Ўзбекистонда маҳаллий саноатни ривожлантириш ва аҳоли учун экологик тоза маҳсулотларни тақдим этиш мақсадида навбатдаги йирик қадам ташланди. Хитойлик инвесторлар билан ҳамкорликда Фарғона вилоятида замонавий ҳаво тозалагич қурилмаларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилади, деб хабар берди ҳокимлик матбуот хизмати.
Маълумотларга кўра, Фарғона вилояти делегациясининг Хитойнинг Шинжон-Уйғур автоном районига амалий ташрифи доирасида қатор муҳим келишувларга эришилган. Хусусан, Фурқат туманидаги 52 гектардан ортиқ майдонда «Фарғона — янги имкониятлар» махсус индустриал зонасида фармацевтика маҳсулотлари ва ҳаво тозалагич қурилмалар ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга оширилади.
Таъкидланишича, лойиҳаларни амалга оширишда хитойлик Gascia-Aksu Alliance компанияси асосий ташаббускор ҳисобланади. Компания нафақат заводларни барпо этиш, балки Хитойдан йирик тадбиркорларни жалб этиб, экспортга йўналтирилган маҳсулот ишлаб чиқаришга эътибор қаратади. Ўз навбатида, маҳаллий ҳокимият инвесторларга тўлиқ қўллаб-қувватлаш ва зарур шарт-шароитлар яратишни ваъда қилмоқда.
Экологик жиҳатдан ҳам лойиҳа катта аҳамият касб этади. Чунки мамлакатнинг йирик шаҳарларида, айниқса Тошкентда ҳаво сифати кўпинча меъёрдан ошиб кетмоқда. Айниқса қишда иссиқлик тизимлари ишлаши, ёзда эса иқлим ўзгариши ва чўлланиш жараёнлари туфайли ҳаво ифлосланиши кескин кучаяди. Мутахассислар фикрича, маҳаллий шароитда ишлаб чиқариладиган ҳаво тозалагич қурилмалар аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишга сезиларли ҳисса қўшиши мумкин.
Шу билан бирга, хитойлик ҳамкорлар Тошкент вилоятида янги саноат зонасини қуриш, мамлакатда замонавий «ақлли» логистика омборлари ва товарларнинг божхона расмийлаштирувини енгиллаштирувчи онлайн-платформа яратишда ҳам иштирок этади.
Мутаҳассислар таъкидлашича, бу каби қўшма лойиҳалар нафақат иқтисодий самара олиб келади, балки Ўзбекистоннинг халқаро инвестицион нуфузини ҳам янада оширади.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!