date

Ўзбекистонда ишда тажриба дипломдан устун бўляптими?

Ўзбекистонда ишда тажриба дипломдан устун бўляптими?

Ўзбекистон меҳнат бозорида сўнгги йилларда назарий билимдан кўра амалий кўникмаларга талаб ортиб бормоқда. hh.uz иш қидириш платформаси ўтказган сўровда 100 дан зиёд маҳаллий компания ва ташкилотлар иштирок этди.

Натижаларга кўра, иш берувчиларнинг 47 фоизи амалиётни дипломдан муҳим деб ҳисоблайди. Улар учун номзоднинг тажрибаси, амалга оширган лойиҳалари ёки соҳавий кўникмалари асосий мезонга айланган.

Шу билан бирга, иштирокчиларнинг 55 фоизи қарорни лавозим турига қараб қабул қилишини билдирган. Масалан, IT ва инженерликда тажриба устун саналса, таълим ва ҳуқуқ соҳасида ҳали ҳам диплом асосий талаб бўлиб қолмоқда.

Битирув ҳужжатисиз, аммо малака ошириш курсларини тугаллаган мутахассисларга нисбатан муносабат ҳам ўзгарган — иш берувчиларнинг 34 фоизи уларни ишга қабул қилишга тайёр, 31 фоизи эса бошланғич лавозимларга муносиб деб ҳисоблайди.

Иш берувчилар кўникмаларни асосан интервю, амалиёт таҳлили ва синов вазифалари орқали баҳолайди. Сўров натижаларига кўра, иш бозорида натижа кўрсата оладиган, амалий тажрибага эга мутахассисларга талаб тобора ошиб бормоқда.

Маълумот учун, hh.uz’нинг ҳисоботида қайд этилишича, 2025 йилнинг учинчи чорагида ўртача маош 4,36 млн сўмни ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан 20 фоизга камайган.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Ўзбекистонда ишда тажриба дипломдан устун бўляптими?