Кансерогенлар, бўёқлар, лаззат кучайтиргичлар — булар сизнинг севимли таомингиз таркибида учрайдиган хавфли ингредиентларнинг кичик бир қисмидир. Marie Claire нашри нафақат қоматга, балки саломатликка таҳдид солувчи маҳсулотлар рўйхатини тақдим этади.
Чипс ва картошка фри
Қизиб турган ёғда қовурилган картошка, шубҳасиз, жуда мазали, аммо саломатлик учун фойдали эмас. Аввало, углеводлар билан бирга ёғларнинг юқори дозаси қоматга салбий таъсир қилади, аммо бундан ташқари, бундай фастфудни меъёрдан ортиқ истеъмол қилиш қайтариб бўлмайдиган семиришга олиб келиши мумкин. Гап шундаки, чипс ва картошка фри тайёрлашнинг асосий таркибий қисмларидан бири бўлган ҳаддан ташқари қизиб кетган ёғда ўта зарарли кансерогенлар тўпланади.
Агар чипслар ҳақида алоҳида гапирадиган бўлсак, у замонавий усулда анча тез ва осон тайёрлангани билан жуда зарарли. Илгари картошка парракларидан қарсилдоқ деликатес тайёрланган бўлса, бугун бундай картошкаларни топиш имконсиз. Янги авлод чипслари таркиби: крахмал, ун ва турли хил озиқ-овқат қўшимчалари, таъм кучайтиргичлардир.
Колбаса
Биринчидан, фақат гўштдан тайёрланган колбаса савдо расталаридан буткул ғойиб бўлди, унинг ўрнини сохта маҳсулотлар эгаллади. Аммо бу турли хилдаги колбасаларнинг барча камчиликлари шугина эмас. Асосий муаммо колбаса таркибидаги кўп миқдордаги ёғдир. Шунингдек, консервантлар, стабилизаторлар, қуюқлаштирувчи моддалар, эмулсификаторлар, антиоксидантлар, озиқ-овқат бўёқлари, хушбўй моддалар — бу ишлаб чиқарувчининг хилма-хиллиги ва маркасидан қатъи назар, ҳар қандай колбасаларнинг тахминий таркибидир.
Тез тайёрланадиган лапша
Талабаларнинг севимли таоми. Ишлаб чиқарувчилар лапша ўрамига нима деб ёзмасин, ичида ҳақиқий маҳсулотлар бўлмайди. Лекин сиз консервантлар, қуюқлаштирувчи моддалар, стабилизаторлар, озиқ-овқат бўёқлари ва лаззат кучайтиргичларнинг ҳақиқий коктейлини топасиз.
Майонез ва кетчуп
Бу икки соус машҳур бўлиб, деярли ҳар бир таомга кетчуп ва майонез қўшилади ва шу орқали организмга тузатиб бўлмайдиган зарар етказамиз. Ҳар бир супермаркетда турли хиллари сотиладиган кетчуп нафақат зарарли стабилизаторлар, эмулсификаторлар ва консервантлар манбаи, балки кўп миқдорда бўёқ ва шакарни ўз ичига олади, яъни у амалда шакардан иборат.
Майонезга келсак, унда трансёғлари деб аталадиган ёғлар кўп. Бундай сунъий равишда яратилган ёғлар диабетнинг жадал ривожланишига ёрдам беради ва иммунитет тизимининг фаолиятини ёмонлаштиради — улар организмни касалликлардан ҳимоя қилувчи фойдали ферментларни йўқ қилади.
Шоколад батончиклари
Ушбу маҳсулот глисемик индекснинг энг юқорисида туради, яъни уларнинг таркибидаги шакар бир зумда сўрилади. Шу билан бирга уларда ҳеч қандай фойдали моддалар — масалан, асал ва қуритилган мевалардан фарқли ўлароқ — йўқ. Сифатли маҳсулотлар ҳам бор, улар ҳам завқ, ҳам фойдали ҳисобланади. Аммо кўпчилик шоколад батончиклари сунъий равишда ишлаб чиқарилади ва организм учун фойдали бўлган шакар миқдори ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Аниқ мисол учун, келинг, тушунтириб берайлик: бир киши учун шакарнинг кунлик нормаси максимал 50 грамм, бир дона шоколад батончикида бу миқдор бир неча ҳисса кўп бўлиши мумкин.
Попкорн
Маккажўхори ўзининг асл шаклида истеъмол қилинса, организмга ҳеч қандай хавф туғдирмайди, аксинча, унинг таркибида клетчатка ва кўплаб А, C, E витаминлари, тиамин, ниацин, фолий кислотаси, темир, калий, магний, фосфор, синк каби фойдали моддалар мавжуд. Лекин попкорннинг соф маккажўхори билан боғлиқ жойи йўқ, чунки фойдали моддалар шунчаки туз, карамелизаторлар, сариёғ ва лаззат кучайтиргичлар билан ўрин алмашади. Айтганча, попкорннинг бир порсиясидаги туз дозаси айрим чипслар ёки картошка фридаги туздан кўп. Ортиқча туз истеъмол қилиш ҳали ҳеч кимга фойда келтирмаган, чунки организмда бундай тажрибалар қон босимининг ошишига олиб келади ва буйраклар фаолиятининг бузилишига олиб келади.
Кам ёғли маҳсулотлар
Ёғсиз тортлар, пишириқлар, йогуртлар ва бошқа маҳсулотлар вазн йўқотиш учун ҳақиқий нажот бўлиб туюлади. Бироқ, бундай маҳсулотлардан эҳтиёт бўлиш керак. Гап шундаки, маҳсулотдаги ёғ миқдорининг пасайиши углеводлар — крахмаллар, шакар ва ширинлагичлар улушининг кўпайиши билан қопланади. Маълум бўлишича, кам ёғли ва парҳезли овқатларни истеъмол қилиш оддий ширинликдан кўра кўпроқ семиришга ёрдам беради. Бундан ташқари, бундай маҳсулотларда ёғнинг сунъий равишда камайтирилиши, айниқса, озиқ-овқат маҳсулотларини чеклаш даврида бизга жуда зарур бўлган барча витаминлар ва озуқа моддаларини йўқ қилади.
“Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг