11:13 / 25.04.2022
1 953

Энг катта мудофаа бюджетига эга бўлган давлатлар маълум қилинди

Энг катта мудофаа бюджетига эга бўлган давлатлар маълум қилинди
Фото: Reuters
SIPRI маълумотларига кўра, 2021 йилда жаҳон мудофаа харажатлари тарихда биринчи марта 2 триллион доллардан ошди. Ҳарбий бюджет бўйича Россия дунёда АҚШ, Хитой, Ҳиндистон ва Буюк Британиядан кейин бешинчи ўринда туради.

2021 йилда жаҳон ҳарбий харажатларининг умумий миқдори рекорд даражага етди. Стокҳолм тинчликни ўрганиш халқаро институти (SIPRI) маълумотларига кўра, тарихда биринчи марта у 2 триллион доллардан ошиб, 2 113 миллиард долларни ташкил қилди. 2021 йилда энг кўп ҳарбий харажатларга эга бўлган давлатлар АҚШ, Хитой, Ҳиндистон, Буюк Британия ва Россия бўлиб, улар биргаликда глобал харажатларнинг 62 фоизини ташкил қилади.

Қўшма Штатлар мудофаа харажатлари энг кўп бўлган мамлакатлар рейтингида етакчи бўлиб қолмоқда: 2021 йилда, SIPRI маълумотларига кўра, бу мамлакатда мудофаа харажатлари 801 миллиард долларни ташкил қилган, бу 2020 йилга нисбатан 1,4 фоизга кам.

Сўнгги ўн йил ичида АҚШ ҳарбий тадқиқотлар ва ишланмаларга кўпроқ сармоя киритди, бу 2012 ва 2021 йиллар оралиғида 24 фоизга ўсди, шу билан бирга қурол сотиб олиш учун маблағ 6,4 фоизга камайди.

«Сўнгги ўн йил ичида илмий-тадқиқот ва ишланмаларга сарфланган харажатларнинг ортиши АҚШнинг янги авлод технологияларига кўпроқ эътибор қаратаётганидан далолат беради», дейди SIPRI’нинг ҳарбий харажатлар ва қурол-яроғлар бўйича дастури аъзоси Александра Маркштайнер. - АҚШ ҳукумати Америка армиясининг стратегик рақобатчилардан технологик устунлигини сақлаб қолиш зарурлигини бир неча бор таъкидлаган».

SIPRI рейтингида иккинчи ўринни мудофаа бюджетини 27 йил давомида узлуксиз ошириб келаётган Хитой эгаллаб турибди. 2021 йилда Пекин ўз армиясини қуроллантириш ва модернизация қилиш учун тахминан 293 миллиард доллар сарфлаган, бу 2020 йилга нисбатан 4,7 фоизга ва ўн йил аввалгидан 72 фоизга кўп.

Шу билан бирга, SIPRI рейтингидаги бошқа жаҳон етакчиларидан фарқли ўлароқ, мудофаа харажатларининг Хитой ялпи ички маҳсулоти ҳажмига нисбатан улуши ўсмади, аксинча, 0,1 фоиз пунктга камайди – ЯИМнинг 1,7 фоизигача. Бу Хитой ялпи ички маҳсулоти 2020 йилда нафақат пасаймагани, балки аксинча, 8,4 фоизга ўсгани билан боғлиқ, дея таъкидлайди ҳисобот муаллифлари.

Хитойнинг 2021 йилги ҳарбий бюджети 2025 йилгача бўлган 14-Беш йиллик режанинг биринчи йилига тўғри келди. Аэрокосмик, денгиз ва янги технологиялар каби соҳаларда ҳарбий ва фуқаролик илмий-техникавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш унинг асосий йўналишларидан бири бўлади.

Рўйхатда учинчи ўринни Ҳиндистон эгаллади. 2021 йилда Деҳлининг ҳарбий харажатлари 0,9 фоизга ошиб, 76,6 миллиард долларга етди.

SIPRI рейтингида тўртинчи ўринни эгаллаган Буюк Британиянинг ҳарбий харажатлари 2021 йилда 68,4 миллиард долларни ташкил қилди. Ўтган йилга нисбатан улар 3 фоизга, 2012 йилга нисбатан эса 3,7 фоизга ошган. Ўтган йили Британиянинг ҳарбий харажати ялпи ички маҳсулотнинг 2,2 фоизини ташкил этди, бу эса мамлакатга НАТО олдидаги мажбуриятларини бажариш ва ялпи ички маҳсулотнинг камида икки фоизини мудофаага сарфлаш имконини берди.

Россия мудофаа харажатлари бўйича дунё етакчилари бешлигини якунлаб берди. 2021 йилда мамлакат мудофаа учун 65,9 миллиард доллар сарфлади, бу ўтган йилга нисбатан 2,9 фоизга кўп. SIPRI ҳисоботида қайд этилишича, 2021 йилда ҳарбий харажатларнинг ошиши Украина билан чегарада Россия қўшинларининг тўпланиши фонида юз берди.

«2021 йилда ҳарбий бюджетнинг ўсишига нефть ва газ сотишдан тушган юқори даромадлар сабаб бўлди. 2016-2019 йилларда Россия ҳарбий харажатлари энергия нархининг пастлиги ва 2014 йилда Қримнинг Россия томонидан аннексия қилинишига жавобан киритилган санкциялар натижасида камайди», - дейди SIPRI ҳарбий харажатлар ва қурол ишлаб чиқариш дастури директори Люси Беру-Судро.

2021 йилда Россия ҳукумати мамлакат умумий ҳарбий харажатларининг қарийб тўртдан уч қисмини ташкил қилувчи ва операцион харажатлар ҳамда қурол сотиб олишни молиялаштиришни ўз ичига олувчи бюджетнинг «миллий мудофаа» бандини қайта кўриб чиқди, Якуний кўрсаткич 48,4 миллиард долларни ташкил этди, бу 2020 йил охиридаги бюджетдан 14 фоизга кўп.

2014 йилда Россия Қримни аннексия қилганидан кейин Украинанинг ҳарбий харажатлари кескин ошди. 2014-2021 йилларда Украина ҳарбий бюджети 72 фоизга, 2012 йилдан бери эса 142 фоизга ўсган. Ушбу ўсиш тенденцияси 2021 йилда тўхтади, ўшанда Украинанинг ҳарбий харажатлари 8,5 фоизга қисқариб, 5,9 миллиард долларни ташкил этди (ялпи ички маҳсулотнинг 3,2 фоизи).

Умумий ҳарбий бюджети 56 миллиард доллар бўлган Германия SIPRI рейтингида 7-ўринда турибди: бу миқдор мамлакат ялпи ички маҳсулотининг 1,3 фоизини ташкил қилади. 2020 йилга нисбатан ҳарбий харажатлар 1,4 фоизга камайди. Россиянинг Украинага бостириб кириши ортидан Германия ҳукумати яқин йилларда ҳарбий харажатларни ошириш ниятида эканлигини маълум қилди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Энг катта мудофаа бюджетига эга бўлган давлатлар маълум қилинди