон қилинди

Европанинг биринчи рақамли шаҳри эълон қилинди
Фото: Getty Images.
АҚШнинг «Travel and Leisure» журнали Истанбулни Европанинг биринчи рақамли шаҳри деб эълон қилди. Туризм йўналишидаги етакчи саналган журнал «World's Best Awards 2021» танлови доирасида жорий йил 11 январдан 11 майга қадар минглаб сайёҳлар иштирокида ижтимоий сўров ўтказган.

Шарқу Ғарб чорраҳасида жойлашган Истанбул 91,32 балл билан Европанинг ўнлаб шаҳарлари орасида энг яхши деб топилган. Кейинги ўринларни Флоренция (Италия) ҳамда Краков (Польша) эгаллаган.

«Travel and Leisure» журнали Истанбулга таъриф берар экан, уни уч йирик империянинг тарихий пойтахти деб атайди.

«Истанбул Рим, Византия ҳамда Усмонийлар империялари пойтахти бўлган. Айни чоқда, бу шаҳар бетакрор замонавий маданият, архитектура, тижорат марказлари ҳамда пазандалик анъаналарига эга. Тўпкопи саройи ва Аё София жомеъси энг машҳур тарихий обидалар сирасига киради. Шу билан бирга, бу шаҳар Нишанташидан Галатапортига қадар ёйилган замонавий тижорат мавзеси билан ҳам тилга тушган. Босфор соҳилидаги кўп функцияли мажмуа эса кема саёҳати ишқибозлари хизматида. Муаззам янги аэропорт шу қадар меҳмоннавозлик кўрсатадики, кўп сонли муштарийларимиз сафар унутилмас кечганини таъкидлайдилар», – дейилади таҳририят мақоласида.

2018 йил 29 октябрда Истанбулда янги аэропорт фойдаланишга топширилди. «Travel and Leisure» журнали мазкур ҳаво бандаргоҳини дунёдаги иккинчи энг яхши аэропорт деб эълон қилган.

Эслатиб ўтамиз, АҚШда чоп этилувчи «Travel and Leisure» журнали ўтган йили Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятига ҳам катта баҳо берган эди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Европанинг биринчи рақамли шаҳри эълон қилинди