Фото: Getty Images
Эквадорнинг Литораль қамоқхонасида рўй берган навбатдаги шафқатсиз тўқнашувлар оқибатида камида 68 нафар маҳбус ҳалок бўлиб, ўнлаб кишилар жароҳатланган. Сентябрь ойи охирида ҳам маҳбуслар билан тўлиб-тошган ушбу қамоқхонада икки рақобатчи гуруҳ ўртасида қонли тўқнашувлар рўй бериши оқибатида 119 киши қурбон бўлганди.
Бу ҳодисалар мамлакатнинг янги тарихида қамоқхоналардаги зўравонликлар билан боғлиқ энг оғир ҳолатлар бўлмоқда. Янги тартибсизликлар жума куни бошланган ва ҳозирда ҳукумат яна бир бор бу тўқнашувларга наркотик савдоси билан шуғулланувчи гуруҳлар ўртасида қамоқхонадаги устунлик бўйича рақобат сабаб бўлганини айтмоқда.
Хабар қилинишича, жанубдаги Гуаякиль шаҳридаги қамоқхона ҳудудига кирган полиция бўлинмалари ўқотар қуроллар, портловчи моддалар ва кесувчи буюмларга дуч келган. Бошқа бир хабарларга кўра тартибсизликларни бутунлай тўхтатишга эришилмаган.
Шанба куни Литораль қамоқхонаси биноси атрофида маҳбусларнинг қариндошлари бўлган ўнлаб кишилар тўпланган, улар жума кунидан буён ўз яқинлари ҳақида ҳеч қандай маълумот ололмаган.
«Ичкарида рўй бераётган воқеалар қаттиқ қораланиши керак. Одамлар бир-бирини ўлдиришмоқда, энг ёмони уларда ҳеч қандай виждон йўқ. Менинг укам тирик, буни юрагимдан ҳис қилиб турибман», дея 58 ёшли Кристина Монсерратнинг сўзларини келтиради Reuters агентлиги.
«Мен ҳеч нарса билмайман. Мен у тириклиги ёки ҳалок бўлганидан бехабарман», дейди ўз фамилиясини истамаган Эстефания. Унинг турмуш ўртоғи ўғриликда айбланиб қамалган.
Қамоқхона инқирози
Эквадордаги қамоқхоналар маҳбуслар билан сиғимидан ортиқ тўлган. Маҳбуслар сақлаш шароитларидан шикоят билдириб келишади.
Сентябрь ойида мамлакат президенти Гильермо Лассо маҳбусларни сақлаш муассасаларида 60 кунлик фавқулодда ҳолат эълон қилганди, бу биринчидан, давлат томонидан қўшимча молиялаштиришни кўзда тутарди, иккинчидан, ҳарбийлар қамоқхона устидан назорат қилишига имкон берарди.
Шанба куни президент Лассо мамлакат конституцион судини ҳарбийлар қамоқхона ичига киришига рухсат беришига чақирди - ҳозиргача улар фақат ташқаридан туриб хавфсизликни таъминлаши мумкин. Суд бунга жавобан вақтинчалик фавқулодда ҳолат режимини жорий этиш билан қамоқхона инқирозини ҳал қилиб бўлмаслигини билдирган.
Ҳукума шанба куни кечга келиб вазият назоратга олинганини, ҳозирда БМТ вакиллари ва ҳуқуқ ҳимоячилари билан вазиятни изга солиш масаласи муҳокама этилаётганини маълум қилган.
Гуаяс провинцияси губернатори Пабло Аросеменанинг матбуот анжуманида хабар қилишича, сўнгги тартибсизликлар жиноятчи тўдалардан бирининг етакчиси озод этилиши туфайли қамоқхона ички ҳокимиятида юзага келган бўшлиқ туфайли келиб чиққан.
«Гап шундаки, ушбу қамоқхона бўлмасини бошқарган банда етакчиси йўқ бўлган, чунки бир неча кун олдин бу маҳбус озодликка чиқарилганди. Бошқа блоклардаги гуруҳлар бу блокни ўз назоратига олишни истаган ва у ерга бостириб кириб, қирғин уюштирган», дейди губернатор.
Унинг сўзларига кўра, қонли тартибсизлик рўй берган блокда 700 нафарга яқин маҳбус сақланган.
Маҳбуслардан бири томонидан олиниб, ижтимоий тармоқларда тарқатилган видеода блокдаги маҳбуслар зўравонликни бас қилишни сўраётгани, ортдан эса ўқ ва портлаш овозлари эшитилаётганини кўриш мумкин.
Президент Лассо твиттерда яқинларини йўқотган оилаларга ҳамдардлик билдирган ва яна бир бор «хаос юзага келишидан манфаатдор мафияга қарши кураш»нинг янги чоралари зарурлиги ҳақида гапирган. Аввалроқ Эквадор президенти BBC билан суҳбатда ҳукумат нафақат қамоқхоналарда, балки наркофурушлар ўрнашиб олган ҳудудларда ҳам назоратни тиклаши ҳақида гапирган ҳамда юзага келган вазият учун аввалги ҳукуматни «пассивлик»да айблаганди.
Эквадор қамоқхоналарида жами 40 мингга яқин маҳбус сақланади. Сентябрь ойида рўй берган қирғин (ўшанда айрим маҳбусларнинг боши кесиб олинганди)дан кейин ушбу мамлакатда трансмиллий жиноий гуруҳлар таъсири кенгайиб бораётгани билан боғлиқ муаммога эътибор қаратилганди. Ўшанда қамоқхонанинг бир қанотидаги маҳбуслар бошқа блокка киришга муваффақ бўлиб, душман гуруҳ аъзоларига ҳужум қилганди.
Ўтган йилнинг декабрида бандалардан бирининг раҳбари қамоқхонадан озод этилишидан бир неча ой ўтиб ўлдирилиши ортидан қамоқхонада тартибсизликлар юзага келганди. Расмийларнинг маълумотига кўра, унинг ўлими кичикроқ гуруҳлар қамоқхонада назоратни эгаллаш учун кураш бошлашига туртки бўлган. Бундан ташқари, бандалар ўртасидаги рақобат халқаро картеллар билан ким иттифоқ тузиши борасида кечаётган кураш билан ҳам боғланади. “Замин” янгиликларини “Youtube”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Энди операциядан сўнг кесмалар ўрни икки баробар тезроқ битиши мумкин
Дональд Трамп 27 ёшли Каролин Левиттни Оқ уй матбуот котиби этиб тайинламоқчи
Организм ўзини токсинлардан қандай тозалайди?
Ижтимоий тармоқлар даврида руҳий саломатликни қандай сақлаш мумкин?
Apple донгдор икки айфонини расман эскирган деб эълон қилди
Туркия Исроил президенти самолётини ҳаво ҳудудига киритмади
Буйрак саломатлиги учун энг фойдали сабзавот...
КХДР Россияга 100 минггача ҳарбий юбориши мумкин