date

Жакартада ит ва мушук гўшти сотуви тақиқланади

Жакартада ит ва мушук гўшти сотуви тақиқланади

Индонезия пойтахти Жакартада ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатни чеклаш ва қутуриш касаллигининг тарқалишини олдини олиш мақсадида ит ҳамда мушук гўшти савдосини тақиқловчи янги қонун ишлаб чиқилмоқда. Бу ҳақда маҳаллий ОАВлар хабар берди.

Жакарта губернатори Прамоно Анунг бу қарорни ҳафтанинг бошида расман эълон қилди. Унинг маълум қилишича, ҳар ой шаҳарда 9 мингдан ортиқ ит гўшти учун сўйилади ва бу нафақат ахлоқий, балки санитар хавфни ҳам келтириб чиқаради. “Жакартада ит гўшти инсон истеъмоли учун мўлжалланмаган”, — деган губернатор журналистлар билан суҳбатда.

Қонун лойиҳаси бир ой ичида тайёр бўлиши кутилмоқда. Ташаббус Dog Meat Free Indonesia (DMFI) коалицияси билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда. Тақиқ қабул қилингач, ит ва мушук гўшти савдоси расман ман этилади.

Бу қарор Жакартани қутуришдан сақлаб қолиш ва ҳайвонларга нисбатан инсонпарвар муносабатни тарғиб қилиш йўлидаги муҳим қадам сифатида баҳоланмоқда. Маълумки, пойтахт ҳозирда мамлакатда Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан расман “қутуришсиз ҳудуд” сифатида эътироф этилган камсонли минтақалардан бири ҳисобланади.

Сўйишдаги шафқатсизлик муаммоси

Индонезияда ит ва мушуклар чорва ҳайвони сифатида тан олинмагани сабабли, уларнинг гўштини сотиш ёки сўйиш бўйича аниқ қонун мавжуд эмас. Бу эса айрим ҳудудларда уларнинг гўштини озиқ-овқат сифатида ишлатиш амалиётини давом эттириб келмоқда. Айрим аҳолилар буни анъана ёки арзон оқсил манбаи деб ҳисоблайди.

Бироқ ҳуқуқ ҳимоячилари бу ҳолатни қаттиқ қораламоқда. Улар итлар тор қафасларда сақланиши, қаттиқ калтакланиши ва кўп ҳолларда сўйилишдан олдин азобланиши ҳақида маълум қилмоқда. Ҳар ой минглаб итлар Ғарбий Ява ва Бали оролларидан Жакартага яширин йўллар орқали олиб келинади.

Соғлиқ учун хавфли оқибатлар

Ветеринар мутахассислар огоҳлантиришича, қутуриш вируси одамларга кўпроқ ҳайвонни сўйиш вақтида юқиши мумкин. Вирус касал ҳайвоннинг сўлаги орқали тишлаш, тирнаш орқали тарқалади.

Қутуришнинг дастлабки белгилари иситма, бош оғриғи, мушак оғриғи ва уйқусизлик билан кечади. Кейинчалик сувдан (гидрофобия) ва ёруғликдан (фотофобия) қўрқиш ҳолатлари кузатилади ва касаллик, агар вақтида даво қилинмаса, ўлимга олиб келиши мумкин.

Мутасаддиларнинг таъкидлашича, янги тақиқ нафақат ҳайвонларга нисбатан шафқатсизликка барҳам беради, балки инсон соғлиғини ҳимоя қилишда ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Жакартада ит ва мушук гўшти сотуви тақиқланади