23:00 / 13.11.2021
2 829

Рим папасини тиз чўктирган хон ёхуд Венгриянинг Туркий кенгашга нима алоқаси бор?

Рим папасини тиз чўктирган хон ёхуд Венгриянинг Туркий кенгашга нима алоқаси бор?
Кўпчиликка Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши ишида иштирок этаётган Венгриянинг мазкур ташкилотга алоқаси йўқдек туюлиши мумкин. Россиянинг айрим оммавий ахборот воситалари “Венгрия турончилиги” ҳақида бонг уришни ҳам бошлагани Европада ўз ўрнига эга бўлган Венгриянинг қанчалик муҳимлигини англатади.

Тарихан венгерлар турклар билан боғланган. Мадяр ёки можорларнинг ота-боболари ҳозирги Бошқирдистон ҳудудида яшагани тахмин этилади. Маълумки, IX аср охирида Паннонияга келган венгерларнинг биринчи қироли Арпаднинг иттифоқчилари орасида қипчоқлар ҳам бўлган. Кейинчалик, XIII асрда Венгрия ҳудудида яна бир туркий халқ – жанубий рус чўлларининг собиқ ҳукмдорлари қипчоқ-хунлар жойлашган, Венгриянинг тарихий Куншаг вилояти уларнинг номи билан аталган.

Хунлар, хуннулар, гуннлар, хуннлар – 2-4 асрларда туркий хунларнинг Уралолди ва Волга бўйидаги ўғур (угор) қабилалари билан аралашувидан ташкил топган халқ.

Биринчи асрда хунлар Марказий Мўғулистондан шарққа сиқиб чиқарилган. 155-160 йилларда хунларнинг катта қисми Уралолди ва Волга бўйига келиб маҳаллий ўғур қабилалари билан ягона қабила иттифоқига бирлашган ва шундан эътиборан Ғарб тарихий манбаларида гуннлар деб атала бошлаган.

Хунлар 447 йилда Аттила йўлбошчилигида Шарқий Рим империясига юриш қилиб, Константинопол остоналаригача етиб борган. Византия элчиси Приск Аттила билан сулҳ битими тузиш ҳақида келишиб олган, унга кўра илгаридан Византия тўлаб келаётган товон миқдори оширилган. 451 йилда Аттила ўзига тобе бўлган барча қабилаларни тўплаб Галлияга бостириб кирган, йўлида дуч келган Мес, Страсбург, Вормс, Майнс ва бошқа шаҳарларни вайрон қилган. Хунлар Орлеанни қамал қилган, 451 йил 15 июнда Каталаун жангида улар Ғарбий Рим империяси ва унинг иттифоқчиларидан ташкил топган қўшин билан тўқнашган; 452 йилда Италияга бостириб кирган хунлар Аквилея ва Миланни талон-торож этган. Римни қамал қилишганда Рим папаси Лев (Леон) I Аттила олдида тиз чўкиб, катта товон эвазига сулҳ тузилишига эришган. Шундай қилиб Ёйиқ (Урал) дарёсидан Рейн дарёсигача чўзилган улкан ҳудуд Хунлар салтанати қўл остига кирган.

Қозоғистонда ҳозир ҳам мажар уруғи яшайди. Шунинг учун ҳам XIX асрнинг иккинчи ярмида венгер зиёлилари орасида венгер турончилиги мафкураси вужудга келди, унга кўра венгерлар олтой тиллари гуруҳига мансуб халқларнинг қариндошлари деб эълон қилинди.

Иккинчи жаҳон урушидан сўнг Венгрияда советларга хайрихоҳ ҳукумат ўрнатилгандан кейингина венгер турончилиги унутилди.

Венгриянинг туркий халқларга янада яқинлашуви бош вазир Виктор Орбан ва унинг миллий консерватив «Фидес» партиясининг иккинчи муддати билан боғлиқ. Орбан венгерларнинг туркий келиб чиқиши назариясини қайта тиклаш билан бир қаторда бу бир қатор ташқи сиёсат қадамларини ҳам қўйди. Масалан, 2012 йилда Венгрия 2004 йилда арман зобити Гурген Маргарянни ўлдирганликда айбланиб, умрбод қамоқ жазосини ўтаётган озарбайжонлик зобит Рамил Сафаровни озод қилди (Озарбайжонга экстрадиция қилинди), натижада Арманистон у билан дипломатик муносабатларни узди. Венгрия Қорабоғ можаросида Озарбайжонни очиқ қўллаб-қувватлай бошлади.

Бугунги кунда Будапештда турк тили ва маданияти, туркийшунослик фанини ривожлантириш билан шуғулланувчи Юнус Эмро институти, хун ва туркий халқларнинг «Қурултой» фестивалини ташкил этувчи Венгер Турон жамғармаси фаолият кўрсатмоқда. Унда венгерлар, турклар ҳамда собиқ Совет Иттифоқининг туркий халқлари иштирок этишмоқда. Венгрия Туркия ва Озарбайжон билан иқтисодий алоқаларни ривожлантира бошлади. 2019 йил октябрь ойида Венгрия Туркиянинг суриялик курд қуролли гуруҳларига қарши операциясини қўллаб-қувватлаган ягона Европа Иттифоқи давлати эди. Қозонда Венгрия Бош консуллиги фаолият кўрсатмоқда.

Будапештнинг Анқара ва Боку билан яқинлашиши кўп жиҳатдан бошқа партия – “Йоббик”нинг хизматлари билан боғлиқ бўлиб, у 2016 йилгача туркий дунё билан яқинлашиш тарафдори бўлган ўта ўнг сиёсий куч сифатида ном қозонган. “Йоббик” партияси раҳбари Габор Вона 2013 йилда шундай деган эди:

«Менинг партиям Туркия ва бошқа туркий давлатларни, масалан, Озарбайжонни халқаро можароларда қўллаб-қувватлаши Ғарбга ёқмайди... Ислом глобализм ва либерализм зулматида инсониятнинг сўнгги умидидир».

Ўша йилларда «Йоббик» веб-сайтида Африканинг бугунги кунда Ғарбга муқобил бўлган ҳақиқий кучга эга эмаслиги, Австралия ва Жанубий Америка жамиятларининг ҳам заифлиги айтилиб, “Анъаналарни сақлашга қаратилган ягона маданият бу Ислом оламидир", деб ёзилган эди.

«Йоббик» Хўжалидаги қирғинни геноцид деб тан олиниши муҳим иш бўлган бўлса, 2016 йил 4 октябрда “Фидес” ва “Йоббик” депутатлари Арманистон даъво қиладиган “арман геноциди”нинг тан олинишига тўсқинлик қилишди.

Венгрия Туркий тилли давлатлар кенгаши давлат раҳбарларининг жорий саммитига пухта тайёргарлик кўрди. Будапешт ва Анқара муносабатларининг моҳиятини Виктор Орбаннинг 2021 йил 11 ноябрда Анқарада қилган нутқи орқали баҳолаш мумкин. Орбан Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдоған билан ўтказилган матбуот анжуманида шундай деди:

Европа Иттифоқи Туркияга миграция масалаларида максимал даражада ёрдам бериши керак... Европа қитъа атрофида ҳимоя доирасини яхшилаш учун иттифоқчиларга муҳтож. Ҳимоя доираси яратилмаса, Европа парчаланиб, қийин вазиятга дуч келади... Турк дўстларимизга имкон қадар ёрдам беришимиз керак. Европа Иттифоқи Туркияга миграция масалаларида максимал даражада ёрдам бериши керак... Босниядаги барқарорлик ва тинчлик Туркия ва Венгрия учун муҳим... Туркия ва Венгрия ўртасидаги ўзаро савдо ҳажми 30 фоиздан кўпга ошди.. Бизнинг маълумотларга кўра, бу 4 миллиард долларга яқин".

Бироқ томонлар баёнотлар билан чекланиб қолмади. Учрашув якунлари бўйича Венгрия ва Туркия ўртасида ҳарбий, илмий, саноат, маданий, технология, туризм, спорт ва ёшлар соҳаларида ҳамкорлик бўйича 9 та шартнома имзоланди. Венгрия давлат медиа хизмати MTVA ижрочи директори Даниел Папп эса Туркия давлат медиа хизмати ТРТ ва Туркия давлат ахборот агентлиги “Анадолу” билан шартнома имзолади. Ва ниҳоят, энг муҳими, 2024 йил Туркия ва Венгриянинг қўшма Маданият йили бўлади, бу икки давлат ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 100 йиллигига тўғри келади.

Венгрия Республикаси Президенти Орбан жорий йилнинг 29-31 март кунлари расмий ташриф билан Ўзбекистонда бўлган эди.

«Бугун очиқ ва амалий руҳда бўлиб ўтган музокаралар чоғида Ўзбекистон – Венгрия муносабатларининг деярли барча йўналишларини атрофлича муҳокама қилдик. Биринчи навбатда иқтисодий ҳамкорлик масалаларига жиддий эътибор қаратдик. Сўнгги тўрт йилда товар айирбошлаш деярли уч баробарга ўсган. Бу кўрсаткични келгусида бир неча баробарга ошириш ниятидамиз», – деган эди ўшанда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев.

«Молия сектори, атом энергетикаси, фармацевтика соҳаларида ҳамкорлик қилиш имкониятини очганингиздан миннатдорман. Биз қишлоқ хўжалигига ҳам эътибор қаратмоқдамиз», – деган Орбан ўз навбатида.

Нима бўлганда ҳам, қадимий туркий халқлардан бири бўлган хунларнинг авлоди мадяр, венгерларнинг туркий халқларга яқинлашиши барча туркий давлатларга ҳам, Венгрияга ҳам сиёсий ва иқтисодий томондан яхши бўлишига шубҳа йўқ.

Ёқуб Умар тайёрлади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Рим папасини тиз чўктирган хон ёхуд Венгриянинг Туркий кенгашга нима алоқаси бор?