Фото: Antonio Perez/Chicago Tribune/MCT/Sipa/Vida Press
Америкада эски жиноят ишларини ўрганиш билан шуғулланувчи The Case Breakers ҳаваскор детективлар гуруҳи Зодиак лақаби билан машҳур бўлган серияли қотилнинг шахсини аниқлаганини маълум қилди, деб ёзади Meduza.
У 1968—1969 йилларда Калифорнияда кетма-кет ҳужумларни амалга оширган, оқибатда беш киши қурбон бўлиб, яна икки киши жабрланган эди. Зодиак полиция ва газеталарга шифрланган мактублар юборгани ортидан танилган, уларнинг бир қисмини ҳозиргача ҳам ўқишга муваффақ бўлишмаган. Зодиак амалга оширган қотилликлар ҳам фош этилмаганича қолмоқда.
Зодиак иши бўйича шунча йиллардан буён олиб борилган суриштирув мобайнида унда бирорта ҳам айбланувчи пайдо бўлгани йўқ. Норасидаларнинг номусига тажовуз қилиш айблови билан судланган калифорниялик Артур Аллен узоқ вақтларгача асосий гумонланувчи бўлиб келган. Полиция Алленнинг уйини бир неча марта тинтув қилиб, унга қарши анча-мунча билвосита далилларни йиғди, аммо айблов эълон қилиш учун улар етарли эмасди. 1992 йилда Зодиакнинг ҳужумидан кейин омон қолганлардан бири Майкл Маго Алленни ўша жиноятчи деб таниганидан кейин икки ой ўтиб, у юрак хуружидан вафот этди.
Зодиак йўллаган хатларда тўртта шифрдан фойдаланилган. Улардан бирини 1969 йилдаёқ америкалик эр-хотин ўқишга муваффақ бўлган. Иккинчиси 2020 йилда америкалик ва бельгиялик дастурчилар Дэвид Оранчак ва Ярл Ван Эйке ҳамда австралиялик математик Сем Блейк томонидан биргаликда ечилди. Зодиакнинг яна иккита мактуби шифрдан чиқарилмаган ҳолатда турибди, улардан бирида жиноятчи ўз исмини ҳам шифрлаб ёзган, деб ҳисобланилади. Уларнинг иккаласи ҳам жуда қисқа бўлиб, уларнинг ечими минглаб турли иборалардан иборат бўлиши мумкин.
Зодиак оммавий маданият қаҳрамонларидан бирига айланди, у ҳақда қўшиқлар айтилди, китоблар ёзилди, фильмлар суратга олинди. Маняк ҳақидаги энг машҳур картиналардан бири — 2007 йилда Дэвид Финчер томонидан ишланган «Зодиак» детектив фильми.
The Case Breakers гуруҳи 2011 йилда лос-анжелеслик ҳужжатли фильмлар яратувчилари — эр-хотин Томас ва Дафна Колберт томонидан тузилган. Улар 1990 йилларда уларнинг иккаласи ҳам ўзларига алоқадор бўлган жиноятларни ўзларича ўрганаётган пайтда танишган. Колбертлар шу соҳада қолиб, ўз атрофига армия, махсус хизматлар, полиция, судлар, суд-тиббий экспертиза ва хусусий қидирувда ишлаб тажриба орттирган маслакдошларини тўплади. Ҳозир The Case Breakers гуруҳи, ўз маълумотларига кўра, 40 дан ортиқ кўнгиллидан иборат бўлиб, улар эски жиноят ишларини суриштириш билан шуғулланади.
Ҳаваскор детективлар фикрича, Зодиак бундан уч йил аввал ўлиб кетган калифорниялик бўёқчи бўлган
The Case Breakers талқинига кўра, Зодиак лақаби билан машҳур бўлган маняк Гэри Фрэнсис Пост бўлган, у калифорниялик АҚШ Ҳарбий ҳаво кучлари фахрийси бўлиб, бир умр бўёқчи бўлиб ишлаган ва 2018 йилда ажали етиб ўлган. Суриштирув иштирокчиларининг маълум қилишича, Постнинг пешонасида худди Зодиакнинг фотороботидаги каби қашқалар бўлган (улар автоҳалокат натижасида қолган). Бундан ташқари, унинг исми Зодиакнинг ҳали ўқилмаган шифрларидан бири учун калит бўлиб хизмат қилади. Ва ниҳоят The Case Breakers маълум қилишича, Постни таниган одамларнинг баъзилари у Зодиак бўлиши мумкин, деган фикрни билдирган.
Зодиакнинг фотороботи ва Гэри Постнинг фотосурати
The Case Breakers даъво қилишича, улар топган одамларнинг 20 нафари берган гувоҳликлар Постнинг Зодиак билан алоқасини у ёки бу тарзда тасдиқлай олади. Улар орасидан олти нафарига Пост ўзининг Зодиаклигини айтган. Яна бир неча киши, шу жумладан, Постнинг собиқ келинининг айтиб беришича, у ёшлардан иборат кичик тўда тузиб олган, улар Постни ота тимсолида кўрган. Шунингдек, у қуролдан фойдаланишни билган, ҳайвонларни ўлдирган, хотинига шафқатсиз муносабатда бўлган.
The Case Breakers Постнинг Гвенни исмли собиқ қўшниси билан ҳам суҳбатлашган, у болалигида эр-хотин (Пост ва хотини) билан кўп вақт ўтказган. Унинг сўзларига кўра, аёл ҳозир қариялар уйида яшайди, яқинда у билан телефон орқали гаплашганида эса полициячиларга Постнинг ўтмиши ҳақида гапириб бермаганидан афсусда эканини айтган. У нимани назарда тутганига аниқлик киритилмаган.
Постнинг собиқ келини Мишель Уинн The San Francisco Chronicle (Зодиак ушбу нашрга ҳам мактуб юборган) газетасига берган интервьюсида унинг собиқ қайнотаси худди ўша серияли қотил эканига ишонч билдирди. «Мен у билан ёнма-ён яшаганман, унинг хулқ-атворини билганман, унинг сирлилиги ва уддабуронлигидан хабарим бор… Менинг ички туйғум кучли, одамларни ўқий оламан», — деди у.
Суриштирув иштирокчилари Зодиакнинг яна бир қотилликка алоқадорлигини маълум қилди. Полиция уларнинг версиясини текширишдан бош тортди
Ҳаваскор детективлар Пост Зодиакнинг қилмиши деб ҳисобланилган яна бир жиноятга алоқадорлигини исботлаганини қатъий туриб даъво қилмоқда. Бу Калифорниянинг Риверсайд шаҳридан бўлган 18 ёшли талаба қизнинг ўлдирилиши билан боғлиқ. 1966 йилда — Зодиакнинг биринчи машҳур қотиллигидан икки йил аввал — у ўзи ўқийдиган коллеж ҳовлисидан пичоқда берилган кўплаб жароҳатлар билан топилган.
The Case Breakers талқинига кўра, Постни Бейтснинг ўлдириб кетилиши билан камида тўртта факт боғлаб туради. Биринчидан, у Ҳарбий ҳаво кучлари базасидаги госпиталда тиббий кўрикдан ўтган, у эса қиз ўлдирилган жойдан 15 дақиқа узоқликда жойлашган. Иккинчидан, жиноят жойидан бўёқ сачраган эркаклар қўл соати топилган (Пост ушбу қотилликдан уч йил аввал бўёқчи бўлиб ишга кирган).
Учинчидан, жиноят жойидан тахминий қотилнинг соатидан ташқари, эркаклар ҳарбий оёқ кийими пошнасининг изи ҳам топилган. Унинг ўлчами Постнинг оёқ кийими ўлчамига мос келади, устига-устак, шунга ўхшаш излар Зодиак содир этган учта қотиллик жойида ҳам аниқланган. Ниҳоят The Case Breakers қайд этишича, қурбоннинг мушти орасида қотилнинг бир неча тола қора сочлари қолган, Пост эса қора сочли бўлган.
The Case Breakers аъзолари ўз топилмаларини Риверсайд полицияси билан бўлишганини маълум қилди. Аммо Зодиакни Чери Бейтснинг қотили деб ҳисобламайдиган полиция Постнинг ДНКсини қотилники билан таққослаш учун таҳлил ўтказишдан бош тортди. «Бунга атиги бир неча дақиқа кетади. Полициянинг кейинги раҳбари юраги дов бериб бу ишга киришишига умид қилишдан бошқа чорамиз йўқ», — деди Колберт.
У ва гуруҳнинг бошқа иштирокчилари фикрича, Зодиак камида ўн кишини ўлдирган. Манякнинг ўзи қурбонлари сони 37 та эканини даъво қилган.
ФҚБ ва полиция Зодиакнинг шахси ҳақидаги янги версия юзасидан изоҳ беришдан бош тортди. Улар бу версияни ишончли деб ҳисобламайди
Ҳуқуқ-тартибот органлари The Case Breakers’нинг хулосаларига совуққонлик билан қаради. Полиция ва ФҚБ (Федерал қидирув бюроси) расмий баёнотида уларни изоҳлай олмаслигини, чунки Зодиак бўйича иш ҳали ёпилмаганини айтди. «Айни пайтда бизда бўлишиш мумкин бўлган янги маълумот йўқ», — дейилади ФҚБ хабарида. The San Francisco Chronicle нашрининг ҳар иккала идорадаги манбалари эса The Case Breakers тўплаган далиллар ишончли бўлиб кўринмаётганини маълум қилди.
«Кўрсатилаётган одам Чери Жо Бейтсни ўлдирган бўлиши эҳтимоли борми? Йўқ. Агар сиз улар келтирган маълумотларни ўқиб кўрсангиз, буларнинг бари билвосита далиллар эканини кўрасиз. Бу унчалик кўп нарса эмас», — деди Риверсайд полицияси расмий вакили Райн Рейлсбек.
Унинг сўзларига кўра, бир ой аввал Риверсайд полицияси Чери Жо Бейтснинг қотилини тутишга ёрдам берадиган маълумот учун 50 минг доллар ваъда қилган. Шундан кейин The Case Breakers улар билан алоқага чиққан, аммо Рейлсбек қўшимча саволлар беришни бошлаганида уларнинг мулоқоти узилиб қолган.
The Chronicle қайд этишича, полиция ва ОАВга ҳар йили қариндошлари ёки танишлари томонидан Зодиак деб гумон қилинувчи одамлар ҳақида юзлаб хабарлар келиб тушади. Гери Пост ҳам шундайлар орасида бўлган. Олти йил бурун оиласи аъзоларидан бири у ҳақда The Chronicle’га хабар берган, бироқ ўшанда полиция у ва маняк бошқа-бошқа одамлар эканини маълум қилган.
The Case Breakers’нинг хулосалари тўғрилигига Дэвид Оранчак ҳам ишонч билдирмади, у виржиниялик дастурчи бўлиб, 2020 йил декабрида Зодиакнинг шифрларидан бирини ўқишга муваффақ бўлган ҳаваскор шифрчилар гуруҳига раҳбарлик қилган. Постнинг исми қотилнинг мактубларига калит бўлиб хизмат қилишига Оранчак Шубҳа билдирди. Унинг айтишича, The Case Breakers анаграмма (ҳарфларнинг ўрин алмашинувидан бошқа сўз ясалиши)ларни талқин қилган, бу техника эса шифрдан чиқаришнинг кўплаб вариантларини олиш имконини беради.
Ижтимоий тармоқларда ҳам серияли қотилнинг шахси ҳақидаги янги версия унчалик ишончли эмас, деган фикрни билдиришди ва уни эрмак қила бошлашди. Чунончи, Постга ўхшагани учун актёр Майкл Жей Фоксни, исми ўхшаш бўлгани учун «Губка Боб» мультсериалидаги шиллиққурт Герини ҳамда шундай мем бўлгани учун сенатор Тед Крузни Зодиак деб аташди. Дэвид Финчернинг фильмида детектив ролини ўйнаган актёр Марк Руффало «Мен аввал ҳам бундай вазиятга дуч келганман», — дея янги версияга изоҳ берди. “Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Ким Чен Ин ҳарбийларни жанговар ҳолатда туришга чақирди
Туркия Исроил президенти самолётини ҳаво ҳудудига киритмади
Ижтимоий тармоқлар даврида руҳий саломатликни қандай сақлаш мумкин?
Рашида Толиб Конгресс аъзоларига «аччиқ ҳақиқат»нинг суратини кўрсатди
Шимолий Корея Россияга узоққа зарба берувчи қуроллар юборди
КХДР Россияга 100 минггача ҳарбий юбориши мумкин
Байден ва Жинпинг Перуда учрашди: «Агар бир-биримизни рақиб деб билсак, муносабатларни бузамиз»
Эрон АҚШдан 1 трлн доллар компенсация талаб қилди