19:33 / 06.02.2022
6 600

Украина инқирози: Россия билан можаро илдизи қаерга бориб тақалади?

Украина инқирози: Россия билан можаро илдизи қаерга бориб тақалади?
Украинада намойишлар, 2014 йил
Россия ва Украина ўртасидаги эҳтимолий урушни кўпчилик муҳокама қилмоқда. Тарихий илдизи бир бўлган бу икки давлат 2014 йилдан буён ўзаро келиша олмаяпти. Россияда баъзилар украинларни «миллатчи бандерачилар» деб аташса, айрим украинлар русларни босқинчи деб билади.

2013 йил 28 ноябрда Литва пойтахти Вильнюсда Украина ва Европа Иттифоқи ўртасида ўзаро интеграция ҳақидаги келишув имзоланиши керак эди. Украина президенти Виктор Янукович барчани ажаблантирган ҳолда ўша шартномани имзоламади. Бу эса Европа Иттифоқига визасиз киришни умид қилиб юрган украиналикларнинг сабр косасини тўлдирди.

Шу тариқа «Майдан» воқеалари бошланиб кетди, Янукович Россияга қочди. Киевдаги марказий майдонни намойишчилар тўлдирди ва улар Европа Иттифоқи билан интеграция келишуви имзолаш лозимлигини талаб қила бошлади. Украина Россияга орқа ўгирди ва бу давлат тепасига Европа Иттифоқи билан яқин муносабатлар ўрнатишни ваъда қилган одамлар келишди.

Россия эса Украина ўз таъсир доирасидан чиқиб кетаётганини ҳазм қила олмай, мамлакат шарқида яшовчи русларни қуроллантирди. Камига у ерга кўп сонли ҳарбийларини жўнатди. Оқибатда қуролли можаро юзага келди.

Ҳодисалар давомида Қрим Россияга қўшиб олинди. Украина ва Ғарб олами буни босқин деб ҳисоблади. Украина шарқидаги Донецк ва Луганск областларининг бир қисми Россия таъсир доирасига ўтиб, Донецк халқ республикаси ва Луганск халқ республикаси номлари билан ўзини мустақил деб эълон қилди. Ўшандан буён икки давлат ўртасидаги кескинлик давом этяпти ва ҳануз уруш хавфи сақланиб турибди.

Агар руслар ва украинлар ўртасидаги кескинлик тарихига назар ташланса, ўрта асрларда улар ўртасида жиддий келишмовчилик бўлмаган. Украинлар учун поляк панлари ёки Усмонийлар империяси қўл остида яшашдан кўра ўзларига яқин руслар паноҳида яшаш афзалроқ бўлган бўлиши мумкин.

Ўрта асрлардан 1991 йил СССР тарқаб кетгунгача украинлар руслар мустамлакаси бўлган, Чор Россияси ва советларга қарши чиқа олмаган. Бошқа томондан, украинларга яқин қариндошлари бўлган русларга қарши чиқишнинг кераги ҳам бўлмаган.

1939 йилдан муносабатлар ўзгара бошлаган. Ўшанда Ҳитлер Германияси билан иттифоқчилик шартномасини имзолаган СССР ҳарбийлари фашистлар билан бирга Польша, Чехословакия каби Шарқий Европада жойлашган давлатларга бостириб киради. Молотов – Риббентроп пактига кўра юқоридаги давлатлар ҳудудининг маълум бир қисми СССР таркибига ўтади.

Ғарбий Украина ва Бандера
1939–40 йилларда СССР Ғарбий Украинанинг бир қисмини Чехословакиядан, яна бир қисмини Польша, Руминия ва Венгриядан тортиб олар экан, энг аввало ўша ҳудудларда тозалаш ишларини олиб боради. 1928–32 йилларда СССРда амалга оширилган коллективлаштириш ишлари Ғарбий Украинада ҳам бошланади. Советлар энг аввал бойларнинг мол-мулкини тортиб олади. Сўнг колхозлар ташкил этилиб, ўртаҳоллардан чорваларини давлатга топшириш талаб қилинади. Асрлар давомида Европа халқлари билан социалистлар «капитализм» деб атаган нормал жамиятда яшаган ғарбдаги украинларга советларнинг бу сиёсати тўғри келмайди.

Шундан сўнг, ғарбий украинлар отрядлар ташкил этиб, совет ҳукуматига қарши партизанлик уруши бошлаб юборади. Степан Бандера уларга бошчилик қилади. Партизанларнинг мақсади Ғарбий Украинани советлар чангалидан озод қилиш эди.

Степан Бандера ёшлигида. Иллюстрация: Яндекс. Фото.
Россия пропагандачилари Бандерани фашистлар билан ҳамкорлик қилганликда айблайди ва унга эргашган украинларни фашистлар деб атайди. Аммо тарихни ҳар доим ғолиблар ўзи хоҳлагандай ёзишини унутмаслик керак. Бандера ва унинг тарафдорларини фашист билан ҳамкорликда айблаган руслар СССРнинг ўзи ҳам 1941 йил 22 июнгача фашистлар Германияси билан иттифоқдош бўлгани ва 1939–40 йилларда Шарқий Европани фашистлар билан биргаликда босиб олгани ҳақида лом-мим дейишмайди.

Шу ўринда биргина мисол: 1939 йил ҳитлерчилар Германияси ва СССР Польшани биргаликда босиб олгач, Буюк Британия ва Франция Германияга қарши уруш эълон қилади. СССР эса айнан шу вақтда полякларга тегишли бўлган ва советлар томонидан босиб олинган Брест қалъасида (ҳозирда Беларусь таркибида) фашистлар армияси билан биргаликда ҳарбий парад ўтказади.

Шу ўринда яна бир мулоҳаза. СССР таркибидан чиқиш ҳаракати энг биринчи Болтиқбўйи республикаларида бошланганди. СССР уларни ҳам 1940 йилда босиб олган. 1941–1945 йиллар барча уруш билан овора бўлди ва СССР Болтиқбўйи республикаларига том маънода 1945 йилдан ҳукмронлик қила бошлади.

Латишлар, литваликлар ва эстонлар совет давлати таркибида амалда 45 йил яшади ва бу давлатнинг ғайриинсоний қонунлари, мафкурасини умуман қабул қила олишмади. Ғарбий Украина ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин. Бу ўлка ҳам советлар қўл остида шунча йил яшади.

СССР 1939 йилдан бошлаб Ғарбий Украинани тозалаш вақтида кўпчиликни ўлдирган, сургун қилган. 1944 йил уруш СССР чегараларидан чиққанидан сўнг, советлар Ғарбий Украинада яна тозалаш ишлари олиб боришади. Энди бегуноҳ одамлар Бандера билан ҳамкорлик қилганликда айбланади. Ўшанда Ғарбий Украинада кўплаб оилалар жазоланади. Бугун Украинада Россияни ёмон кўраётганларнинг аксарияти ўша жабрдийдаларнинг авлодлари ҳисобланади.

Урушдан кейин Ғарбий Украинада совет тузуми ўрнатилган бўлса-да, у ерда яшовчи украинларнинг руслар ва СССРга қарши нафрати сўнмаган эди. Бундан ташқари, ғарбий украиналиклар озодлик йўлида ўзларига бошчилик қилган Степан Бандерани унутмаганди.

Шу сабабли СССР нима қилиб бўлса ҳам урушдан сўнг Ғарбий Германияда яшаб қолган Бандерани йўқ қилишга уринади. У совет жосуслари томонидан ўзига суиқасд уюштиришлари мумкинлиги учун фамилиясини ўзгартирган. Лекин КГБ агенти Богдан Сташинский 1959 йил 15 октябр куни Бандерани Мюнхенда ўлдириб кетади.

СССРда Степан Бандера барчага фашистлар билан ҳамкорлик қилган деб ўқитилган. Украина мустақил бўлгач, Бандера миллий қаҳрамон деб эълон қилинди, жойларга унинг номи берилди. Ана шу ишлар Украинада яшовчи аксарият русларнинг ғашига тега бошлади ва жамиятда қисман бўлиниш содир бўлди.

Ғарбий Украина тарихи
Ғарбий Украина тарихда узоқ йиллар Австрия–Венгрия империясининг бир қисми ҳисобланган Венгрия қироллиги таркибида бўлган. Карпат тоғлари ортида жойлашган бу ҳудудга украинлар, Украина Россия империяси таркибида бўлган пайтда, крепостнойлик ҳукм сурган даврларда кўчиб ўтган. Россия империяси аскарлари қалин ўрмон билан қопланган Карпат тоғларини ошиб бу ҳудудга кира олмаган. Шу сабаб улар кўп асрлар мобайнида Венгрия қироллиги таркибида яшайди. ХХ аср бошларида бу ўлкада асосан украинлар, озроқ можарлар, яҳудийлар ва поляклар истиқомат қилган.

Биринчи жаҳон урушида Германия мағлуб бўлгач, унинг тарафида туриб уришган Австрия-Венгрия империяси парчаланиб кетади. Унинг таркибида бўлган чехлар ва словаклар Чехословакия давлатига бирлашади. Венгрия, Сербия ва Руминия мустақил давлатларга айланади.

Урушдан кейин ташкил этилган Миллатлар Лигаси Ғарбий Украинанинг асосий қисмини Венгрия таркибидан чиқариб, тил жиҳатдан яқин бўлган Чехословакия таркибига киритади. Шу тариқа, СССР Шарқий Европани босиб олгунча Ғарбий Украинанинг асосий қисми «Подкарпат мухтор ўлкаси» номи билан Чехословакия таркибида, яна бир қисми эса Польша, Венгрия ва Руминия қўл остида эди.

Иккинчи жаҳон урушидан олдинги вазият
Биринчи жаҳон уруши туфайли дунёнинг энг йирик тўрт империяси: Германия, Австрия-Венгрия, Россия ва Усмонийлар давлати парчаланиб кетади. 1917 йилда Россияда давлат тўнтариши амалга оширилади ва ҳокимият тепасига болшевиклар келади. Улар Германия билан сулҳ тузиб, урушдан чиқади.

Шундан сўнг, Россия империяси таркибида бўлган турли ҳудудлар ўз мустақиллигини эълон қила бошлайди. Шу жумладан, Украина ҳам. Орадан бироз ўтиб Германиянинг иттифоқчиси бўлган Австрия-Венгрия империяси ҳам парчаланади. Унинг таркибида бўлган Ғарбий Украина билан Россия таркибидаги Украинани бирлаштириб, яхлит давлат тузиш учун ҳаракатлар бошланади.

Аммо болшевиклар бунга имкон бермайди ва тезда Шарқий Украина ҳудудида советлар ҳукумати ўрнатилади. Ғарбий Украина эса Чехословакия ва Польша таркибида қолади.

Ғарбий Украина СССР даврида
1939–40 йилларда СССР Германия билан бирга Польша, Венгрия, Руминия ва Чехословакияга бостириб кириб, Ғарбий Украинани эгаллаб олар экан, одамларнинг қаттиқ қаршилигига дуч келади. Ғарбий Украина аҳолиси СССРнинг бойларни йўқотиш ва колхоз тузиб, ҳаммани бир хил қилиш йўлидаги аёвсиз сиёсатини ҳазм қила олмай, советларга жиддий қаршилик кўрсатади.

СССР эса урушдан аввал ва асосан урушдан кейин зўрлик билан бу ерда яшайдиган аҳолининг катта қисмини қатағон қилиб, Ғарбий Украинада совет ҳукуматини ўрнатади.

Ғарбий Украина аҳолиси ўша пайтда бу ерда амалга оширилган қирғинлар ва зўравонликларга кўз юмиб кета олмади. Советлар даврида Ғарбий Украинадан чиққан украин СССРнинг қай бурчагида яшамасин, қаерда ишламасин, русларга бўлган нафратини яширмаган.

Таниқли ёзувчи Тоҳир Малик ўзининг «Пўртанали уммонда сузар ҳаёт қайиғи» асарида армияда хизмат қилган даврида Ғарбий Украинадан келган йигитлар рус йигитларига нисбатан бўлган нафратини яширмаганини ёзади.

«СССР Германияга иттифоқдош ўлароқ Ғарбий Украинанинг бир қисмини Чехословакиядан, яна бир қисмини Польшадан босиб олиш йўли билан тортиб олиб, у ерда коммунистик режим ўрната бошлаганда, ўзига қаттиқ қаршилик кўрсатган, ўз юртини советлардан ҳимоя қилган ғарбий украиналик қасоскор Бандера билан бирга унинг издошларини урушдан олдин ва урушдан кейин гўё батамом қириб битирган эди. Тўғри, Бандера ва унинг минглаб издошлари қамалган, отилган, лекин унинг ғояси тирик эди. Мен буни ҳарбий хизматдалигимда сезганман. Тарих дарсларида 1939 йилда СССРнинг Ғарбий Украина ва Ғарбий Беларусга ҳарбий юришлари шу халқларнинг илтимосига кўра амалга оширилган деб ўқитиларди. Украин халқининг озодлик йўлидаги йўлбошчиси Бандерани эса хоин деб ўқитишган.

Ҳарбий хизматдалигимда карпатлик (ғарбий украиналик) йигитлар билан дўстлашдим. Уларнинг феъли, миллий ғурури кавказлик йигитларникидай эди. Улар ҳарбий қисмда Шарқий Украинанинг турли шаҳарларидан бўлган украинларни ёки рус билан аралашган украинларни ўзларига миллатдош ҳисобламас эдилар. Улар руслар билан очиқ зиддиятга бормасалар ҳам, «истилочи» деб улардан нафратланар ва бу нафратларини кўпинча бекитмай ошкора ифодалар эдилар. Уларнинг довюраклиги ва кескинлиги туфайли руслар улардан ҳайиқиброқ юришар эди
», деб ёзган Тоҳир Малик ўз асарида.

Шунингдек, ёзувчи кейинчалик Украинага борганида Ғарбий Украинадан чиққан украинларнинг русларга нисбатан бўлган нафратларига дуч келганини ёзган.

«1971 йилда чарм тўп мусобақаси баҳонасида бекободлик ёш футболчилар билан бирга Донецк шаҳрига борган эдим. Мусобақанинг тантанали очилиш маросимидан кейин Донецкнинг «Шахтёр» жамоаси ва Москванинг «Спартак» жамоаси ўйнади. Стадион томошабинларга лиқ тўла. Бир тарафда томошабинлар «Дави хохлов!» (хохолларни янчиб ташла) деб қичқирса, иккинчи тарафда бошқа бир гуруҳ «Дави кацапов!» (кацапларни янчиб ташла) деб баралла қичқирар эди. Ҳар икки ҳайқириқда миллатчилик уфуриб турган бўлса-да, уларга ҳеч ким индамайди. У пайтларда стадионда муштлашиб кетиш ҳолатлари умуман учрамас эди. Агар бу бақириқлар ҳозир янграса, катта жанжал бошланиши аниқ.

Мен нима учун русларни «кацап», украинларни «хохол» деб аташларини билмасдим. Лекин тахмин қилиб бу сўзларда камситиш борлигини сезар эдим. Уйга қайтгач, бу сўзларнинг маъноси билан қизиқдим. Сезгим алдамаган экан. Қадимда Украинада яшовчилар «малорос» (кичик Россия) деб аталган, Россиядагилар эса «великорос» (буюк Россия) деб аталган. Украинада Донецк ва Луганск областлари ўзини мустақил деб эълон қилгач, Россия матбуотида «Малороссия» атамаси яна қўллана бошланди.

Великорослар истилочи сифатида азалдан доим малоросларга зулм ўтказиб келишган. «Кацап» атамаси ўша замонларда тарқалган. Сўзма-сўз таржима қилганда, луғавий маъноси «москвалик ҳарбий одам» дегани, аммо украин халқи бу сўзни «лайча» маъносида қўллаган. «Хохол» атамасида камситиш камроқ. Бу сўзнинг маъноси Запарожье казакларининг кокил қўйиб юришидан келиб чиққан. «Хохол» сўзи ўша кокилга ишора сифатида қўлланган. «Кацап», «хохол» сўзлари қандай маъно англатса ҳам барибир камситиш маъноларида қўлланган. Шу учун ҳам ўшанда стадионда ҳар икки тараф мухлислари бу сўзларни бир-бирларига қарши ишлатишар эди
», деб ёзади адиб.

Шу тариқа, советлар томонидан Ғарбий Украинада 1939–40 йилларда ва урушдан кейин уюштирилган қатағонлар бу ерда яшовчилар қалбида чуқур оғриқ қолдиради ва у ҳануз сақланиб қолмоқда.

СССР тарқаб кетгандан сўнг Россия – Украина муносабатлари
СССР тарқаб кетгач, Россия айрим собиқ совет республикаларида қолган ядро қуролларини қайтариб олиш учун ҳаракат бошлади. Ядро қуролларининг анча қисми Украинада эди. Украина аввалига ўз хавфсизлигини таъминлаш учун уларни Россияга қайтариб бермайди. Бунда Украина расмийлари Россиянинг талабини рад этмайди, шунчаки бу масалани кўриб чиқишни ортга сураверишади.

Украинада ўша пайтлардаёқ Россия келажакда ҳудудий можаролар келтириб чиқариши мумкинлигини англашарди. Шу сабабли уларга кафолат керак эди. Табиийки, Россиянинг кафолатига бошданоқ ишонишмагани сабаб украиналикларга халқаро кафолат керак эди.

1994 йил 5 декабр куни Венгрия пойтахти Будапешт шаҳрида АҚШ президенти Билл Клинтон, Буюк Британия бош вазири Жон Мейжор, Россия президенти Борис Елцин ва Украина президенти Леонид Кучма иштирокида халқаро меморандум имзоланади. Меморандумда Украина собиқ иттифоқдан қолган ядро қуролларини Россияга қайтариши эвазига Россия ҳеч қачон Украина ҳудудий яхлитлигига дахл қилмаслиги белгиланган.

Шундан сўнг, Украинадаги барча ядро қуроллари Россияга олиб чиқиб кетилади. 2014 йилда Россия Қримни эгаллаб олиб, Украина шарқидаги рус айирмачиларига ҳарбий ёрдам кўрсатиши ортидан аксарият экспертлар Путин 1994 йилги келишув шартларини бузганини айтиб чиқишди. Бошқалар эса ўшанда Украина ўз ҳудудидаги ядро қуролларини Россияга топшириши ўз хавфсизлигини заифлаштирганини таъкидлайди. Аммо Россия бу айбловларни рад этади.

Россия – Украина можаролари
СССР тарқалиши арафасида Украинанинг иқтисодий ҳолати, ялпи ички маҳсулот ҳажми Шарқий Европадаги қўшнилари Польша, Венгрия, Руминия каби давлатларникидан ошиқ эди. Орадан ўтган 30 йилда Украина иқтисодиёти Россияга боғланиб қолиб, фақат ортга кетди. Шунингдек, иқтисодий кўрсаткичлар пасайиши ортидан аҳоли сони ҳам сезиларли камайди.

Шарқий Европа давлатлари эса Европа Иттифоқига аъзо давлатлар билан ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш ортидан ривожланиб кетди. Ана шундай ҳолатда оддий украиналиклар Европа Иттифоқи билан визасиз алоқалар ўрнатилишини хоҳларди. Европа Иттифоқи эса қисман Россия таъсири остида бўлган Украинага бундай имкониятни бермай келаётганди.

Ниҳоят, 2013 йилга келиб Виктор Янукович президентлиги даврида Европа Иттифоқи билан ўзаро интеграция битимини имзолаш имконияти пайдо бўлди. Битимга кўра, украиналикларга Европа Иттифоқи мамлакатларига визасиз кира олиш имконияти ҳам тақдим этилиши кўзда тутилганди.

Фото: Sefa Karacan/Anadolu Agency/Getty Images
2013 йил 28 ноябр куни Виктор Янукович Вильнюс саммитида Европа Иттифоқининг Шарқий ҳамкорлик доирасида Украина билан интеграция ҳақидаги келишувини имзоламайди. Унинг бу иши ўшанда барчани ҳайрон қолдиради, ахир Янукович Вильнюсга айнан шу келишувни имзолаш учунгина борганди. Ўшанда унга келишувни имзолашни Путин тақиқлагани ҳақида гаплар ҳам тарқалди.

Шундан сўнг, Европа Иттифоқига визасиз киришни орзу қилиб турган украиналикларнинг умиди пучга чиқиб, Янукович Украинага қайтмасиданоқ Киевда намойишлар бошланиб кетади. Тарихда «Майдан» номи билан аталган мазкур намойишлар Януковичнинг қочиши, Россия томонидан Қрим эгаллаб олиниши ва Украина шарқидаги русларнинг айирмачилик ҳаракатлари бошланишига сабаб бўлди.

Ўша воқеалардан буён орадан 8 йил вақт ўтди ва Россия ҳамда Украина ўртасидаги муносабатлар ҳануз кескинлигича қоляпти. 2014 йилда пайдо бўлган Луганск халқ республикаси ва Донецк халқ республикаси аҳолисига Россия паспорти берилмоқда. Бундан ташқари, Россия ҳар икки тан олинмаган республикага молиявий ва ҳарбий ёрдам кўрсатиб, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди.

Янукович қочиб кетганидан сўнг Украинада Петр Порошенко бир муддат президентлик қилди. 2019 йил 20 майда кутилмаганда комик актёр Владимир Зеленский Украина президентига айланди. Россия билан муносабатлар айнан Зеленский даврида кескинлашди. Бугун Украина чегараси бўйлаб Россия армиясининг 100 минг аскари жойлаштирилгани айтилмоқда. НАТО ва Ғарб давлатлари Украинага ҳарбий ёрдам юборишни бошлаб юборган. Бир сўз билан айтганда, икки мамлакат ўртасида уруш хавфи тобора ошиб боряпти...

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Украина инқирози: Россия билан можаро илдизи қаерга бориб тақалади?