Фото: ТАСС
Россия пойтахти Москвада меҳнат муҳожирлари тиббий текширувдан ўтиш учун узоқ вақт навбат кутиб қолмоқда. Бу ҳақда бир қатор Қирғизсистон ОАВлари ёзмоқда. Маълум бўлишича, навбатлар Россия меҳнат қонунчилигида юзага келган ўзгаришлар сабаб кузатиляпти.
Нурайим Идирисова исмли Facebook фойдаланувчиси ўз саҳифасида меҳнат муҳожирлари Мосвада узун навбат ташкил қилган ҳолда тургани тасвирланган расм жойлади. Унинг айтишича, 6 мингга яқин одам тиббий кўрикдан ўтиш учун навбат кутмоқда.
«Фақат муҳожирлар бу қийинчиликлар нима эканини билади. Россия муҳожирларга нисбатан сиёсатини кучайтирди. 1 мартдан янги тиббий талаблар кучга кириб, ҳар уч ойда тиббий кўрикдан ўтиш мажбурий бўлади», деб ёзган Идирисова саҳифасида.
2022 йилдан бошлаб Россия мамлакатда бўлиб турган барча хорижликлар учун тиббий кўрикдан ўтишни мажбурий қилиб қўйди. Муҳожирлар ҳар уч ойда тиббий комиссия кўригидан ўтиши керак. Қирғизистон Юқори кенгаши депутатлари қирғизистонлик мигрантлар тиббий кўрикдан ўтиш учун ўртача 6 минг қирғиз сўми (70 доллар) сарфлаётганини маълум қилган. Қирғизистонлик депутатлар Россия томонидан қирғиз мигрантлари учун ўз ҳисобидан тиббий кўрикдан ўтишни бекор қилишни сўрамоқчилиги айтилганди.
Қирғизистонлик тармоқ фойдаланувчилари бу постга фаол муносабат билдирган. Улардан бири Москванинг Сахарова ҳудудида тиббий кўрикдан ўтиш осонлиги, суратга катта эҳтимол билан муҳожирлар патент учун навбатда турганини айтган. Калининграддаги муҳожир эса ўтган йил декабрда тиббий кўрикдан бир неча кун навбатда туриб ўтганини айтган.
«Эртаси куни наватнинг бошида бўлиш учун ярим тунда бориш керак, чунки эрталаб соат 06:00 да борганимда 150-навбатда эдим. Тиббий кўрикдан вилоятдаги фақат бир жойда ўтказишди», деб ёзган бир фойдаланувчи. Унинг айтишича, меҳнат муҳожирлари ишлаш учун керак бўлган барча ҳужжатларни шундай қийинчиликлар билан олишади.
Яна бир фойдаланувчи «Тез орада пул эвазига тиббий гувоҳнома бериш сервиси пайдо бўлса керак» деб ёзган.
2021 йил 29 декабр куни «Хорижий фуқароларнинг Россия ҳудудида бўлиш тартиби» тўғрисидаги қонунга ўзгартириш киритилди. Ушбу ўзгаришда муҳожирлар ҳар 90 кунда тиббий кўрикдан ўтиши белгиланган. Акс ҳолда улар Россия ҳудудида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этилади.
«Новая газета»нинг ёзишича, тиббий кўрик давомида сийдик ва қон анализи олинади. Шунингдек, муҳожирлар туберкулёз, сифилис ва ОИТСга ҳам тест топширади. Нашрга кўра, Россия бизнес оммаси бу ўзгаришга қарши чиққан ва вазирликка бу борада сўров ҳам юборган.
Хабарда топ-менежерларга нисбатан бундай ҳаракатлар бизнес оламида оқланмаслиги эслатилган. Яъни, бу тартиб фақат қурилиш ёки бошқа кам даромадли ишларда фаолият юритувчи муҳожирлага эмас, ҳар қандай хорижий фуқарога нисбатан амал қилади. Россия компанияларида эса жуда кўп хорижлик топ-менежерлар фаолият олиб боради. Масалан, «Роснефт» директорлар кенгашини Германия собиқ канцлери Герхард Шредер бошқаради.
Янги тартиб Россияга борганлар бир ой ичида нарколог, психиатр ва инфекционист текширувидан ўтишини ҳам кўзда тутади. Тиббий кўрикдан ўтганлик тўғрисида берилган ҳужжат 3 ой амал қилади. Муддат тугагач, яна текширувдан ўтиш керак. Россияда бўлиб турган баъзи муҳожирлар тиббий кўрик учун 3,5 минг рублдан кўпроқ (45 доллар атрофида) тўлаганини айтиб видео жойлаган. Уларнинг айтишича, текширувдан ўтгач, 4 кундан сўнг гувоҳнома олган.
Россиядаги ҳуқуқ фаоллари ушбу ўзгаришни дискриминацион деб атаб, янги тартиб коррупцион тузилмага йўл очиши мумкинлигини тахмин қилганди. Россия Муҳожирлар федерациясида эса ривожланган мамлакатдан келганларни ҳар уч ойда касаллик учун текшириш «тентаклик эканини» билдирган.
Россияда 2021 йил июл ойидан буён мажбурий дактилоскопия тартиби ҳам амал қилмоқда. Яъни, Россияга борган хорижлик 30 кундан ортиқ қолишни режалаштирса, мажбурий тартибда бармоқ изини қолдириши керак. Янги тартиб муҳожирни мамлакат ичида топиб олиш учун жорий қилингани айтилди.
Шунингдек, Россиядаги меҳнат муҳожирларига жорий йилдан бошлаб ID-карта ҳам берилиши мумкин. Унда мигрант ҳақида барча маълумотлар киритилган бўлади, муҳожир паспорт олиб юриши ҳам мажбурий бўлмайди. Карта смартфонга уланади ва у орқали мигрант қаерда турганини билиш мумкин бўлади. Патент ҳақидаги маълумотлар ҳам картага киритилган бўлиши айтилган.
Фото: Нурайим Идирисова Facebook саҳифаси.
Миграция қонунчилиги кучайтирилмоқда
Россия охирги йилларда муҳожирлар ўртасида жиноятчилик ошиб кетгани учун мигрантлар тўғрисида қонунчиликни кескинлаштиришга қарор қилди. Айниқса 2021 йилда бу борада жиддий ҳаракатлар бошланди. 8 феврал куни Россия Тергов қўмитаси раҳбари Александр Бастрикин миграция қонунчилигини кучайтиришни таклиф қилди. У Россия президентига мактуб йўллаб, Марказий Осиёдан келган муҳожирлар устидан шикоят қилди.
Путин миграция сиёсати кескинлашиши бўйича 17 феврал куни гапирди: «Россияга ишлагани, ўқигани ёки шунчаки яшагани келишаётганидан хурсандмиз. Россияда яшашга, ишлашга керак бўладиган ҳужжатлар тезроқ, бюрократик тўсиқларсиз тақдим этилиши лозим, аммо яна бир нарсани унутмаслик керакки, бу ерга келадиганлар бизнинг қонунларимиз, қадриятларимизни ҳурмат қилиши керак. Ноқонуний меҳнат фаолияти билан шуғулланиб, ўзининг криминал бизнесини Россия ҳудудида амалга ошираётганларга нисбатан энг кескин чораларни қўллаш керак. Экстримизга алоқаси борлар тезда мамлакатдан чиқариб юборилиб, уларга Россияга қайтиб киришга рухсат бермаслик шарт», деганди Путин.
18 феврал куни Россия ички ишлар вазирлиги МДҲ давлатларини мамлакатда мигрантлар устидан қатти назорат ўрнатилиши бўйича огоҳлантирган. Россия ички ишлар вазири биринчи ўринбосари Александр Горовой МДҲдаги ҳамкасбларини меҳнат муҳожирларини тайёрлаш даражасини оширишга ва уларнинг Россиядаги бузғунчи жараёнларга жалб этилишининг олдини олишга чақирди. “Замин” янгиликларини “Youtube”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Шавкат Мирзиёев: “Фаластинлик болалар ва аёлларни беғараз даволашга тайёрмиз”
Блинкен Исроилдан учта муаммони ҳал этишни талаб қилди
НАТО бош котиби Украинанинг фронтдаги аҳволи ёмонлашганини тан олди
Эрдўғон Туркия Исроил билан алоқаларини узганини маълум қилди
Боррел ЕИнинг Исроил билан мулоқотини тўхтатишни таклиф қилди
Рақобат қўмитаси биржада Аи-80 бензини бошланғич нархига чеклов ўрнатди
Олимпиада ғолибларини тайёрлаган тошкентлик ўқитувчи 1 миллиард сўм мукофот пули олди
Исроил ҲАМАС ва “Ҳизбуллоҳ” ракеталарини лазер қуроли билан уриб туширмоқчи. У қандай ишлайди?