14:22 / 05.02.2022
1 643

Австралиядан сиёсий бошпана сўраган КГБ жосуси: Бунга Сталиннинг ўлими сабаб бўлган эдими?

Австралиядан сиёсий бошпана сўраган КГБ жосуси: Бунга Сталиннинг ўлими сабаб бўлган эдими?
Владимир Петров / Фото: en.wikipedia.org
1954 йил 3 апрел куни СССРнинг Канберрадаги элчихонаси ходими, КГБ жосуси Владимир Петров Австралия ҳукуматидан сиёсий бошпана сўрайди. Петровнинг сўрови қондирилади ва у жуда кўп маълумотларни Австралия махфий хизматларига ошкор қилади. Охир-оқибат СССР Канберрадаги элчихонани ёпади ва Австралия билан барча алоқаларни узади.

Тарих саҳнасида бор йўғи 69 йил яшаган совет иттифоқидан жуда кўпчилик қочиб кетган. Эркинликнинг йўқлиги, маъмурий-буйруқбозлик асосидаги бошқарув, ҳаддан ортиқ назорат туфайли олимлар, адиблар, санъаткорлар, сиёсатчилар бошқа мамлакатлардан сиёсий бошпана сўрашган.

Уларнинг айримлари мамлакатни ошкора исён билан тарк этган бўлса, бошқалари турли ишлар баҳонасида хорижга чиқиб, сўнг СССРга қайтмаган. Баъзилар эса хорижга ишга юборилганда ўша ёқдан қайтишни хоҳламаган ва ўзи ишлаётган давлатдан сиёсий бошпана сўраган.

Ана шулардан бири СССРнинг Австралиядаги элчихонасида элчининг учинчи ёрдамчиси сифати фаолият юритган КГБ жосуси Владимир Петров эди.

Владимир Петровнинг 1954 йилда Австралия ҳукуматидан бошпана сўраши ўз даврида жуда катта шов-шувларни келтириб чиқарган ва халқаро даражада сиёсий низоларга сабаб бўлганди.

Бу шахс Канберрага элчихона ходими сифатида юборилган бўлса-да, Австралияда асосан жосуслик билан шуғулланади. Петровда кўплаб махфий маълумотлар бор эди. Шу сабабли СССР раҳбарияти уни нима қилиб бўлса ҳам Москвага қайтариш ҳаракатини қилади, аммо бунинг уддасидан чиқишолмайди.

Исмини бир неча марта ўзгартирган жосус
Владимир Петровнинг асл исм-шарифи Афанасий Шорохов бўлган. Владимир аввалига комсомол ташкилотида ишлайди, сўнг НКВДга ишга киради. 1929 йилда у исм-шарифини Владимир Пролетарский деб ўзгартиради.

1933 йилда Бирлашган давлат хавфсизлиги бошқармаси (КГБ ўша пайтларда НКВД таркибида шундай деб аталган) сафига киради ва унинг хорижий бўлимида ишлайди. 1938-1939 йилларда айғоқчи сифатида Хитойда фаолият олиб боради. 1942 йилда исм-шарифи Владимир Петровга ўзгартирилиб Швецияга жўнатилади.

1951 йилда Владимир Петров ва унинг хотинини СССРнинг Канберрадаги элчихонаси ходимлари ниқоби остида жосуслик қилиш учун Австралияга юборишади.

Владимир Петров ва унинг рафиқаси / Фото: moadoph.gov.au
Сиёсий бошпана сўраш
1954 йили, Канберрада иш бошлаганига 3 йил бўлганда Владимир Петров Австралиядан сиёсий бошпана сўрашни режалаштиради. У Австралия махфий хизматида ишлайдиган Майк (Михаил) Бялогурский билан алоқа боғлайди. Майк Бялогурскийнинг келиб чиқиши поляк бўлиб, у Петровнинг жосус эканини аввалдан биларди. Петров унга Австралиядан сиёсий бошпана сўраш режасини айтиб, ёрдам сўрайди. Майк рози бўлади.

Владимирнинг аризаси хотини ва унинг хавфсизлигини таъминлаш учун Австралия ҳукуматига яширинча топширилади. Иш жуда муҳим бўлгани учун уни мамлакат хавфсизлик хизмати ўз назоратига олади. Гарчи Петров Австралиядан сиёсий бошпана сўраши ҳақида хотинига индамаган бўлса-да, аризада хотинини ҳам тилга олган эди. Аммо бу мамлакат қонунларга кўра Евдокиянинг ўзи сиёсий бошпана сўрасагина унинг сўрови қаноатлантирилиши мумкин эди.

1954 йил 3 апрел куни Петровнинг Австралиядан сиёсий бошпана сўрагани ва у қаноатлантирилгани оммага хабар қилинади. Табиийки, расмий Москва воқеаларнинг бу тахлитда ривожланишини кутмаганди. Ахир кимсан, КГБнинг энг яхши жосуси «душман» давлатларнинг биридан сиёсий бошпана сўраса?! Евдокия Петровна ҳам эрининг Австралиядан сиёсий бошпана сўраганини ана шунда эшитади.

КГБ раҳбарияти Австралиядаги совет жосуларига қандай қилиб бўлса ҳам Петров ҳамда унинг хотинини бу мамлакатдан олиб чиқиш ва Москвага келтириш топшириғи берилади. Аммо бу иш осон эмасди.

Петров қўлдан чиқиб кетганидан сўнг КГБнинг элчихона ходими сифатида фаолият кўрсатадиган икки жосуси бошқа шаҳарда бўлган Евдокия Петровани ушлаб, Канберрага олиб келишади. Сўнг кўплаб мухбирлар кўз ўнгида уни мажбурий тарзда Москвага учадиган самолётга олиб чиқишади. Ўша заҳоти бу иш ОАВ орқали бутун дунёга тарқалади.

КГБ агентлари Евдокия Петровани Москвага учадиган самолётга олиб чиқмоқда
Фото: www.readingavidly.com

Москвага учаётган самолёт ёнилғи қуйиш учун Австралия шимолидаги Дарвин шаҳрига қўниб ўтиши керак эди. Ҳодисадан хабар топган Австралия бош вазири Роберт Мензис Дарвинда самолётдан Евдокия Петровнани тушириб қолдириш ҳақида буйруқ беради.

Дарвинда Австралия полициячилари самолётга кўтарилиб Евдокияни КГБ жосуслари қўлидан қутқариб пастга олиб тушишади. Евдокия эри билан телефонда сўзлашади ва у билан бирга Австралияда қолиш истагини билдиради.

Канберра-Дарвин йўналиши / Фото: www.shutterstock.com
Австралия махсус хизматлари учун Владимир Петров кутганларидан ҳам кўпроқ маълумотга эга шахс бўлиб чиқади. У нафақат Австралияда ишлаб турган, балки Европанинг кўпгина мамлакатларида фаолият кўрсатаётган совет жосуслари ҳақидаги барча махфий маълумотларни уларга беради.

Сиёсий бошпана сўрашнинг эҳтимолий сабаблари
1953 йил 5 март куни Сталин вафот этади. Орадан 80 кун ўтиб, 1953 йил 26 июн куни унинг «ишонган тоғи» НКВД раҳбари Лаврентий Берия ҳам қўлга олинади ва ўша йили 23 декабрда ўлим жазосига ҳукм қилинади.

Шундан сўнг Бериянинг қўл остида ишлаган аксарият ходимлар ҳибсга олинади. Қолганлари ҳам сўроқ қилинади. Шу жумладан, Берия даврида хорижга жўнатилган жосусларни ҳам бирин-кетин мамлакатга чақириб қамоққа олишади.

Лаврентий Берия ва Сталин / Фото: 24tv.ua
Петров ва унинг хотини ҳам Бериянинг ишонган одамларидан бўлишган. 1951 йилда Евдокия ва Владимирни Австралияга жўнатиш ҳақидаги буйруққа ҳам айнан Бериянинг ўзи имзо чеккан эди.

Петров ва унинг хотини Берия отилгандан сўнг унинг қўл остида ишлаган жосусларнинг аксарияти ҳеч бир айби бўлмаса ҳам жазога тортилаётганидан яхши хабардор эди. Владимир «навбати етганда» хотини билан уни ҳам СССРга чақириб олиб Бериянинг одами сифатида жазолашларини билиб турарди. Шу сабабли у Москвага қайтиб умрини қамоқда ўтказмаслик учун Австралиядан сиёсий бошпана сўрашга қарор қилади.

Петров тақдим этган қимматли маълумотлар
Петров ва унинг аёлига сиёсий бошпана берилгандан сўнг улар ўзларидаги бор маълумотларни Австралия махсус хизматларига тақдим этишади. Аммо Петров ва унинг рафиқаси бу хатти-ҳаракатни Австралия махсус хизматлари орасига кириш мақсадида амалга оширмаётганига ишонч ҳосил қилиш учун уларни бир йил давомида сўроқ қилишади.

Сўроқда ҳатто Буюк Британия разведка хизмати МИ-6 ходимлари ҳам қатнашади. Петров ўзи эга бўлган барча маълумотларни уларга тақдим этади. Жумладан, совет иттифоқи узоқ йиллар мобайнида Австралиядаги совет жосусларини Канберрадаги элчихона орқали бошқариб келгани ҳақидаги маълумотларни сиздиради. Шунингдек, бу давлатдаги барча жосусларнинг исм-шарифлари ва яшаш манзилларини беради.

Бундан ташқари, Петров СССРнинг Ғарб давлатларидаги жосуслари ҳақидаги барча махфий маълумотларни МИ-6 ходимларига топширади. Айнан у берган маълумотлар асосида МИ-6 совет иттифоқи фойдасига жосуслик қилган кўплаб шахсларни фош этади. Шу жумладан, 1951 йилда СССРга қочган Британия махсус хизмат зобити Ким Филби «Кембриж бешлиги» номи билан аталган махфий жосуслик ташкилотнинг учинчи аъзоси экани маълум бўлади.

КГБ жосуси Ким Филби / Фото: победа.тв
Петров Австралиядан бошпана олгандан бироз ўтиб, суперайғоқчи Жеймс Бонд ҳақидаги детектив асарлар муаллифи, Ян Флеминг ундан интервью олади. Аммо Британия разведка хизмати Ян Флемингга интервьюнинг махфий маълумотларга доир қисмини чоп этишга рухсат бермайди.

Жеймс Бонд ҳақидаги асарлар муаллифи Ян Флеминг / Фото: www.elmundo.es
Петров тақдим этган маълумотлар Австралияда жуда катта можароларни келтириб чиқаради. Владимир ошкор қилган жосусларнинг аксарияти Австралияда сиёсий доиралар билан яқин алоқада эди. Шунингдек, бу давлатда турли юқори лавозимларда ишлаган шахслар ҳам совет махсус хизматлари фойдасига ишлаши ошкор бўлади.

Шундан сўнг Австралияда фаолият олиб борган кўплаб совет жосуслари ва уларнинг ҳаммаслаклари фош этилади. Жумладан, австралиялик совет жосусларини бирлаштирган ва махфий номи KLOD бўлган жосуслар тармоғи ҳам.

Бу тармоқ тепасида СССР фойдасига ишлаган коммунист Уолтер Клейтон турганди. Тармоқ аъзолари орасида турли вазирликлар ходимлари, хусусан Австралия ташқи ишлар вазирлиги ходими Рик Троссел ҳам бор эди. Бундан ташқари, улар сафида австралиялик дунёга машҳур ёзувчи Катерин Причарднинг ўғли ҳам бўлган.

Петров маълумотларига кўра Австралиядаги лейбористлар ва коммунистик партия раҳнамолари ҳам СССР фойдасига жосуслик қилганликда гумон қилинади. Ўшанда лейбористлар партияси раҳбари бўлган Герберт Эватт Австралия бош вазири Роберт Мензисни «Петров иши»дан сайловолди ташвиқотларда ўз рейтингини ошириш учун фойдаланганликда айблайди.

Австралия собиқ бош вазири Роберт Мензис / Фото: inavukic.com
Петров берган маълумотлар жуда ҳам қимматли бўлгани учун Австралия контрразведка ва хавфсизлик хизмати ғарблик иттифоқчилари олдида ўз мавқеини ошириб олади.

СССР ва Австралия ўртасидаги алоқаларнинг узилиши
КГБ агенти бўлган Петров ва унинг хотини Австралиядан сиёсий бошпана сўрар экан, бу СССР учун шармандали ҳолат эди. Москвадагилар тажрибали жосус, полковник унвонига эга бўлган Петровдан бу ишни кутмаганлари аниқ эди.

СССР Петров ва унинг хотини Австралиядан сиёсий бошпана сўрагани ошкор бўлган пайтдан бошлаб бу мамлакатдан уларни топширишни сўрайди. Аммо рад жавобини олади.

Шундан сўнг Петров ўзидаги маълумотларни Австралия махсус хизматига бермасидан уни йўқ қилиш режаси тузилади. Аммо Аввстралия махсус хизмати ходимлари Петровни қаттиқ қўриқлагани учун бунинг иложи бўлмайди. Петров берган маълумотлар асосида Австралиядаги жосуслар бирин-кетин қўлга олина бошлангач, совет иттифоқи Канберрадаги ўз элчихонасини ёпади ва ходимларни Москвага чақириб олади.

Икки давлат ўртасидаги алоқалар энг ёмон кўринишга келади. Дипломатик алоқалар узилади, иқтисодий ҳамкорлик тўхтатилади, турли савдо битимлари бекор қилинади. Фақат, орадан 5 йил ўтиб, 1959 йил 16 март куни СССРнинг Австралиядаги элчихонаси қайта очилади.

Фото: www.abc.net.au
Петровнинг кейинги ҳаёти
Бир йил давом этган сўроқлар тугагач Петров ва унинг хотинини яширинча бошқа шаҳарга ўтказишади.

1956 йилда Австралия Петров ва унинг хотинига фуқаролик беради. Улар совет жосусларидан яшириниш учун шециялик муҳожирлар ниқоби остида Эллисон фамилиясини олишади. Бундан ташқари, Петров ва унинг хотини ҳар доим Австралия махсус хизматлари ходимлари қўриқлаб юришади.

Кейинчалик, 1956 йилда Австралия махсус хизматларининг зобити Майкл Твейтес билан ҳамкорликда ёзилган Владимир Петров ва Евдокия Петрованинг ҳаёти тасвирланган «Қўрқув салтанати» китоби чоп этилади. Мазкур китоб ўз даврида СССРда НКВД ва КГБ томонидан одамларга қарши қилинган ишларни ёритгани учун жуда катта шов-шув бўлади.

Владимир ва Евдокия узоқ йиллар омманинг кўзидан панада, Мельбурн яқинидаги Бентли шаҳарчасида истиқомат қилишади. СССРда Петровни Австралиядан ўғирлаб келиб, Москвада суд қилиш ёки бунинг иложи бўлмаса унга суиқасд қилиш режаси анча йил кун тартибида туради. Шу сабабли Петров ва унинг хотини узоқ йиллар давомида КГБ ходимлари ўғирлаб ёки ўлдириб кетишидан қўрқиб яшашади.

1970-йилларда Петров бир неча марта инсулт бўлади ва шундан сўнг умрининг қолган қисмини ётоқда ўтказади. У 1991 йилда 84 ёшида вафот этади. Хотини эса 2002 йилда вафот этади.

«Петров иши» ҳақида кўплаб асарлар яратилган. Бадиий ва ҳужжатли фильмлар суратга олинган.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Австралиядан сиёсий бошпана сўраган КГБ жосуси: Бунга Сталиннинг ўлими сабаб бўлган эдими?