date

Янги зеландиялик эркак исми билан жаҳон рекорди ўрнатди

Янги зеландиялик эркак исми билан жаҳон рекорди ўрнатди

Янги Зеландиянинг Окленд шаҳрида истиқомат қилувчи Лоуренс Грегори Уоткинс инсоният тарихидаги энг узун исмга эга шахс сифатида Гиннес рекордлар китобига расман киритилди. Унинг исми 2253 та сўздан иборат бўлиб, бу “Энг узун шахсий исм” номинациясида мутлақ жаҳон рекорди ҳисобланади.

Маълумотларга кўра, Лоуренс Уоткинс 1990 йил 8 март куни Янги Зеландия фуқаролик реестрига исмни ўзгартириш ҳақида ариза топширган. У ўз исмига турли маданият ва тарихда из қолдирган шахслар — файласуфлар, сиёсатчилар, ёзувчилар ва олимлар номларини қўшган.

“Менинг исмим инсон цивилизациясининг қисқача тарихи каби. Ундаги ҳар бир сўз — маълум маънога эга”, — деган Уоткинс маҳаллий нашрга берган интервюсида.

Бироқ, у дастлаб давлат органлари қаршилигига дуч келган — фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш идораси бу исмни расмийлаштиришни рад этган. Кейинроқ Янги Зеландия Олий суди Уоткинс фойдасига қарор чиқариб, фуқароларнинг исмни эркин танлаш ҳуқуқини ҳимоя қилган.

Шундан сўнг унинг исми расман давлат архивларига киритилган. Ҳозирда у кундалик ҳаётда фақат “Лоуренс Грегори” деб танилса-да, тўлиқ исми ҳануз расмий ҳужжатларда сақланмоқда.

Guinness World Records расмий сайтида ёзилишича, “Энг узун шахсий исм” 2253 сўздан иборат бўлиб, унинг ягона эгаси — Лоуренс Грегори Уоткинс.

Бу воқеа дунё бўйлаб катта қизиқиш уйғотди. Хорижий ОАВлар, жумладан, People, LADBible ва Virgin Radio уни “ўз исмини кутубхонага айлантирган инсон” деб атади.

Айтишларича, агар Уоткинснинг исми тўлиқ айтилса, бу 10 дақиқадан кўпроқ вақт олади. Ўз навбатида, Лоуренснинг ўзи ҳам барча сўзларни ёддан билмаслигини тан олган ҳолда, “уларнинг ҳар бири менинг тарихимнинг бир бўлагидир”, — деб таъкидлаган.

Шу тариқа, у нафақат янги рекордчига айланди, балки инсоннинг ўзига хослик ва шахсий эркинликка бўлган интилиш рамзига ҳам айланди.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Янги зеландиялик эркак исми билан жаҳон рекорди ўрнатди