11:23 / 23.12.2021
1 397

Испанияда егулик учун саккизоёқларни етиштирадиган биринчи ферма очилиши мумкин

Испанияда егулик учун саккизоёқларни етиштирадиган биринчи ферма очилиши мумкин
Фото: Getty Images
Кўплаб давлатларда — Осиёдан тортиб Ўрта Ер денгизига қадар саккизоёқлар истеъмол қилинади. Ҳар йили дунё бўйлаб 350 минг тоннага яқин саккизоёқ ушланади, бу 1950 йилга кўрсаткичлардан ўн баробарга кўп. Табиатдаги саккизоёқлар сони мунтазам камайиб бормоқда, нархлари эса кўтариляпти. Бу турли давлатлардаги кўплаб компанияларни ушбу ҳайвонларни кўпайтириш бўйича тадқиқотларни бошлашга ундамоқда. Бу ҳақда BBC News’га таяниб, Meduza хабар берди.

Штаб-квартираси Испанияда жойлашган Nueva Pescanova трансмиллий корпорацияси Канар оролларида саккизоёқлар етиштирувчи фермани қуриб, 2023 йилдан уларни сотишни йўлга қўймоқчи. Фермани Гран-Канария оролидаги Лас-Палмас шаҳрида очиш режалаштирилган. У ерда йилига 3 минг тоннагача саккизоёқ гўшти етиштирилиши мумкин. Компаниядагиларнинг маълум қилишича, тижорий ферма ёввойи табиатдан саккизоёқлар тутишни камайтиришга имкон беради.

Nueva Pescanova BBC News журналистларининг кўплаб сўровларига жавоб қайтармай, саккизоёқлар қандай шароитда етиштирилишини, улар сақланадиган аквариумлар ўлчами қандай бўлиши, нима билан боқилиши ва қайси усулда сўйилишини ошкор этмаган.

Nueva Pescanova режаларини 2019 йилда халқаро тадқиқот гуруҳи қоралаган эди, унинг иштирокчилари егулик мақсадида саккизоёқларни ёпиқ шароитда кўпайтириш — бу «этик ва экологик сабабларга кўра» ёмон ғоя. Уларнинг сўзларига кўра, саккизоёқлар мураккаб нерв тизими ва катта мияга эга, рангини ўзгартириш, алоҳида одамларни таниш ва ўйнаш орқали атроф-муҳитга мослаша олади.

Compassion in World Farming (CIWF) ташкилоти 2021 йилнинг октябрида турли мамлакатлар ҳукуматларига, жумладан, Испанияга мурожаат қилиб, саккизоёқларни тижорий мақсадларда етиштиришни тақиқлашни сўраган. Ташкилотдагиларнинг таъкидлашича, ҳозирда бу ҳайвонларни «инсоний сўйиш»нинг илмий жиҳатдан тасдиқланган усули йўқ.

CIWF тадқиқоти раҳбари доктор Елена Лара BBC News билан суҳбатда Nueva Pescanova’ни танқид қилган. «Булар ажойиб ҳайвон. Улар ёлғиз яшайди ва жуда ақлли. Шу сабабли уларни когнитив симуляция йўқ бўш аквариумларга жойлаштириш нотўғри», — дейди Елена Лара. Унинг ҳисоблашича, «Менинг устозим — саккизоёқ» (My Octopus Teacher) ҳужжатли фильмини кўрган ҳар қандай инсон буни тушунади.

Бристол университетидан бўлган биолог, доктор Якоб Витер эса журналистлар билан суҳбатда инсон ва саккизоёқнинг аждоди умумий экани ва у 560 миллион йил олдин яшаганини маълум қилган. Олимнинг сўзларига кўра, инсонлар ва саккизоёқларнинг умумий жиҳатлари жуда кўп: интеллект, турли вазифаларни уддалаш қобилияти, ўйинқароқлик, қизиқувчанлик.

Доктор Елена Лара Nueva Pescanova’нинг компания фермаси ёввойи табиатдаги саккизоёқлар тутилишини қисқартириш имконини беради, деган асосларини мантиқсиз деб атаган. «Бу балиқчилар камроқ тутишини билдирмайди», — дейди у. Ларанинг қўшимча қилишича, саккизоёқларни етиштириш ёввойи балиқлар захирасига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Саккизоёқлар — йиртқич ҳайвон ва улар омон қолиши учун ўз оғирлигидан икки—уч баробар кўпроқ овқатланиши керак. Ҳозирда тутиладиган балиқларнинг учдан бир қисми ёввойи ҳайвонларни боқишга сарфланади. Шу сабабли саккизоёқларни боқишга тутилган балиқлар йўналтирилади.

Яқинда Буюк Британияда саккизоёқлар краб ва қисқичбақалар билан бир қаторда онгли мавжудот дея тан олинди. Бу экспертлар гуруҳи 300 дан ортиқ илмий тадқиқотларни таҳлил қилиб, саккизоёқлар роҳатланиш, хавотир ва хурсандчилик, шунингдек, оғриқ ва азобни ҳис қила олади, деган хулосага келганидан сўнг амалга ошган.

«Улар фавқулодда мураккаб жонзот. Ўйлайманки, агар уларни кўпайтириш ва егулик сифатида истеъмол қилишни истасак, буни ҳурмат қилишимиз керак», — дейди доктор Винер.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Испанияда егулик учун саккизоёқларни етиштирадиган биринчи ферма очилиши мумкин